'Президент поччасининг қотили ушланди'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Президент Раҳмон юз берган ҳодисага расман бирор бир муносабат билдирмаганди

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, президент Имомали Раҳмон поччасини ўлдирганликда гумон қилиниб, қўлга олинган шахс қотилликка иқрор бўлган.

Аммо тергов манфаатларига зид экани айтилиб, унинг исм-шарифи ва шахси ошкор этилмаётир.

Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Фирузга кўра, гумондор қотиллик қуролини шаҳар жанубидан оқиб ўтувчи Душанбе дарёсига отиб юборганини айтган.

Энди қурилиш ширкатлари қотиллик содир этилган тўппончани топиш учун дарё сувини тўсишармиш, дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, ҳозирданоқ дарё бўйида шунга ўхшаш ҳаракатларни кузатиш мумкин.

Ҳибс

Мухбиримизга кўра, гумондор пойтахт Душанбе ва Хатлон вилояти маркази ўртасидаги Фахробод милиция постида қўлга олинган.

Унинг жабрдийда билан бир жойдан экани, яъни Хатлон вилоятининг Восеъ тумани яшовчиси экани айтилмоқда.

Масъуллар ҳам ҳозирча фақат гумондорнинг тезкор-қидирув амалиёти чоғида топиб, ҳибсга олинганини айтиш билан чекланишмоқда, холос.

57 ёшли Холмўмин Сафаров Тожикистон президенти тўнғич опасининг турмуш ўртоғи бўлган.

У давлатга қарашли "Ўрмон хўжалиги ва овчилик" бирлашмасига раҳбарлик қилган.

Сафаров 13 июн куни тунда пойтахт Душанбеда шаҳар автовокзали яқинида ўлдирилганди.

Президент яқинига тўппончадан бир неча бор ўқ узилган ва у ҳодиса жойининг ўзида жон таслим қилганди.

Қотил ёки қотиллар яширинишга муваффақ бўлишганди.

Тожикистондаги айрим таҳлилчилар юз берган жиноятни Сафаровнинг иш фаолияти билан ҳам боғлашганди.

Улардан баъзилари "Ўрмон хўжалиги"га айрим жиноий гуруҳлар қизиқиб қолган бўлишлари мумкин, деган тахминни ҳам илгари суришганди.

Холмўмин Сафаров раҳбарлик қилган "Ўрмон хўжалиги ва овчилик" бирлашмаси даромадли жойлардан бири экани айтилади.

Тожикистон ҳудудининг 93 фоизини ташкил этган тоғларнинг ҳаммаси ана шу бирлашмага қарайди.

Тожикистон Бош прокуратураси эса, яқин-яқингача қотиллик сабаблари борасида бир нечта фараз илгари сурилаётгани, аммо ҳануз аниқ бир тўхтамга кела олмаётганликларини билдирганди.

Бундан аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги аниқ миқдорини айтмаган эса-да, унинг қотилини топишга ёрдам берганларга катта миқдорда пул мукофоти ваъда қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ