Қирғизистонда 'Қумтор' олтин конини миллийлаштириш ҳаракатлари бормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи b

Қирғизистонда коррупцияга қарши ҳаракат "Қумтор" олтин конини миллийлаштиришни дастаклаб намойиш ўтказмоқда.

Бишкекдаги парламент биноси яқинида тўпланган намойишчилар "Қумтор"ни давлат назоратига ўтказишни талаб қилишмоқда.

Айни пайтда Хитойнинг ғарбий чегарасига яқин Тяншан тоғида жойлашган "Қумтор" олтин конидаги қазиш ишлари атроф-муҳитга зарар етказаётгани, ноёб ўсимликлар қирилиб кетишига етаклаётгани ҳамда мамлакатдаги асосий дарёларни ифлослантириш, музликларга зиён етказишга хизмат қилаётгани борасида ҳисобот эълон қилинган.

Бунинг ортидан эса, "Қумтор"ни бошқараётган Канада "Centerra Gold" ширкати ҳиссалари қиймати учдан бирига тушиб кетган.

Ўз ўрнида "Centerra Gold" Қирғизистон парламент қўмитаси эълон қилган ҳисоботни рад этган.

Ширкат кон бошқарувини 1997 йил қўлга киритган ва ўшандан бери у ерда олиб борилаётган амалиётлар атроф-муҳитни ҳимоя қилувчи турли халқаро мутахассислар томонидан маъқулланганини таъкидлайди.

Ширкатга кўра, улар ҳар доим Қирғизистон қонунлари ва халқаро андазаларга мос фаолият олиб боришган ҳамда иш жойида ҳамиша ишчилар хавфсизлиги ва саломатлиги ҳимояси таъминлаб келинган.

'...аммо конни миллийлаштириш кони зарар'

Айни пайтда Қирғизистон парламенти "Қумтор" конини миллийлаштириш бўйича овоз бериши кутилади.

Ғоя ташаббусчилари Канада ширкати билан келишувларнинг барчасини бекор қилиш ва давлат назоратидаги янги ширкат барпо этишга чақиришмоқда.

"Қумтор"ни давлат назоратига ўтказиш тарафдорлари кондаги фаолиятни экологик ҳалокат деб таърифлашган.

Аммо, ҳамма ҳам бу фикрларга қўшилмайди. Қатор иқтисодчилар ва мутахассислар "Қумтор" олтин конининг давлат назоратига ўтказилиши Қирғизистон иқтисоди учун катта зарар экани ва хорижий сармоядорларни қўрқитиб юбориши мумкинлигидан огоҳлантиришади.

Йилига 15-20 тонна олтин ишлаб чиқариладиган "Қумтор" олтин конини миллийлаштиришга оид лойиҳа бўйича мубоҳасалар ўтган ҳафта охирида бошланган.

Душанба куни масала парламент қўмитасида муҳокама қилинган. Бугун депутатлар олтин конининг келажаги бўйича қонун-қоидалар ишлаб чиқишлари кутилаётгани ҳам хабар қилинади.

"Қумтор" олтин кони Марказий Осиёнинг камбағал мамлакатларидан бири Қирғизистон иқтисодида муҳим рол ўйнайди.

Кон Қирғизистондаги саноат ишлаб чиқаришининг 60 фоизини ташкил қилади ҳамда унинг миллий иқтисодга қўшаётган йиллик ҳиссаси 12 фоиз экани айтилади.