'Тоғли Бадахшондаги жангарилар қуролларини ташламоқчи эмаслар'

Image caption Хоруғдан келаётган хабарларни текшириш мушкул бўлмоқда.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон хорижий элчилар билан учрашувда қуролли гуруҳлари қонунга бўйсундириш учун ҳамма чорани кўришлари ҳақида айтган пайтда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурияти жангариларнинг қуролларини ташлаш ниятлари йўқ, дея баёнот тарқатган.

Тожикистон ҳукумати билан ҳукумат кучларига қуролли қаршилик кўрсатаётган гуруҳлар билан музокараларда 28 июлгача танаффус эълон қилинган эди.

Оташкесим вақтининг кечки соат 18 гача экани хабар қилинган.

Ҳукумат Тоғли Бадахшондаги "жиноий гуруҳлар"ни қурол-аслаҳалари билан таслим бўлишни ва хавфсизлик генералини ўлдиришда гумон қилинган шахсларни ҳукуматга топширишни талаб қилган.

Маълумотларга кўра, расмийлар тақдим этган рўйхатда 17 киши бор.

28 июл куни Тоғли Бадахшон Мухтор вилояти маъмурияти баёнот эълон қилган.

Баёнотга кўра, Тожикистон ҳукуматининг Толиб Айёмбеков раҳбарлигидаги "уюшган жиноий гуруҳ" билан тинчлик музокараларини олиб бориш ҳаракатларидан натижа бўлаётгани йўқ.

"Тожикистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасининг Тоғли Бадахшон Мухтор вилояти бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров ўлдирилган биринчи кунданоқ ҳокимият Толиб Айёмбеков билан тинчлик музокаралари олиб боришга ҳаракат қилди, бироқ самарасиз. Фурсатдан фойдаланиб Толиб Айёмбеков атрофига қуролланган одамларнинг гуруҳини тўплади, бу билан жиноятнинг холис терговига тўсқинлик қилди. Энг асосийси, жиноий фаолияти билан тинч аҳолини хавф остига қўйди", дейилади Тоғли Бадахшон Мухтор вилоятининг маъмурияти эълон қилган баёнотда.

Вилоят расмийларига кўра, ҳали ҳам йўллардаги баррикадалар олиб ташланмаган.

"Қўпорувчи кучлар ҳамон аҳолини санкция берилмаган митингга чиқишга ундамоқдалар", дейилади баёнотда.

Йўллар тўсиб қўйилгани сабабли Хоруғга йўл олган 70 дан ортиқ турли юк, жумладан, озиқ-овқатлар ҳам ортилган автомобиллар Танги деган жойда тўпланиб қолганини айтишган Бадахшон расмийлари.

Бир кун олдин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Буюк Британия, Олмония, Франция элчилари, Душанбе шаҳридаги АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотлари идоралари вакиллари билан учрашган.

Тожикистон оммавий ахборот воситаларининг Президент Имомали Раҳмондан иқтибос келтиришларича,"ноқонуний қуролли гуруҳлари қуролларини ташлашлари ва қонун ҳамда ҳуқуқ-тартиботга бўйсунишлари учун ҳамма чоралар кўрилади".

Хабарларга кўра, хорижий мамлакатлар элчилари жиноят содир этганларга қарши махсус амалиёт ўтказиш зарурлигини яхши тушунишларини айтганлар, бироқ тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳимлигини таъкидлаганлар.

28 июл куни Тожикистон Бош прокуратураси хабар тарқатишича, Хоруғда махсус амалиётлар бошланишидан олдин Душанбедан хавфсизлик генерали ўлимини тергов қилиш учун борган беш прокуратура ходими гаровга олинган.

Хоруғдаги ҳодисаларда Тожикистон расмийлари 40 дан ортиқ одамнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилганлар.

Бироқ маҳаллий аҳоли вакиллари қурбон бўлганлар сони кўплиги, ҳалок бўлганлар орасида болалар ва аёллар ҳам борлиги ҳақида айтишади.

Расмийлар 30 жангарининг қўлга олингани, 36 жангари яралангани ҳақида хабар тарқатишган.

Бу мавзуда батафсилроқ