Ўшда уннинг нархи кескин ошиб кетган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қирғизистонда бир ой ичида олий навли бир қоп уннинг нархи 300 сомга ошган. Бу қарийб 8 АҚШ долларига деганидир.

Аввал 50 килоси 850 сом турган уннинг баҳоси бугун 1.150 сомга етган.

Бунинг натижасида, ун маҳсулотлари ҳам қимматлаб, нонларнинг қиймати 10 сомдан 15 сомга кўтарилган.

Мавжуд вазият қолган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига ҳам таъсир этмай қолмаган.

Биз билан суҳбатда бўлган маҳаллий дўкондорлардан бирининг айтишича, ўсимлик ёғи 20-30 сом, гуручларнинг килоси 40-50 сомга ошиб кетган.

Ҳатто, дўкондор суҳбатдошимизнинг ўзи ҳам мавжуд вазиятда аҳоли қандай тирикчилик қилишини билолмай, ҳайрон эканини айтади.

"Харидорлар гоҳида сўкиниб ҳам кетишади, ҳамма нарса қиммат бўлиб кетаяпти, арзонроқ сотсанглар бўлмайдими, деб ҳам айтишади. Ҳар хил гап-сўзларни эшитамиз", дейди у.

Аён бўлишича, бунга турли сабаблар туфайли катта ҳажмдаги экинзорларга буғдой экилмай қолгани, ёмон об-ҳаво шароити сабаб, минглаб гектар буғдойзорларни сув ювиб кетгани сабаб бўлган.

Устига устак, Қирғизистон асосий харидори бўлган Қозоғистонда бу йил ғалла ҳосили кутилганидан кўра анча кам бўлган.

Аҳвол оғир

Фаолларга кўра, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сакраб кетиши, айниқса, июн қирғинидан жабр кўрган аҳолини қийин аҳволда қолдирган.

Қирғизистонда ўртача иш ҳақи 2-3 минг сомни ташкил қилади. Бу - тахминан 60 АҚШ долларига тенг.

Аммо маҳаллий кузатувчилар аҳолининг 70 фоизи ишсиз эканини назарда тутиб, бу рақамлар аксарият учун ҳеч нарсани англатмаслигини айтишади.

Айниқса, Қирғизистон жанубида 2010 йилги қонли миллий низолар оқибатида ўн минглаб иш ўринлари йўқотилган.

Мамлакат жанубидаги ўзбеклар асосан тижорат билан шуғулланиб келишган. Дўкон, нонвойхона, турли кичик корхоналарни юритиб, шунинг орқасидан даромад қилишган.

Аммо июн ойидаги қонли зўравонликлар чоғида уларнинг аксарияти вайрон этилган ёки ўт қўйилган.

"Аҳолининг кўпчилиги ишсиз бўлгандан кейин, одамларнинг стабил даромадлари йўқ. Қаерда ким нима иш топса, ўшани қилиб, эплаб, қорин боқиб, жон боқиб юришибди", дейди маҳаллий фаоллардан Иззатулла Раҳматуллаев биз билан суҳбатда.

Унинг айтишича, мавжуд вазият аҳолининг орасида норозилик туйғуларини кучайтирмай қўймаган.

"Шусиз ҳам оғир бўлган ҳаётларига энди қимматчилик ҳам қўшилди. Ишсизликдан, турмушнинг ночорлигидан, айниқса, ички миграция кучайган", дейди фаол.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, мавжуд вазиятга қарамай, масъуллар томонидан ошиб бораётган нарх-навони жиловлаш йўлида бирор бир амалий чоралар кўрилаётгани сезилмайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Минтақадаги вазият қандай?

Қурғоқчилик сабаб жорий йил Қозоғистон ва Россияда буғдой ҳосили паст бўлиши кутилмоқда.

Мутасаддилар ҳосилнинг режадагидай бўлмаслиги нарх-наволарга таъсир қилиши мумкинлигини билдиришган.

Қозоғистон унининг асосий истеъмолчиларидан бўлган Ўзбекистонда қозоқ уни баҳосининг аллақачон ошганини хабар қилмоқда.

Шу кунларда бир қоп қозоқ унининг баҳоси ўзбек бозорларида 75 минг сўмга кўтарилган.

Бу эса, ўз навбатида, ушбу ундан тайёрланадиган маҳсулотларнинг ҳам нархига таъсир қилган.

Мутахассислар нархларнинг яна кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Буғдой экспортига ихтисослашган энг йирик давлат Россияда ҳам мўлжалдагидан кам ҳосил олиниши бозордаги буғдой нархларига таъсир этмай қолмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ