Ўзбек ёшлар футбол жамоаси Қирғизистондаги мусобақаларга бормади

Image caption Ўзбекистон ўсмир футболчиларининг бу мусобақага келмай қолгани ота-оналарининг хавфсирашларига боғлиқ.

4 августда Қирғизистонда ёшлар ўртасида " Дўстлик кубоги" халқаро турнири бошланган.

Унда Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон терма жамоалари ва Қозоғистон, ҳамда Россиянинг биттадан жамоалари иштирок этишади.

Бироқ Ўзбекистон ёшлар футбол жамоаси халқаро мусобақага қатнашишни рад қилган.

Қирғизистон Футбол федерациясининг бош котиби Асилбек Қодиралиевнинг айтишича, Ўзбекистон ўсмир футболчиларининг бу мусобақага келмай қолгани сиёсий асосларга эмас, балки ота-оналарининг хавфсирашларига боғлиқ.

Асилбек Қодиралиев болалар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақанинг қулай шароитда ўтказилиши учун давлат етарли хавфсизлик чораларини кўрганлигини айтади. Унга кўра, ўзбек федерациясининг ўзи ҳамкорликка тайёрлигини билдирган, бироқ жамоанинг келмай қолгани афсусланарлидир.

Бундай мусобақалар қўшни давлатлар спортчилари орасида мунтазам ўтказиб келинишига ҳаракат қилинган.

Ўтган йили пойтахт Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўсмирлар жамоалари ўртасида футбол мусобақаси бўлиб ўтганди.

Ўша мусобақани атайлаб Ўш шаҳридан келиб кузатган 26 ёшли футбол ишқибози Дилмурод ўзбек футбол жамоасининг бу сафар Қирғизистонга келмай қолганлигига афсусланади.

"Бу қарор, жамоанинг келмагани нотўғри бўлган деб ўйлайман. Ўзбекистон жуда катта ҳисоб билан Қирғизистонни ўз ўйингоҳида мағлуб қилганди. Ўйин яхши бўлганди"

Сиёсатшунос Санжар Тожиматов каби бир қатор таҳлилчилар икки давлатнинг совуқ муносабатлари энди спорт доирасига ҳам тарқаляпти, деб ҳисоблайди.

Таҳлилчининг фикрича, спорт жамоаларининг қўшни давлатларга бормаслиги бу фақат Марказий Осиё давлатлари ўртасида турли доиралардаги ишонмаслик ва ҳар томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўқ эканлиги нишонларидан биридир.

Спорт мухлиси Дилмурод эса ўтган йилдаги ёш футболчилар ўртасида мусобақаларнинг натижаларини ҳисобга олиб, бу йил ҳам ўтқазилса яхши бўларди, деб ҳисоблайди.

"Томошабинлар орасида ўзбек спортчиларига қарши ҳар хил чақириқлар, қийқириқ-сўкинишлар бўлди. Лекин майдондаги ўйинчиларнинг ўзини тутиши катта роль ўйнайди-да. Майдондагилар рақибларига яхши муносабатда бўлиб, профессионал спортчилар қатори ҳурмат кўрсатишгани жуда яхши кўринганди".

2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида рўй берган қонли миллатлараро низолардан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар совуб кетгани кузатилади.

Икки давлат ўртасидаги чегара ҳам ҳали бутунлай очилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ