ОХҲТ Тоғли Бадахшондаги вазиятдан хавотир изҳор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти амалдаги раиси Эймон Гилмор Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги 42 инсоннинг умрига зомин бўлган ва ўнлаб инсонлар тан жароҳати олган ҳарбий тўқнашувлардан ташвиш билдирган.

Эймон Гилмор инсонлар ҳаёти бой берилганидан чуқур таассуфда эканини айтган.

"Мен, айниқса, тинч аҳоли орасида талофатлар борлиги борасидаги хабарлардан хавотирдаман ва барча томонларни тийилишга чақираман", деган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раиси.

Ирландия бош вазири ўринбосари Гилмор жаноблари минтақада фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар ходимларига муносабатдан ҳам ташвиш изҳор қилган.

Оташкесим

Ҳозир Тожикистон шарқида жойлашган Тоғли Бадахшон маркази Хорўғнинг ўзида тўла оташкесим эълон қилинган.

Аммо, сешанба куни тонгда генерал Абдулло Назаров ўлимига алоқадор шахсларни ушлаш учун бошланган махсус ҳарбий амалиёт ниҳоясига етказилмаган.

Оташкесим Президент Имомали Раҳмон Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раиси Қодир Қосимдан Помир ҳарбий амалиётларга мутлақ чек қўйишни талаб қилиши ортидан кузатилган.

Бундан бир неча соат ўтиб, минтақа ҳокими Қодир Қосим Ҳорўғдаги маҳаллий фаоллар билан учрашган ва шахсан Президент Раҳмон минтақада ҳарбий амалиётларни бутунлай тўхтатишга қарор берганини билдирган.

Аммо, унга кўра, ҳукуматнинг генерал Назаров ўлимида алоқадор деб кўрилган тўрт нафар шахсни топшириш талаби кучда қолади.

Мазкур қарор, Би-би-си мухбири Анора Саркоровга кўра, ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг ҳисобини олиш ҳамда етказилган зиён кўламини аниқлаш мақсадида олинган.

Талофатлар

Маҳаллий ҳокимиятнинг йиғинида сўнгги вазиятни ўрганиш ва аҳоли орасидан талофатларни аниқлашга доир 20 нафар фаолларни йиғиб комиссия ташкил этилган.

20 кишидан иборат ушбу комиссия таркибида Азия Плюс ахборот агентлиги мухбири Рамзия Мирзобекова ҳам кирган. Рамзия сўнгги воқеалар ҳақида Би-би-си билан суҳбатлашган.

"Бугун Хорўғда ҳалок бўлганлар жасадларини нима қилиш кераклиги борасида келишиб олиш учун митинг бўлиб ўтди. Айтишларича, снайперлар одамларни нишонга олмоқда. Шунинг учун, ҳалок бўлганлар жасадларини олиб келиб, дафн қилиш имкони йўқ. Ҳуқуқ-тартибот органлари билан музокаралар олиб борилгани ва улар жасадларни олиш учун хавфсиз даҳлиз очиб беришни ваъда берганлари ҳам айтилади. Кеча кечқурун муваққат оташкесим эълон қилинган бўлса ҳам, отишмалар давом этганди. Бугун эрталаб ҳам отишмалар рўй берди. Ҳозир бир оз тинчиб қолди. Кейинчалик маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув бўлган ва бу учрашув мобайнида Президентнинг ўзи телефон қилиб мутлақ оташкесим ўрнатилиши ҳақида айтган", дейди Рамзия Мирзобекова.

Унга кўра, гарчи ҳукумат тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқлигини айтса-да, вазият ўзгача, нобуд бўлганлар сони кўп.

"Мана масалан, эрталаб бир ёш бола, 10 синф ўқувчиси ҳожатхонага чиққан. Уни снайперлар отиб ўлдиришган. Хорўғдаги бетон кўприк борку, ўша ерга яқин ерда бир талаба ижарада турар экан, уйининг деразасидан бошини чиқариб қараса уни ҳам отиб ўлдиришибди", дейди Азия Плюс ахборот агентлиги мухбири.

Тожикистон ҳукумати эса, Хорўғда кечган амалиётлар чоғи 12 ҳарбий ҳалок бўлгани, 20дан ортиғи тан жароҳати олгани ҳақида айтган.

Билдирилишича, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ, 30 нафар ҳукуматга қарши қуролли гуруҳ аъзолари ўлдирилган.

Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги қўшма баёнотида қуролли гуруҳнинг 40 аъзоси қўлга олинган, улардан 8 нафари Афғонистон фуқаролари экани айтилади.

Аммо, норасмий манбаларда айтилишича, армия ва аҳоли орасида ҳалок бўлганлар сони анчайин катта - тахминан 100дан ортиқдир.

Бу ҳақда Би-би-си мухбирлари ҳодиса гувоҳлари ва ҳарбий амалиётларга яқин манбаларга таяниб хабар беришмоқда.

Ҳарбий амалиётлар давомида жиноий қуролли гуруҳнинг 100тача қуроли мусодара қилингани ҳам хабарлар бор.

Аммо, расмий ва норасмий рақамларни тасдиқлаш имконсиз қолмоқда. Минтақа билан алоқа узилган, ҳукумат Тоғли Бадахшондаги вазият борасида изоҳ бермаётир.

Айни пайтда Душанбедаги ҳарбий ва бошқа шифохоналар оғир ярадор аскарларни қабул қилиб олаётгани хабар қилинади.

Мамлакат бош ҳарбий прокурори Хайрулло Саидов ҳам Тоғли Бадахшондаги амалиётлар чоғи тан жароҳати олган. Ҳозир унинг Душанбедаги клиникалардан бирига жойлаштирилгани маълум.

'Хорўғда вазият танг'

Хорўғнинг ўзида эса, вазият танг қолаётгани айтилади. Россиянинг Биринчи Канали билан суҳбатда помирлик маҳаллий аҳоли вакилларидан бири шундай деган:

"Бизда ҳозир чироқ йўқ, дўконлар ёпиқ, йўллар ҳам тўсиб қўйилган. Шаҳарда ҳокимият йўқ, ҳеч қандай ҳокимият йўқ. Аҳоли бор ва ҳарбийлар. Уч вазир етиб келган - Ички ишлар, Мудофаа ва Хавфсизлик вазирлари. Кеча соат учда шаҳарга ҳужум бошлашди, кун бўйи бомбардимон давом этди, қурбонлар қанча бунисини айта олмайман, ҳозир ҳужумлар тўхтаган", деб айтган помирлик киши.

Бу мавзуда батафсилроқ