Қозоғистонда полиция ходимларига ҳужум қилган жиноятчилар қидирилмоқда

Номаълум қуролли шахслар Қозоғистоннинг Актўбе шаҳрида бир такси ҳайдовчисини пичоқлаб, йўл ҳаракати назорати ходимини отиб ўлдиришган.

Ҳодиса кеча тунда вилоятнинг Кирпичний посёлкасида юз берган.

Зобит Темирбек Жаксиликбаевнинг ўлдирилиши юзасидан "Қотиллик" банди бўйича жиноий иш очилган.

Маҳаллий вақт билан тонгги соат бешларда полиция ходимлари такси ҳайдовчисига ҳужум қилинганига оид хабар олишган.

Икки нафар йўл ҳаракати назорати ходими воқеа сатҳига етиб боришган.

Улар Opel Astra русумидаги автомобил ҳайдовчисининг пичоқланиб ётганига гувоҳ бўлишган.

Полиция ходимларидан бири унга тез тиббий ёрдам кўрсатишга киришган.

Иккинчиси эса, ҳужумчиларнинг ортидан тушган.

Хабарларга кўра, худди шу пайтда жиноятчилардан бири унга қарата ўт очган.

Боши ва кўкрак қафасидан ўқ еган полиция ходими ўша ернинг ўзида ўлган.

Жиноятчиларни излаб топиш учун тезкор гуруҳ ташкил этилган.

Дастлабки хабарларда уларнинг ноанъанавий диний оқимлар аъзолари эканликлари тахмин этилмоқда.

Ҳозир барча полиция бўлинмалари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилган.

Посёлкага элтувчи кўприк полиция ходимлари томонидан ўраб олинган.

Кўприкдан фақат жамоат нақлиётининг ўтишига рухсат берилаётгани айтилади.

Актўбе

Қозоғистонда ўтган йили авж олган ва изоҳланмай қолган қатор зўравонликлар айнан ғарбий Актўбе шаҳридаги ҳудкушлик ҳужуми билан бошланганди.

Ўша йил июл ойида Актўбега яқин Шубарши шаҳрида ҳам хавфсизлик кучлари билан экстремистик дейилган гуруҳ орасидаги отишмада 13 киши ўлдирилганди.

Бу ҳудудда диннинг роли Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига қараганда муҳимроқ экани, одамларининг анчайин тақводор эканликлари айтилади.

Кузатувчиларга кўра ҳам, сўнгги йилларда ғарбий Қозоғистонда одамлар орасида Исломга қизиқиш кучайган.

Қозоғистон нисбатан фаровон бўлганига қарамай, мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий муаммолар оз эмас.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, бу каби вазият, айниқса, Ғарбий Қозоғистонда норозиликларни юзага келтирган.

Улар бу ерда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут жуда катта экани, яшаш шароитларининг жуда оғирлигини таъкидлашади.

Қозоғистонлик таҳлилчиларнинг ўзлари ҳам қаттиққўллик билан бошқарилувчи Қозоғистонда норозилик изҳор қилишнинг сиёсий йўллари ўта камлиги, шунинг учун ҳам уларнинг исломий радикал гуруҳларга юзланаётганликларини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ