Қорадори билан ушланган тожик полициячисига ҳукм ўқилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хатлон вилояти Фарҳод тумани Ички Ишлар бошқармасида гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Фаридун Умаров етти йилга озодликдан маҳрум этилган.

Тожик маҳкамаси полиция ходимини гиёҳванд моддаларни сақлаш ва сотиш билан шуғулланишда айбдор деб топган.

Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раис ўринбосари Мансур Умаровнинг укаси бўлган Фаридун Умаров шу йилнинг бошида гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда гумон қилинган бир қанча полиция ходимлари билан бирга қўлга олинган.

Суриштирув томонига кўра, полициячи Умаров юқори лавозимли қариндошининг хизмат вазифасидан фойдаланиб, Афғонистон билан чегарадош Хатлон вилоятидаги туманлар ва Душанбе шаҳрида қорадори савдосини назорат қилиб келган.

Ҳуқуқ ташкилотларининг маълумотларига биноан, Фаридун Умаров Тожикистон Ички Ишлар Вазирлиги ва мамлакат хавфсизлик қўмитасининг кўпгина ходимларидан ташкил топган ноқонуний гуруҳга бошчилик қилган.

Гиёҳванд моддаларнинг савдоси билан шуғулланган яна уч Тожикистон фуқаролари, жумладан "Хамер" лақабли Рустам Ҳаитовга узоқ муддатли қамоқ жазолари берилган.

Кузатувчилар бу каби ҳодисалар Тожикистонда хавфсизлик ходими, юқори лавозимли мансабдор ёки унинг қариндоши наркобизнесга аралашган биринчи иш эмаслигини айтишади.

Ўтган ҳафтада чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси Панждан Душанбега томон қорадорини олиб ўтмоқчи бўлганда ушланган эди.

Тинтув вақтида ҳарбий хизматчининг шахсий машинасидан 20 кгдан ортиқ героин, 320 кило гашиш ва 37 килограмм опиум моддаси топилгани айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ