АҚШ Афғонистондан чиқа туриб қурол-яроғларни Марказий Осиёга ташлаб кетадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи US ARMY
Image caption Таҳлилчиларга кўра, АҚШ Марказий Осиёда жаноговор қуролларни ташлаб кетмайди.

Россия матбуотида пайдо бўлган ҳабарларга кўра, АҚШ кучлари Афғонистондаги айрим қурол-яроғларни Марказий Осиё мамлакатларига бериши мумкин.

"Коммерсант" рўзномасида чоп этилган мақолада айтилишича, баъзи қуролларни Афғонистонда олиб қолиш хавфли, ортга қайтариб олиб кетиш эса ўта қимматга тушади ва шу боис Вашингтон уларни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга бермоқчи.

Бошқа томондан, қуролларни минтақада сақлаш билан, келажакда Афғонистон учун яна керак бўлиб қолса, ишлатиш мумкин.

Лекин ўзаро алоқалари ёмонлашаётган, айрим давлатларида қонунсиз ва баъзиларида диктатура амал қиладиган Марказий Осиё давлатларига бу қуролларни топшириш қанчалик тўғри қарор?

Би-би-си ҳарбий таҳлилчиси Жонатан Маркуснинг айтишича, гап қуроллар ҳаиқда эмас, кўпроқ ҳарбий машиналар, кўчма ҳаммом ва касалхона жиҳозолари ҳақида кетмоқда.

Таҳлилчига кўра, Америка Афғонистондан чиқиб кетар экан, айни вақтда минтақадаги давлатлар билан муносабатларни ушлаб туришни истайди.

Аммо бу минтақада АҚШнинг стратегик манфаатлари ҳам бор. Ҳудди ана шу воқелик Россия ва Хитойнинг жиғига тегади.

Айниқса, Россия Марказий Осиёда Американинг иштирокини, бу ерда ҳарбий кучлари бўлишини ва шаксиз, энди Марказий Осиёнинг муҳим мамлакатларига қурол-яроғ ҳам беришини ҳазм қила олмайди, дейжи Жонатан Маркус.

АҚШ эса бу ўринда Россиянинг қўли баландлигини яхши тушунади. Чунки Сурия ва Эрон масаласида ҳам Россиянинг мавқеи муҳим.

Марказий Оисё давлатлари орқали ўтувчи шимолий таъминоти йўли ишлаши ҳам Россияга боғлиқ. Чунки бу йўлнинг бир учи Россияга бориб тақалади ва Россия ҳудудларидан ўтади. Демак, Ғарб Марказий Осиё билан алоқаларни тутиб туришни истайди. Лекин бу ерда Россиянинг жаҳлини қўзитиб, алоқалари тескари натижа беришини ҳам истамайди.

Москва шу асно Америка ҳарбий жиҳозларининг Марказий Осиёда қолиши эҳтимолидан ўз норозилигини билдирмоқда.

Лекин айни пайтда Америкаликлар нима қилишмоқчи деган саволга жавоб аниқ эмас.

Катта миқдорда қурол-аслаҳани Марказий Осиёга ташлаб кетиш бу минтақани беқарорлик комига ташлашини Америка яхши тушунади. Шу боис жиҳозларнинг аксар қисми жанговор қурол эмас, балки ноҳарбий ускуна ва жиҳозлар бўлади.