Тожикистонда йирик гидрокарбонлар манбаи аниқлангани не қадар ҳақиқатга яқин?

Image caption Тожикистон заминида йирик гидрокарбонлар манбаи бўлиши мумкинлигши айтилмоқда.

Марказий Осиё нефт ва газ бозорида тадқиқот ва ишлаб чиқариш тшлари билан шуғулланувчи "Tethys Petrolium Limited" ширкати Тожикистонда ўта йирик миқдордаги гидрокарбонлар манбаси топилгани ҳақида баёнот тарқатган.

Баёнотда сўз "супер-гигант" миқёсдаги эҳтимолий манба ҳақида кетади. Шунингдек, бу манбанинг не қадар қисми захира даражасида аниқланиши кафолати йўқлиги ҳам айтилган.

Шу вақтгача энергия соҳасида бошқаларга қарам бўлиб келган мамлакат учун бу баёнотнинг аҳамияти не қадар ва не қадар кутилмаган?

Марказий Осиё нефт ва газ соҳасида таҳлилчи Жон Робертснинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бу баёнот жуда-жуда муҳимга ўхшаб кўринмоқда.

Жон Робертс: Биринчидан гап тижорий миқёсдаги манба ҳақида кетмоқда. Агарда бу манбаларни ўта ортиқча ҳаражатларсиз қазиб чиқариш имкони бўлса, энергия соҳасида бошқаларга қарам бўлган Тожикистон учун бу энергия мустақиллиги ва хорижга энергия экспорти имконини англатади. Ана шу жиҳатдан бу Тожикистон учун жуда катта янгилик.

Би-би-си: Марказий Осиё давлатларидан янги энергия захирлари топилгани ҳақида тез-тез хабарлар келиб туради, бу янги кашфиёт не қадар ишончли ва асосланган, деб ўйлайсиз?

Жон Робертс: Гап шундаки, бу манбаларнинг ҳозирда топилгани ҳақида нисбатан кичик бўлган "Tethys Petrolium Limited" ширкати хабар бераётгани эмас, бу манбаларни АҚШдаги йирик ва обрўли ширкат "Gustavson Associates" ўрганиб, баҳолаб чиққанидир. Ана шу жиҳатдан ҳозирда пайдо бўлган янгилик анчайин ҳақиқатга яқиндир, деб ўйлайман. Гап ўта йирик гидрокарбонлар миқёси ҳақида кетмоқда, лекин бу манбалар ҳали аниқ белгиланган захиралар деганини англатмайди. Бошқача айтганда, агарда ҳамма нарса кўзланган йўлда ривожланиб, пармалаш ишлари бу тахминларни тасдиқласа, келгуси 2-3 йил мобайнидла анчайин аниқ миқёслар ҳақида гапира бошлашимиз мумкин бўлади. Ҳозирда бир нарса аниқ, қандай бўлмасин бу жуда йирик кашфиёт.

Би-би-си: Баёнотда "супер-гигант" манба ҳақида сўз кетмоқда, дейлик газ ва нефтга бой Туркманистон захирлари билан сошлиштирсак, Тожикистондаги манбалар не қадар?

Жон Робертс: Келинг нефтдан бошлайлик, гап ҳозирда эҳтимолий 8. 5 миллиард баррел нефт манбаи ҳақида кетмоқда. Лекин шуни назарда тутингки, манба аниқ захира деганини ҳали англатмайди. Бу ерда бир қатор манбалар ҳақида гап кетаётган бўлса ҳам ўта улкан миқёсдаги кашфиёт борасида сўз юритишимиз мумкин. Туркманистон нефт захирлари 0. 6 миллиард баррел, деб айтилган. Бу миқдорнинг ўзигина Туркманситонинг ўз ички эҳтиёжини қоплаши ва бундан ташқари кунига 100-200 баррел нефтни хорижга сотиш имконини беради. Хуллас Тожикистондаги манбаларни аниқлаштиришга бир неча йил кетса ҳам, бу ерда гап ўта йирик манбалар ҳақида кетмоқда.

Би-би-си: Гап сиз айтгандек ҳали захира эмас, манба ҳақида кетмоқда экан, бу манбаларни қазиб чиқариш не қадар имконли экани ҳақида сўраш ҳали эрта бўлса керак?

Жон Робертс: Ҳа, буни аниқ билиш учун ҳали йиллар керак бўлса керак. Бу ҳақда эълон қилган "Tethys Petrolium Limited" энди йирик пармалаш лойиҳаларини олиб бориш учун молия қидира бошлайди. Бу лойиҳалар муваффақиятли бўлган тақдирда ҳали бу захирларни бозорга етказиш учун интфраструктурани яратиш керак бўлади. Лекин нима бўлмасин, Тожикистонда шу вақтгача номаълум бўлган йирик манба ҳақида сўз кетмоқда. Фараз қилинг, агарда ҳозирда айтилаётган манбанинг ўндан бир қисми тасдиқланган ҳолда ҳам келгуси 30 йил мобайнида кунига 77 минг баррел нефт олиш имконини англатади. Лекин бу манбаларанинг бундан-да кўпроқ қисми тасдиқланиши эҳтимоли катта. Жуда катта миқдорда газ захирлари эҳтимоли борлиги ҳақида ҳам гап кетмоқда.