"Ислом Каримов ҳамкорларни ўзининг шахсий манфатларидан келиб чиқиб алмаштиради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан илгари ҳам чиқиб кетган

Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасин Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев билан телефон орқали суҳбатлашган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги веб саҳифасидаги хабарда айтилишича, шанба куни кечган мулоқот чоғида "икки томонлама ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама этилган".

Жума куни Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Ташкилотидаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисида ташкилотга расмий нота йўллаганини тасдиқлаган эди.

Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги хавфсизлик ташкилотидан чиқиши Россия матбуотининг бош мавзуларидан бирига айланган.

Россиянинг Авросиё ҳудудида интеграцияни чуқурлаштириш саъй - ҳаракатларига сезиларли зарба берилди, деб ёзади Коммерсант рўзномаси.

Нашрнинг дипломатик манбаъларига кўра, Ўзбекистоннинг икки томонлама ҳамкорликни афзал кўриши ҳақида келтирган важи ишонарли эмас.

Коммерсант суҳбатлашган экспертлар Коллектив Хавфсизлик Ташкилотидан чиқиш қарори ортида Тошкентнинг Вашингтон билан ўз ҳудудида АҚШ базасини очишга доир келишуви турганига ишонишади.

Рўзнома ўзбек томони ўз қарорини тасдиқлагани, аммо уни изоҳламаганига эътибор қаратади.

Айни пайтда Коммерсантнинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидаги манбаъси ушбу қадамни мана бундай тушунтирган.

" Бизни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг афғон йуналишидаги фаолияти қониқтирмайди. Ўзбекистон Афғонистон билан икки томонлама ҳамкорликни афзал билади. Бундан ташқари, Тошкентга ОДКБга аъзо давлатлар орасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш режалари маъқул эмас. Яна бир қатор сабаблар бор. Уларнинг ҳаммаси расмий нотада келтирилган", деб айтган Коммерсантнинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидаги манбаъси.

Муносабатларнинг совуқлашиши

Рўзномага кўра, Тошкентнинг ОДКБдан чиқиш қарорини бутунлай кутилмаган, деб бўлмайди.

1999 йилда ташкилотдан бир марта чиқиб бўлган Ўзбекистоннинг АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлигининг энг юқори нуқтаси Қаршидаги Хонобод базасининг очилиши эди, деб ёзади Комерсант.

Аммо кўп ўтмай Андижонда ҳукумат кучлари томонидан бостирилган ғалаёнлар, унинг ортидан эса ғарб билан алоқаларнинг совуқлашуви юз берди.

2006 йилда Тошкент ОДКБга қайтди, Америка ҳарбийлари эса Хонобод базасини тарк этдилар.

Аммо, деб ёзади Коммерсант, гарчи Ўзбекистон 2006 йилда ташкилотга аъзолигини қайта тиклаган эса-да, охирги йилларда ОДКБ доирасидаги тадбирларда қатнашишдан бош тортиб келди.

Ўтган йили кузида эса Тошкент ОДКБ аъзоларининг бир овоздан гапириши кераклигини назарда тутувчи катор ҳужжатларни имзоламади.

ОДКБнинг ўша пайтдаги раиси бўлган Беларус президенти ҳатто Узбекистонни ташкилотдан чикаришни талаб килди.

Аммо Коммерсантга кўра, шу йил июнида Путин Тошкентга бориб Президент Каримов билан қатор ҳужжатларни имзолаган пайт кўпчилик икки раҳбар орадаги фарқларни бартараф этишди, деб ўйлаган эди.

Аммо Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг нотаси ундай эмаслигини кўрсатди, деб ёзади Коммерсант.

Рўзноманинг маълумотича, ҳозирда Москвада Тошкент қўйган қадамнинг оқибатлари қандай бўлиниши ўрганилаяпти ва бошқа аъзо давлатлар билан биргаликда ўзбек томонининг қарорига муносабат ишлаб чиқилади.

Известия рўзномасининг ёзишича, Колектив Хавфсизлик Ташкилотининг ўзи Тошкентнинг ташкилотдаги фаолиятини тўхтатганини расман эълон қилишга шошилмаётир.

ОДКБ матбуот котиби Владимир Зайнетдиновнинг Известияга айтишича, Тошкент бу борада бир томонлама қарор қабул қила олмайди ва шунинг учун хам ҳали ташкилот бу борада ҳеч қандай қарор олгани йўк.

"Ташкилотнинг низомига кўра, аъзоликдан чиқиш хақида олти ой аввал билдирилиши лозим.

Аъзоликни тўхтатиш фақат ОДКБ Кенгаши томонидан аъзо давлат низом холатини бажармагани тақдирдагина мумкин бўлади", деб айтган Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти мулозими.

Мураккаб алоқалар

Москвадаги МДҲ институти директори Константин Затулиннинг МК. ру нашрига айтишича, Президент Каримов ҳамма вақт ўзгарувчан ташқи сиёсат юритиб келган.

"У стратегик ҳамкорларни ўзининг шахсий манфатларидан келиб чиқиб алмаштиради", деб айтган жаноб Затулин.

РБК Дэйли рузномаси Россия Федерация кенгашининнг ташқи алоқалар қўмитаси раиси Михаил Маргеловнинг фикрларини келтиради.

Ўзларини Ўзбекистоннинг дўстлари, деб атаган жаноб Маргеловга кўра, Ўзбекистон ўз қўшнилари билан мураккаб алоқаларга эга.

"Биз, Ўзбекистоннинг хақиқий дўстлари ҳар доим ОДКБ ушбу Марказий Осиё давлатининг чегараларида барқарорликни таъминлайди ва уни кутилмаган геосиёсий воқеалардан асрайди, деб ўйлаганмиз", деган Росия Федераци Кенгашининг мулозими.

Москвадаги ПИР-Центрнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Вадим Козюлиннинг РБК. ру нашрига айтишича, Ўзбекистон уз ҳудудида АҚШнинг ҳарбий базасига эга булишига умид қилмокда.

" АҚШ ҳойнаҳой, Ўзбекистонни ўзининг стратегик итифоқчилари рўйхатига киритади, молиявий ва ҳарбий ёрдам беради,хавфсизликни кафолатлайди ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига кўз юмади", деб айтган москвалик таҳлилчи.

Ўзбекистоннинг ОДКБдан чиқмаётгани, балки ундаги фаолиятини тўхтатаеёганига эътибор қаратган яна бир таҳличи Александр Князев бунинг сабабини ташкилотнинг самарасизлиги билан тушунтиради.

Унга кўра, Тошкентнинг ОДКБдан норозилигининг сабабларидан бири 2010 йил июнидаги Ўш воқеалари чоғида ташкилотнинг хеч кандай чора кўрмагани бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ