CNN халқаро телеканали Қозоғистон ҳақида кўрсатув намойиш этган

Image caption Кузатувчилар CNN халқаро каналини Қозоғистон ҳақида бир томонлама кўрсатувлар тайёрлаганликда айблашган

CNN халқаро телеканалида намойиш этилган «Қозоғистонга назар» кўрсатувлар туркуми танқидларга сабаб бўлган.

Мустақил интернет нашрлари халқаро канални расмий Остонага сотилганликда айблаган.

Қозоғистон ҳақида асосан бир томонлама ижобий руҳда тайёрланган кўрсатувнинг асосий ҳомийлари сифатида ҳукуматга тегишли Самруқ Казина ва Остона иқтисодий форуми ташкил қилган.

Eurasianet.org сайти мутахассиси олиб борган изланишлардан маълум бўлишича, мамлакатнинг эришган ютуқлари ҳақида гапирган "мустақил" экспертлар Қозоғистон ҳукумат доираларида ишловчи амалдорлардан ташкил топган.

Theatlantic.com ва eurasianet.org сайтлари CNN халқаро каналини Қозоғистон ҳақида бир томонлама кўрсатувлар тайёрлаганликда айблаган.

30 дақиқадан иборат "Қозоғистонга назар" кўрсатувлар туркуми қисқа ҳолатда 9 га бўлиниб намойиш этилганди.

Eurasianet.org сайтининг маслаҳатчиси Майлс Смит кўрсатув промосида кўриниши берган ҳомийларнинг номига эътибор қаратади.

Кўрсатувга ҳомийлик қилган Самруқ Қазина давлатнинг миллиардлаб долларини назорат қилувчи ҳукумат жамғармаси, Остона Иқтисодий форуми эса президент Назарбоевнинг ташаббуси меваси эканлиги айтилади.

Веб саҳифа ушбу кўрсатувга Қозоғистон ҳукумати бевосита ҳомийлик қилган деган хулосага келади ва бу холисликнинг йўқолишига олиб келганини айтади.

Жумладан, кўрсатувда қатнашган экспертлар Қозоғистон эришган ютуқларини санайди.

Энергетика соҳасида эксперт сифатида гапирган Мурат Каримсаков Қозоғистоннинг "кучли ва ёрқин" энергетик иқтисодини ва ҳукумат олиб бораётган сиёсатни мақтайди.

- Нимага энди мақтамасин? Eurasianet.org нинг таъкидлашича Каримсаков ундан изоҳ беришни сўраган ҳукуматга ишлайди. Каримсаков Қозоғистон президенти раҳбарлигидаги "Олимларнинг Оврўосиё клуби" давлат уюшмаси бошқарма бошлиғи сифатида ишлайди, дейди Theatlantic.com сайти журналисти Макс Фишер.

Танқидчилар CNN ни ўзи тан олишни истамасада расмий Остонага сотилганликда айблайди.

Кўрсатувнинг холис чиқиши учун Қозоғистондаги иш ташлашлар, сўз эркинлиги бўғилиши ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши каби ҳолатларга кўз юмилгани танқид қилинади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги воизи Алтай Абибуллаев Би-би-си билан суҳбатда Қозоғистон ҳақида ҳар қандай материал тайёрлаш CNNнинг ички сиёсати эканлигини айтди.

Кўрсатув тайёрлашга Қозоғистон томонидан бирор таъсир бўлмаган.

"Аввало шуни айтиш керакки, CNN бу каби дастурларни фақат Қозоғистонга атаб тайёрламайди. Олмония, Полша, Филиппин ва бошқа давлатларга назар солган кўрсатувлари мавжуд. Бу CNN нинг тактикаси ва муҳаррирлик дастури. Ушбу дастурни шаклланишига ҳеч ким четдан аралашмаган. Таҳлилчилар ёда изоҳ берувчиларни танлашда ҳам CNN ўз ички сиёсатидан келиб чиқиб йўл тутган", дейди Алтай Абибуллаев.

Биз билан суҳбатда бўлган оддий қозоғистонликларнинг кўпчилиги 9 қисмдан иборат бўлган ушбу кўрсатув ҳақида ҳеч нарса билмаслигини билдирди.

Остонадаги ташкилотларнинг бирида ишловчи Ассем ушбу кўрсатув ҳақидаги танқидларни ўқиган холос.

"Агар CNN бу ҳақда гапирса бу уларнинг сиёсатига қарши келмайди, уларни ҳеч ким бизни мақташга мажбур қилгани йўқ. Қозоғистоннинг бу борада қандайдир роль ўйнагани ҳам ёмон нарса эмас. Ҳар ким мамлакати ҳақида яхши гапларни эшитгиси келади. Агар CNN бунинг учун пул олган бўлса бу уларнинг муаммоси дейди", дейди Ассем.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи "Либерти" жамоатчилик жамғармаси президенти Галим Агелеуов Қозоғистон ҳукуматини ўз имиджини сунъий равишда кўтаришга ҳаракат қилаётганликда танқид қилади.

"Ҳукумат реал ҳаётни чаплаб ўзи чизган пиар стратегиялар оламида яшагани ёмон. Бизга картина эмас, реал ҳаёт керак. Экспертлар холис одамлар бўлиши зарур. Кўрсатувда турли позиция ва бир неча таҳлилчи ва экспертлар қатнашиши лозим. Ушбу фикр билдирувчиларнинг орасида Қозоғистонда нималар содир бўлаётганини гапира олувчи фуқаролик жамиятининг мустақил вакиллари бўлиши керак", дейди Галим Агелеуов.

Ҳуқуқбонга кўра 2011 йили Жанаўзенда бўлган қонли тўқнашувлар CNN да деярли ёритилмади. Ҳукумат полицияси томонидан тинч аҳолини отиб ташланиши ушбу халқаро телеканал деярли эсланмади.

Агелеуов жаноблари Қозоғистоннинг бугунги ҳолатини айнан Жанаўзен ҳодисаси белгилаб беришини ва мамлакат ҳақидаги бундай кўрсатувларда ушбу воқеани эсламаслик нотўғри қарашларни шакллантириши мумкинлигини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ