Россия ҳарбий базаси борасида яна Душанбе ва Москва 'савдолашмоқда'

Image caption 201-дивизия ёки ҳарбий база Тожикистонда Шўролар замонидан сақланиб қолган.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги Россия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-полковник Владимир Чиркиннинг Тожикистон Россия базаси борасидаги келишувни чўзишни ортга сураяпти, деган баёнотига муносабат билдирган.

Вазирлик генерал-полковник Чиркиннинг минтақа мамлакатлари ўртасида уруш келиб чиқиши мумкин, деган гапларини "сиёсий нотўғри" дея баҳолаган.

Бир неча кун олдин Россия парламенти юқори палатасида чиқиш қилган генерал-полковник Владимир Чиркин "Ўрта Осиёда маҳаллий ҳарбий можаролар келиб чиқиши мумкин", деб айтган.

"Марказий Осиё мамлакатларида энергетика, сув ва ердан фойдаланиш соҳаларида давлатлараро қарама-қаршиликларнинг янада кучайиши эҳтимолидан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида маҳаллий ҳарбий можаролар келиб чиқиши мумкин", деган Россия қуролли кучлари раҳбари.

Генерал-полковник Чиркин "Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси муддатини узайтириш шартномасини имзолашга тўсқинлик қилаётган кўплаб муаммолар бор", деб айтган.

Россиялик генерал баёноти Тожикистонда қизғин муҳокамаларга ҳам сабаб бўлган.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Россия ҳарбий базаси бўйича икки мамлакат ўртасида музокаралар ҳали ҳам давом этаяпти, бу музокараларда агар томонларнинг яхши нияти намойиш этиладиган бўлса, ҳамма масалалар кўзланган муддатда ҳал бўлади.

Генерал-полковник Чиркиннинг минтақа мамлакатлари ўртасида уруш келиб чиқиши мумкин, деган таҳдидига Тожикистон мудофаа вазирлиги, жаноб Чиркин бу ҳақда оммага эълон қилмасдан, тегишли тизимлар, мисол учун ОДКБ орқали бундай хавфдан огоҳлантириши мумкин эди, деган.

"Шунинг учун ҳам бундай баёнотлар мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермайди", дейилади вазирлик баёнотида.

Хавфсизлик кафолатими ё барқарорликка таҳдид?

Россия ҳарбий базаси бўйича битим 2004 йилда 10 йиллик муддатга имзоланган эди.

Россия 201-ҳарбий базадан 2014 йил кузигача бирор бир монеъликсиз фойдаланиши мумкин, бироқ таҳлилчилар фикрича, Россия ҳозирнинг ўзида бу база 2014 йилдан кейин ҳам Тожикистонда сақланиб қолишига кафолат олишни истайди.

Шунинг учун 2011 йил сентябрида Тожикистонга борганида ўша пайтдаги Россия президенти Дмитрий Медведев икки томон база муддатини яна 49 йилга узайтиришга келишиб олишди, деб айтган эди.

Аммо унинг бу гапини Тожикистон раҳбари тасдиқламаган.

"Ўша матбуот анжуманида мен ҳам иштирок этгандим ва жаноб Медведев ёнида бўлган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон россиялик ҳамкасбининг бу баёнотига ҳеч қандай изоҳ бермаган эди. Ўшандан кейин Тожикистон матбуотида агар Россия базаси муддати узайтириладиган бўлса, бу Тожикистон мустақиллигига зид деган мазмундаги кўплаб мақолалар эълон қилинди. Ҳозир Тожикистоннинг Москвадаги элчиси маълум қилишича, бу борада музокаралар бораяпти ва Тожикистон томони бу муддатни 49 эмас, 10 йил бўлишини истаяпти. Бу эса Россия томонига маъқул эмас ва улар ўз базалари муддати янада кўпроқ бўлишини хоҳлаяптилар. Бугун эса Россия қуролли кучлари бош штаби раҳбари Тожикистондаги 201-дивизияни ривожлантиришни молиялашни тўхтатмоқчимиз, сабаби база келажаги мавҳум, деган баёнот берди", дейди Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Искандар Феруз.

201-ҳарбий база Россиянинг хориждаги энг йирик базаси бўлиб қолмоқда.

Кузатувчиларга кўра, минтақадаги мураккаб вазият, хусусан Афғонистондаги аҳвол ҳамда Марказий Осиёда АҚШ ва НАТО қўшинлари сақлаб турилганини инобатга олиб, Россия бу ерда ўз базасининг имкони борича кўпроқ қолишини истайди.

"Тожикистон учун бу база четдан хуружлардан ҳимоя кафолати бўлиб келаётган эди. Аммо Роғун ГЭСи қурилиши билан боғлиқ баҳсларда Тожикистон Россия Ўзбекистоннинг тарафини олди, деб кўрганидан кейин бу база Тожикистон барқарорлигига хавф солиши мумкинлиги ҳақидаги мақола ва баёнотлар ҳам янграй бошлаган", дейди Би-би-си мухбири.

Бу мавзуда батафсилроқ