Қирғизистонлик болакай 'Барселона' академиясида ўқийдиган бўлди

МДҲ давлатлари тарихида илк бор қирғизистонлик 10 яшар Эрбол Атабаев Испаниянинг наҳанг Барсаси футбол академиясига қабул қилинди.

Аён бўлишича, Эрбол Россия ва Оврўпо давлатларидан бўлган юзлаб рақибларини доғда қолдирган.

Ёш футболчи тўпни ўйнатиш, майдонни кўриш ва ўйинчиларни илғаш маҳорати билан ҳайъат аъзоларини лол қолдирган.

Эрбол энди шу йилнинг сентябр ойиданоқ Барселонада ўз таҳсилини бошлаши мумкин бўлади.

У Барсанинг футбол академиясида олий малакали мутахассислар қўлида икки йил сабоқ олади.

Ўрта мактабдаги таҳсилини ҳам Испаниянинг ўзида давом этдиради.

Яқинларининг айтишича, Эрболнинг тили аллақачон испанчага чиқиб қолган.

"Аммо бу билан кифояланиб қолмаймиз. Эрболга испан тилини ўргатиши учун уйга ўқитувчи оламиз", дейди опаси Чўлпоной.

Агар Эрбол академиядаги таҳсилини муваффақиятли якунласа, дунёнинг энг номдор жамоаси мураббийлар штаби у билан шартнома имзолаши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Кичик "юлдузча"

Эрбол Атабаев 5 ёшидан бошлаб, футболга жиддий ихлос қўяди.

Футбол оламига эса, отаси олиб кирган.

"Катта майдон"даги илк ўйинини маҳаллий "Абдиш-Ата" клуби сафларида бошлаган.

Ота-онасининг айтишича, гўдаклигида ҳам энг севган ўйинчоғи тўп бўлган.

Кичик ёшига қарамай, маҳоратига тан берган футбол доиралари орасида "Марадона" лақабини олган.

Бундан аввал ҳам "Барселона" футбол академиясига киришга уриниб кўрган, аммо омади чопмаган.

Шундан сўнг, Россиянинг таниқли клубларидан бири бўлган "Рубин"(Қозон)лик мутахассислар қўлига тушган.

Эрбол Россия ва Қирғизистондаги қатор турнирлар ғолиби ва "Энг зўр ўйинчиси" мақомига эга.

Ўзи эса, Аргентина ва "Барселона" юлдузи Лионель Мессининг маҳоратига тан беришини айтади.

Лойиҳа

Расмий хабарлардан аён бўлишича, буларнинг барчасига Қирғизистоннинг Испания Қироллигидаги Фахрий Консуллиги бош-қош бўлган.

Консул Таалайбек Бапановнинг айтишича, бу - фақат бошланиши, холос.

"Келажакда ҳам қирғизистонлик иқтидорли болаларни Испания ва Оврўпо Иттифоқининг бошқа давлатларига юбориш режасидамиз", дейди у.

Консул жанобларига кўра, энг асосийси - қобилиятли болаларни топиш, маблағ эса ҳар доим топилади.

"Фақат шу йўл билан биз келаси 8-10 йил ичида футбол бўйича кучли миллий терма жамоага эга бўлишимиз мумкин", дейди у.

Барселона

Шаҳар номи билан аталган ва Барса номи билан ҳам танилган "Барселона" Испания ва дунёдаги энг кучли клублардан бири саналади.

Унга 1899 йилда Жоан Гампер бошчилигида бир гуруҳ швейцария, британия ва испаниялик футболчилар томонидан асос солинган.

Клуб 2009 йилда оламшумул ютуқларга эришиб, қўлга киритиши мумкин бўлган барча олий совринларга эга бўлган.

Таркибида Лионель Месси каби жаҳон футболининг қаймоғи бўлган қатор футболчилар тўп суришади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Испаниянинг яна бир наҳанг ва дунёдаги энг бойвачча клуби бўлган "Реал"(Мадрид) шу йилнинг сентябр ойида Тошкентда ўзининг футбол академиясини очишни режаламоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ