Қозоғистон: Таниқли театр арбоби Жанаўзен ҳодисаларига алоқадор кўрилиб, ҳисбга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Театр режиссёри Болат Атабоев Гёте халқаро мукофотига сазовор кўрилганди.

Қозоғистонда таниқли театр режиссёри ва фуқаровий жамият фаоли ўтган йили Жанаўзен шаҳрида юз берган ғалаёнларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Қозоқ ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Бўлат Атабаев Жанаўзен шаҳрига сафари чоғида аҳолини тартибсизликларга чорлашда айбланган.

Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида 2011 йил декабр ойида иш ташлаган нефтчилар ва полициячилар ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда 16 инсон ҳалок бўлганди.

Шу ой бошида 13 нефтчи тартибсизликларда иштирок этишда айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилди.

Яна қатор мухолифат фаолларига нисбатан жиноий иш очилган.

Қозоғистон ва хорижда маълум ва машҳур бўлган Бўлат Атабаев ўтган йили театр соҳасига қўшган ҳиссаси учун Гёте халқаро мукофотига сазовор бўлганди.

Бўлат Атамбоев ушуб мукофотни август ойида Олмониянинг Ваймар шаҳридаги маросимда қабул қилиб олиши режаланганди.

Жаноб Атабоевни "демократик тизим учун жасур курашчи" дея таърифлаган Гёте Институти унинг ҳибсга олиниши юзасидан хавотир билдириб, мукофотлаш маросимига кела олишига умид билдирди.