Тожикистон Мудофаа вазири Бадахшон учун кечирим сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Бадахшондаги воқеаларда қурбон бўлганларнинг сонига оид қарама-қарши хабарлар мавжуд

Тожикистон оммавий-ахборот воситалари хабарларига кўра, Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоев Тоғли Бадахшондаги талофатлар учун бадахшонликлардан кечирим сўраган.

Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти экспертларидан Абохон Султонназаровнинг ёзишича, минтақа фуқаролар урушидан кейин эyдигина жароҳатлари битиб, бадахшонликлар ўзларини ягона Тожикистоннинг бир қисми сифатида ҳис қилаётган эдилар ва бу туйғуларга ҳукумат кучларининг махсус амалиётлари оқибатида зиён етган.

Би-би-си Форс Хизмати ходими Саймуддин Оймаматовга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар 20 киши экани ҳақида расмий хабарлар бор эди ва Тожикистон Мудофаа вазирининг сўзлари бу хабарларни тасдиқлагандек.

Лекин жаноб Хайруллоевнинг ўзи қурбонларнинг аниқ сони ҳақида бирон нарса айтмаган.

Биз Тожик журналисти Абохон Султонназаровдан мудофаа вазирининг кечирим сўрагани бу жароҳатларни озроқ бўлса ҳам юмшатмайдими, деб сўрадик:

ЖАВОБ: Биласизми, тўла кечирим сўраш маъносидаги баёнот эълон қилингани йўқ. Бу гап Бадахшондаги маҳаллий одамлар билан учрашув пайтида айтилган. Суҳбат пайтида Мудофаа вазири Хайруллоев "Биз кечирим сўраймиз", деб айтган. Унинг асосий гапи президент яқинда сизларнинг олдингизга Бадахшонга келади, деган гап бўлган. Менимча, мана шундай ҳарбий амалиётдан кейин бу баёнот ўринсиз қилинган баёнот бўлган.

САВОЛ: Нима бўлганда ҳам, агар Тожик матбуоти бу ҳақда хабар тарқатаётган бўлса, балки бу Бадахшон халқи эшитишни истаётган гапдир?

ЖАВОБ: Балки. Халқ бундай кечирим сўралишини кутмаган бўлса ҳам керак. Агар одамларнинг фикри билан қизиқадиган бўлсак, менимча, халқ Мудофаа вазирининг бу гапини эътиборсиз қолдиришди.

САВОЛ: Агар бу атайин мақсаддаги кечирим бўлмаса ҳам, Мудофаа вазирининг бўлган воқеадан афсусда эканининг ўзи аҳамиятли эмасми?

ЖАВОБ: Сиз ўзингиз ҳам уларнинг ҳарбий амалиётларининг мақсад ва вазифалари бир неча марта ўзгарганидан хабардорсиз. Охир-оқибат улар ўзи истаган мақсадга эмас, шунча талофат ва вайронагарчиликка дуч келдилар. Шунинг учун ҳам улар аҳволни силлиқлаш учун нимадир қилишлари керак эдилар-ку. Айнан ўша пайт Хайруллоев Бадахшонда эди ва бу гўёки халқ олдида узр сўраш учун қулай фурсат бўлган. Лекин бу кечирим билан тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ўрнини, зарарлар ўрнини қоплаб бўлмайди.

САВОЛ: Уларнинг бошида мақсадлари бошқа эди, оқибат эса бошқача бўлди, деганда сиз айнан нимани назарда тутаяпсиз?

ЖАВОБ: Бошида улар "бизнинг мақсадимиз генерал Назаровни ўлдирганларни қўлга олиш ёки йўқ қилиш", дейишди. Кейин эса мақсадимиз Тоғли Бадахшондаги бандит гуруҳларни йўқ қилиш, деб эълон қилишди. Кейин эса - ўт очиш тўхтатилганидан кейин қарийб "75 кишини бизнинг қўлимизга топширинглар", деган талабни қўйишди. Бу талаб бажариб бўлмас талаб эди, айрим хабарларга кўра, ўша 75 кишининг орасида аллақачон Россияда яшаб, ишлаб юрган инсонларнинг исми-шарифлари ҳам бўлган. Охирида эса "ҳамма амнистия қилинади, бизга фақат генералнинг қотиллари бўлган 3 ёки 4 киши керак", дейишди.

САВОЛ: Сиз ўзингизнинг мақолангизда бадахшонликлар ўзига хос, бошқа тожикистонликлардан фарқли эканликларига қарамасдан, охирги йилларда ўзларини ягона Тожикистоннинг бир қисми сифатида ҳис қилишни бошлаган эдилар, деб ёзгансиз. Нима деб ўйлайсиз, охирги ҳодисалар мана шу ҳис-туйғуларга нақадар шикаст етказди?

ЖАВОБ: Менинг ўзим ўша ерда туғилганман. Ҳа, Бадахшон халқи менталитетида ўзига хослик бор. Бироқ фуқаролар урушидан кейин бадахшонликлар "биз Тожикистон таркибида бўлишимиз керак", деган хулосага келгандилар. Охирги 3-4 йилда "сен помирликсан, помирлик эмассан" деган гап-сўзлар ҳам йўқолганди. Одамлар умумий бизнес қила бошлаганлар, ёшлар орасида мулоқот кучайган, глобализациянинг таъсири сезила бошлаганди. Бадахшонликларда ягона Тожикистон ватанпарварлиги юзага келганди, десак бўлади. Охирги амалиётлар эса авваламбор иқтисодий зарарлар келтирди, минтақа ўзи шундоқ ҳам камбағал. Энди яна кичик бир ёриқ пайдо бўлди, одамларнинг кўнглида ёмон руҳий ахлоқий асорат қолди.

Бу мавзуда батафсилроқ