Жанаўзен воқеаларига алоқадорликда кўрилган таниқли театр арбоби озод этилди

Қозоғистонлик таниқли режиссёр Бўлат Атабаев ҳибсдан озод этилган.

Режиссёр ижтимоий адоват қўзғаш иши бўйича тергов қилинаётган эди.

Ушу айб энди гувоҳлик беришга алмаштирилган ва режиссёр очиқликка чиқарилган.

Бўлат Атабаев июн ойининг ўрталарида ҳибсга олинган.

Ҳибсга олиш жараёнида миллий хавфсизлик хизмати ходимлари унга куч ишлатгани айтилмоқда.

Таниқли режиссёр қозоқ ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан ҳисобланади.

Озодлик

Режиссёр Бўлат Атабаев кеча 22:00 озод этилган ва Ақтау шаҳридан тўғри Олма отага учиб келган.

Миллий Матбуот клубида режиссёрни журналистлар ва жамият фаоллари ташқарида қарсаклар ва гуллар билан кутиб олди.

Бўлат Атабаевни озод қилиш учун Қозоғистондаги зиёлилар номидан ҳаракат қилган кинорежиссёр Ермек Турсунов озод қилиш жараёни ўта узун ва баҳсли бўлганини билдирди.

Атабаевга Жанаўзен ҳодисалари бўйича қўйилган ижтимоий адоват қўзғаш айби гувоҳлик беришга алмаштирилган.

Қозоғистон Жиноий кодексининг 65 моддасида, “пушаймон бўлиш” шарти билан гувоҳга айланган.

Режиссёрдан мухолифатчи Владимир Козловнинг кўрсатмасига биноан Жанаўзенда адоват қўзғаганини тан олишни сўрашган ва шундан сўнг озодликка чиқаришни ваъда беришган.

Бироқ Атабаев ушбу кўрсатмаларга имзо қўйишдан бош тортади.

“Кўрсатма бердим, Козлов ҳақидаги айбловларни олиб ташлашди. Нефтчиларни оммавий равишда “Нур Отан” партиясидан чиқиб “Халқ майдони”га кириш ва партия гувоҳномаларини йиртиб ташлашга чорловим умуман бўлмаганди. Улар ушбу айбловларни олиб ташлашди ва ҳаммасини бошидан менинг сўзларимга асосланиб ёзишди”, - дейди Бўлат Атабаев.

Пушаймонлик?..

Пушаймон бўлиш жумласи бўйича икки томон ҳам узоқ муросага келмаган.

Сўнггида адвокатнинг таклифи билан режиссёр, “Жанаўзенга бориб нефтчиларнинг олдида нутқ сўзлаган иш ҳаракатимни бўйнимга оламан”, дея ёзиб бергач, прокурор ва Миллий хавфсизлик хизмати терговчиси уни гувоҳга айлантиришга рози бўлишган.

Бўлат Атабаев 15 июн куни терговга ўз вақтида келмагани учун маҳкама қарори билан уйидан ушлаб кетилган эди.

Ҳибсга олиш жараёнида 60 ёшли режиссёрга нисбатан куч ишлатилган ва юз қисмига мушт билан урилган.

“Мен ҳамкасбим Мурат Тўнғишбаевга қўнғироқ қилмоқчи эдим, шунда МХҚ ходими Арманжан Нургалиев менга ташланди ва телефонни олиб қўймоқчи бўлди. Қолган уч ходим қараб турди, Нургалиев уларга қараб ушланглар, фақат мен олиб кетишим керакми, дея бақирди. Умуман, уришди, йиқилиб тушдим. Кўтариб яна уришди”, - дейди Бўлат Атабаев.

Олма отадан Ақтау шаҳригача поездда олиб кетишган ва ушбу сафар бир ҳафта давом этган.

Йўлда қанд касали билан оғрувчи режиссёрнинг мазаси қочиб қолган.

Бўлат Атабаев маҳбусларнинг ёрдами билан кома ҳолатига тушишнинг олди олинганини айтади.

Жамият фаоли, қозоқ ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Бўлат Атабаев курашда давом этишини, эътиборни кўпроқ ҳуқуқий ечим топишга қаратишини билдирди.

Бу мавзуда батафсилроқ