Тожикистон Мудофаа вазирлиги:'Тоғли Бадахшонга қўшимча кучлар киритилмайди'

Абдулло Назаров
Image caption Абдулло Назаров 21 июл куни пичоқлаб кетилган

Тожикистон Мудофаа вазирлиги давлат миллий хавфсизлик қўмитаси генерал-майори Абдулло Назаров ўлдириб кетилиши ортидан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида қўшинлар жойлаштирилмаслигини айтган. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Фаридун Маҳмадалиев маълум қилган.

Миллий хавфсизлик қўмитасининг Бадахшон вилояти бошқармаси бошлиғи бўлган Назаров жанобларининг жонига 21 июл куни қасд қилинган.

Терговчилар ҳужумчилар минтақа тамаки бозорини назорат қилган жиноий гуруҳга алоқадорлигини айтишган.

Мудофаа вазирлиги воизи Маҳмадалиевнинг айтишича, ҳозирда Хоруғдаги ҳарбий қисм ҳар доимгидек вазифасини ўтамоқда.

"Жиноий ишлар бўйича текширув олиб бориш ҳуқуқ-тартибот агентликлари ваколатларига киради, Қуролли Кучларники эмас", деб айтган Маҳмадалиев жаноблари.

Унга кўра, Бадахшон вилоятига қўшимча кучлар киритишга эҳтиёж йўқ.

'Миш-мишлар'

Image caption Тоғли Бадахшон ишсизлик даражаси юқори вилоятлардан

Сал олдироқ, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурий маркази Хоруғ ва Тожикистондаги ижтимоий тармоқларда генералнинг ўлдирилиши ортидан минтақага қўшинлар жойлаштириш режалари борлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалганди.

Куни кеча Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси чиқарган баёнотда Абдулло Назаровга 20 яқин киши ҳужум қилгани айтилганди.

Бир неча марта пичоқ урилган генерал Назаров воқеа жойида оламдан ўтган.

Аввалроқ, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси расмийси Интерфакс ахборот агентлигига гапираркан, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Ҳарбий Прокуратура ва Тожикистон Бош Прокуратураси вакилларидан иборат текширувчилар гуруҳи ҳодиса жойига жўнаб кетишганини айтган.

Афғонистон билан чегарадош Тоғли Бадахшон Тожикистон шарқидаги аҳолиси кам ва энг камбағал ҳудудларидан биридир.

Вилоятда тамаки энг асосий қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан ҳисобланади. Маҳсулот маҳаллий ва қўшни Қирғизистондаги корхоналарга сотилади.

Генерал Назаров Тожикистонда ўтган бир неча йил асносида ўлдириб кетилган энг юқори мартабали хавфсизлик ходимидир.

Бу мавзуда батафсилроқ