Рўзадорлар нарх-наво ва жазирама иссиқдан шикоятда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Мусулмонларнинг Рамазон ойи бу йил ёзнинг янада иссиқ кунларига тўғри келди.

Марказий Осиё мусулмонлари бу йил кун бўйи 19 соат сув ва нон тотмай юришларига тўғри келади.

Бу айримларнинг рўзани тута олмаслигига асосий сабаб бўлиб қолаётгани айтилади.

Қозоғистон Мусулмонлар Диний идораси эса, Рамазон ойида диндорларга ёрдам бўлиши учун ҳукуматдан нархларни 10 фоизга туширишни сўради.

Нархлар тушмади, аммо, устига устак, Олма ота шаҳар ҳокимияти айнан Рўза бошланган кундан шаҳар транспорти нархларини 32 фоизга ошириш қарорини имзолади.

Албатта, ушбу қарорни мусулмонлар ҳурматсизлик дея қабул қилишди.

“Ҳокимиятнинг ушбу қарори инсонларга қийинчилик туғдиради. Бензиннинг нархи ошгани йўқ. 96 маркали бензин 112 тангадан 106 тангага тушди. Автобус чипталари нархларининг 50 тангадан 80 тангага кўтарилгани қийинчилик туғдиради. Олдин ишга 100 тангага бориб келсам, ҳозир 160 танга сарфлаяпман”, - дейди олма оталик Адҳамжон.

Қозоғистон Бош муфтийси шайх Абдусаттор Ҳожи Дербисали транспорт нархларининг айнан Рўза бошланадиган кундан 80 танга, яъни ярим доллар этиб белгиланиши мусулмонларга нисбатан ҳурматсизлик дея баҳолади.

Шаҳар ҳокимияти мусулмонлар идорасининг норозилигини инобатга олиб нархлар кўтарилишини 3 кунга қолдирди ва 23 июлдан оширди.

Жазирама иссиқ

Олма оталик Адҳамжон дўконда савдо қилади, кунларнинг иссиқ бўлиши рўза тутишига тўсқинлик қила олмаётганини айтади.

“Рўза ишимга ҳалақит бермайди. Мен ишлаганимда рўза тутиш осонроқ бўлади. Уйда ўтирсам қийинроқ бўлади. Кўчада бундай иссиқда юриш қийин, аммо тутаман деган одамга Аллоҳ ўзи куч- қувват беради”, - дейди Адҳамжон.

Қозоғистонлик уламолар одам иссиқдан қийналса, сувни ютмаслик шарти билан чўмилиш мумкинлигини айтишади.

“Жудаям иссиқ. Душ қабул қилса бўладими, деб сўрашади, албатта мумкин. Бироқ сув ичга кетиб қолмаслиги учун эҳтиёт бўлиш керак . Ушбу тақиқлар фақат кундуз куни. Қуёш ботиши билан рўзадор ҳар доимги ҳаётини давом эттираверади”, дейди шайх Абдусаттор Дербисали.

Ўзбекистонда ҳаво Қозоғистондан ҳам иссиқроқ. Ҳарорат 45 даража юқори бўлиб кетади.

Тошкентдаги кафеларнинг бирида ишлайдиган Анвар иссиққа қарамасдан рўза тутмоқда, аммо қийин бўлаётганини айтади.

“Қийин бўлаяпти, унинг устига иш. Иссиқда томоқлар қуриб кетаяпти. Маза қочгандек бўлиб, бошлар айланиб кетаяпти айрим вақтлари. Бир икки кун шундай бўлди, лекин ҳозир унчалик эмас. Томоқ чанқаб қолади, лекин у даражада ёмон эмас, Худога шукур”, дейди Анвар.

Тошкентдаги рўзадорлар имкони борича кондиционерли хоналарда ўтириш орқали, иссиқни енгаётганини айтишади. Зокир исмли тингловчимиз ана шундайлардан бири.

"Шахсан менинг бошқа рўзадорлардан фарқим шуки, ишхонада кондиционерим бор. Муздеккина ўтирибман. Лекин барибир қийин. Кечки 6 ларга бориб чарчаб қолаяпмиз", дейди Зокир.

Суҳбатдошларимиз кунларнинг ўта иссиқ бўлаётгани рўзадорларнинг ўтган йилларга нисбатан кам бўлишига сабаб бўлаётганини айтишади.

Анвар фаолият юритаётган кафеда 30 киши ишласа, шундан 2 киши рўза тутган. Қолганлар иссиқ туфайли рўзани тута олишмаган.

“Ҳамма иссиқ деб юрибди. Бир икки танишларим иссиқдан ошқозони оғригани учун рўзасини очиб қўйганини айтди. Кафемизга ҳам ифторга одам жуда кам келади. Шу кафега 3 йил олдим келган бўлсам, олдин унақа эмас эди. Ифторликка келувчилар кўп эди. Иссиққа ва куннинг узайиши сабаб бўлса керак”, - дейди кафеларнинг бирида ишловчи Анвар.

Шунга қарамасдан, кузатувчилар сўнгги йилларда Марказий Осиёда рўзадорларнинг кўпаётганини айтишади.

Ўзбекистон Мусулмонлари Диний идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳам ушбу фикрларни тасдиқлайди.

"Диний идорамизга "мана бундай қилса рўза очиладими, очилмайдими" қабилидаги саволлар билан мурожаат қилаётган ёшларнинг кўплигидан биз билаяпмизки, уларнинг сони йилдан-йилга кўпайяпти", дейди таниқли уламо.

Бу йил Марказий Осиё мусулмонлари 19 соат оғзи ёпиқ ҳолатда юришларига тўғри келади. Ҳавонинг иссиқлиги диндорлар учун яна қўшимча синов бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ