BBC navigation

Қозоғистонлик энг ёш гроссмейстер

Сўнгги янгиланиш 17 июл 2012 - 15:03 GMT

Қозоғистонлик 12 ёшли Жансая Абдумалик шу кунлардаги дунёнинг энг ёш гроссмейстерига айланган. 6 ёшдан шахмат ўйнашни бошлаган қизалоқ бундан 4 йил олдин мактаб ўқувчилари орасида жаҳон чемпиони ҳам бўлганди.

Шахмат тарихи давомида дунёнинг энг ёш гроссмейстери бўлиши учун Жансая 2 ой кечиккан.

Ушбу номни хитойлик Хоу Ифан сақлаб турибди. У бу мақомни 2006 йили 12 ёшу 3 ойлигида қўлга киритган эди.

Жансая орзуси аёллар ўртасида мутлоқ чемпион бўлиш эканлигини айтган.

Жансиянинг уйида меҳмонда

Жансая ва унинг оиласи бизни илиқ қарши олишди. Олма ота шаҳрининг чеккароғидаги массивдаги янги қурилган уйдаги хонадонда дунёнинг айни дамдаги энг ёш гроссмейстери Жансая акаси, укаси ва ота-онаси билан яшайди.

Уй тўрига президент Назарбоевнинг сурати осилган.

“Бу шунчаки “пахта қўйиш” эмас, квартирани президент совға қилган”, дейди кулиб Жансаянинг дадаси Дониёр Аширов.

Жансая акаси, укаси ва ота-онаси билан яшайди

Жансая акаси, укаси ва ота-онаси билан яшайди

Жансаянинг хонасидаги кравотга 12 ёшли қизнинг 6 йил давомида тўплаган медаллари териб қўйилган. Китоб жавонлари шахматга доир китоблар билан тўлган. Бир четда шахмат тахтаси ўйинга шай ҳолатда турибди.

Фурсатдан фойдаланиб айни вақтдаги дунёнинг энг ёш гроссмейстери билан шахмат ўйнашга қарор қилдим. Ўйин орасида Жансаяни саволга ҳам тутдик. Жансая 6 ёшидан шаҳмат ўйнаб бошлаган. Аввалига шахмат бўйича мураббий бўлган дадаси унга ва акаси Санжарга ўйинни ўргатган. Кейинчалик шахмат секцияларига қатнай бошлаган. Айни ўйин ёшида бўлган 6 ёшли қизалоққа доналар устида бош қотириш зерикарли бўлмаганми дея сўраймиз.

“Менга ютиш ёққан. Ютганимдан кейинги бахтли бўлиш, ўзидан кўнгли тўлиш каби ҳиссиётлар ёққан. Бундан ташқари менга ўйлаш ёқади, турли ғояларни кўраман. Ҳаммаси қизиқ”, - дейди шахмат доналарини тез тез олдинга суриб Жансая.

Жансия гроссмейстлар учун талаб қилинадиган очколарни турли мусобақаларда ғолиб чиқиб тўплади ва ушбу унвонни қўлга киритди. Жансаянинг рекорд ўрнатишига 2 ой катта бўлганлиги ҳалақит берди.

Хитойлик Хоу Ифан 12 ёшу 3 ойлигида гроссмейстрлик унвонини қўлга киритган эди. Жансая барча талабларни бажарган вақти 12 ёшу 5 ойлик эди. Аммо бу нарса Жансаянинг айни кунларда энг ёш гроссмейстр деб аталишига тўсқинлик қила олмайди.

- Энди турнирларда ўйнасам, ўзим кичкина бўлсам ҳам гроссмейстер деб ёзишади. Бу мени қовонтиради, - дейди шахмат устаси.

Жансая бошқалар каби мактабга бормайди, интернет орқали билим олади ва топшириқларни ҳам интернет орқали топширади. Умуман интернет Жансая ҳаётидаги узилмас бир воситага айланган. Москвадаги мураббийдан ҳар куни 3 соат интернет орқали шахмат бўйича сабоқ ҳам олади.

Жансая шахматни ташлаб қўймоқчи эмас, шу билан бирга сиёсатчи бўлишни ҳам мақсад қилган.

Шодиёр Сайф Жансия билан шахмат ўйнамоқда

Жансия билан бир қўл шахмат ташладик, аммо уни ютиш имконсиз...

- Мен шахматни ташламоқчи эмасман. Шахмат мен учун қизиқ. Аёллар ўртасида мутлоқ чемпион бўлишни истайман. Шундан кейин, депутат бўлсам дейман, - дейди Жансая Абдумалик.

Жансая шахматдан бўшаган вақти уй ишларига қарашади. Яқинда тухумдан омлет пиширишни ўрганган, идиш ювиш, уйларни тозалашда ҳам онасига ёрдамчи. Машғулотдан сўнг ҳар куни 2 соатлаб сузишга ҳаракат қилади. Бу Жансаянинг шахматдан дам олишига катта ёрдам беради. Умуман Жансая ғарб мусиқасининг шайдоси. Дам олаётганда ва узоқ сафарларга учаётганда унга мусиқа ҳамроҳлик қилади.

Жансая билан ўйинимиз 25 дақиқа давом этди ва гросмейстрнинг ғалабаси билан тугади. Жансаянинг дадаси ўйин узоқроқ давом этгани билан мени “анча чидаганликда” мақтади. Қозоғистон Таълим вазири билан Остонада бўли ўтган ўйин 33 сонияда тугаган экан.

Дунёнинг энг ёш гроссмейстерини оилавий шахматчилар деса ҳам бўлаверади . Дадаси шахмат мураббийи, акаси ҳам шахмат бўйича мастер унвонига эришган. Ҳозир 5 ёшга кирган укаси 2 ёшида шахмат ўйнашни ўрганган ва 3 ёшида 2 юришлик мотларни кўра билган.

Бироқ, Ашировлар оиласи ҳаражатларнинг ўта кўплиги боис оилага бир шахматчи етарли деган қарорга келишган ва ака-ука бу спорт тури билан жиддий шуғулланмади.

Дониёр Ашировнинг айтишича, шахмат бир тахта ва ўйинчидан иборат бўлса ҳам дунёдаги энг қиммат спорт турларидан ҳисобланади.

Жансая гроссмейстлар учун талаб қилинадиган очколарни турли мусобақаларда ғолиб чиқиб тўплади

“Мана сиз шахмат қанчалик қиммат спорт тури деяпсиз. Сингапурда Жансая кунига 6 соат шуғулланди. Агар Қозоғистондаги нарх билан ҳисобласак, соатига 50 доллардан машғулотларга берилди ва ҳафтасига 300 доллар сарфланди. Бир ойига 1200 доллар фақатгина мураббий учун тўланди. Қўшимчасига унинг турар жойи, сафар ҳаражатлари ҳам бор. Жансаянинг бюджетини ҳисоб китоб қилганимизда, бир йилга 100 минг доллар кетиб қолади”, дейди Дониёр Аширов.

Жансаяни ҳозир Каспаровнинг мураббийи Никитин Александр шуғуллантирмоқда. Скайп орқали кунига 3 соат машғулот бўлади ва мураббий ушбу хизмати учун 150 доллар ҳақ олади.

Дониёр Аширов Жансаянинг асосий ҳомийси ўзи бўлиб қолаётганини ва ғалабали одимларни давом эттириш учун дадилроқ ҳомий камлик қилаётганини айтади.

Жансая бу каби муаммоларга қарамасдан, орзуларга тўлиб тошган. Эндиги мақсад йил охиригача жаҳоннинг кучли 100 талигига кириш ва аёллар ўртасида чемпион бўлиш.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.