Имомали Раҳмон Помирдаги амалиётларни тўхтатишни талаб қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раиси Қодир Қосимдан Помир кечаётган махсус ҳарбий амалиётларни мутлақ тўхтатишни талаб қилган.

Президент Раҳмон бу ҳақда Қосим жаноблари билан телефон сўзлашувида айтган.

Бундан бир неча соат ўтиб, минтақа ҳокими Қодир Қосим Ҳорўғдаги маҳаллий фаоллар билан учрашувда шахсан Президент Раҳмон минтақада ҳарбий амалиётларни бутунлай тўхтатишга қарор берганини билдирган.

Сешанба куни тонгда Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси генерал Абдулло Назаров ўлимига алоқадор шахсларни ушлаш учун Тоғли Бадахшон вилояти маркази Хорўғ шаҳрида махсус ҳарбий амалиёт йўлга қўйилганини маълум қилганди.

Амалиётлар тўхтаган

Хабарларга кўра, ҳозир Хорўғда оташкесим эълон қилинган.

Аммо, ҳукуматнинг генерал Назаров ўлимида алоқадор деб кўрилган тўрт нафар шахсни топшириш талаби кучда қолаётгани айтилади.

Би-би-си мухбири Анора Саркоровга кўра, ҳукумат бу вақтда ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг ҳисобини олиш ҳамда етказилган зиён кўламини аниқлашни кўзлаган бўлиши мумкин.

Қурбонлар ва ярадорлар

Аввалроқ, Тожикистон ҳукумати Хорўғда кечган амалиётлар чоғи 12 ҳарбий ҳалок бўлгани, 20дан ортиғи тан жароҳати олгани ҳақида маълум қилганди.

Ҳукуматнинг билдиришича, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ, 30 нафар ҳукуматга қарши қуролли гуруҳ аъзолари ўлдирилган.

Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги қўшма баёнотида қуролли гуруҳнинг 40 аъзоси қўлга олинган, улардан 8 нафари Афғонистон фуқаролари экани айтилади.

Аммо, норасмий манбаларда айтилишича эса, армия ва аҳоли орасида ҳалок бўлганлар сони анчайин катта - тахминан 100дан ортиқдир.

Бу ҳақда Би-би-си мухбирлари ҳодиса гувоҳлари ва ҳарбий амалиётларга яқин манбаларга таяниб хабар беришмоқда.

Ҳарбий амалиётлар давомида жиноий қуролли гуруҳнинг 100тача қуроли мусодара қилингани ҳам хабарлар бор.

Аммо, расмий ва норасмий рақамларни тасдиқлаш имконсиз қолмоқда. Минтақа билан алоқа узилган, ҳукумат Тоғли Бадахшондаги вазият борасида изоҳ бермаётир.

Маҳаллий ҳокимият сўнгги вазиятни ўрганиш ва аҳоли орасидан талофатларни аниқлашга доир 20 нафар фаолларни йиғиб комиссия ташкил этган.

Ана шу комиссия таркибида Азия Плюс ахборот агентлиги мухбири Рамзия Мирзобекова ҳам бор. Рамзия сўнгги воқеалар ҳақида Би-би-си билан суҳбатлашган.

"Бугун Хорўғда ҳалок бўлганлар жасадларини нима қилиш кераклиги борасида келишиб олиш учун митинг бўлиб ўтган. Айтишларича, снайперлар одамларни нишонга олмоқда. Шунинг учун, ҳалок бўлганлар жасадларини олиб келиб, дафн қилиш имкони йўқ. Айтишларича, ҳуқуқ-тартибот органлари билан музокаралар олиб борилган ва улар жасадларни олиш учун хавфсиз даҳлиз очиб беришни ваъда берганлар. Кеча кечқурун муваққат оташкесим эълон қилинган бўлса ҳам, отишмалар давом этганди. Бугун эрталаб ҳам отишмалар рўй берди. Ҳозир бир оз тинчиб қолди. Кейинчалик маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув бўлган ва бу учрашув мобайнида Президентнинг ўзи телефон қилиб мутлақ оташкесим ўрнатилиши ҳақида айтган", дейди Рамзия Мирзобекова.

Унга кўра, гарчи ҳукумат тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқлигини айтса-да, вазият ўзгача, нобуд бўлганлар сони кўп.

"Мана масалан, эрталаб бир ёш бола, 10 синф ўқувчиси ҳожатхонага чиққан. Уни снайперлар отиб ўлдиришган. Хорўғдаги бетон кўприк борку, ўша ерга яқин ерда бир талаба ижарада турар экан, уйининг деразасидан бошини чиқариб қараса уни ҳам отиб ўлдиришибди", дейди Азия Плюс ахборот агентлиги мухбири.

Айни пайтда Душанбедаги ҳарбий ва бошқа шифохоналар оғир ярадор аскарларни қабул қилиб олаётгани хабар қилинади.

Мамлакат бош ҳарбий прокурори Хайрулло Саидов ҳам Тоғли Бадахшондаги амалиётлар чоғи тан жароҳати олган. Ҳозир унинг Душанбедаги клиникалардан бирига жойлаштирилгани маълум.

Хорўғнинг ўзида эса, вазият танг қолаётгани айтилади. Россиянинг Биринчи Канали билан суҳбатда помирлик маҳаллий аҳоли вакилларидан бири шундай деган:

"Бизда ҳозир чироқ йўқ, дўконлар ёпиқ, йўллар ҳам тўсиб қўйилган. Шаҳарда ҳокимият йўқ, ҳеч қандай ҳокимият йўқ. Аҳоли бор ва ҳарбийлар. Уч вазир етиб келган - Ички ишлар, Мудофаа ва Хавфсизлик вазирлари. Кеча соат учда шаҳарга ҳужум бошлашди, кун бўйи бомбардимон давом этди, қурбонлар қанча бунисини айта олмайман, ҳозир ҳужумлар тўхтаган", деб айтган помирлик киши.

Бу мавзуда батафсилроқ