BBC navigation

Рамазонда рўзадорларни нишонга олган худкушлик ҳужумлари қораланмоқда

Сўнгги янгиланиш 15 август 2012 - 10:52 GMT

Рамазон ойи якунида Қундуз ва Нимрўз вилоятларидаги гавжум бозорларни нишонга олган худкушлик ҳужумлари кескин қораланмоқда.

Афғон расмийлари портлашлар 48 инсоннинг умрига зомин бўлгани, 130 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берганлар.

14 август, кўплаб мусулмонлар "Лайлатул-қадр" кечаси арафаси деб билган куни кечга яқин худкуш ҳужумчилар бозорларни нишонга олганлар.

Мухбирларга кўра, бу пайтда мусулмонлар ифторлик ёки яқинлашиб келаётган Рамазон Ҳайити учун бозорлик хариди билан банд бўлганлар.

Ҳалок бўлганларнинг аксари болалар ва мева-сабзавот билан савдо қилувчилар бўлганлар.

Дастлабки худкуш ҳужумчи ўзини Афғонистоннинг Эрон чегарасига яқин Заранж туманидаги бозорда портлатган.

Заранжда 36 инсон ҳалок бўлган.

Орадан кўп ўтмай Қундуз вилояти полицияси портлаш 12 инсоннинг умрига зомин бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Қундуз вилоятининг Дашти Арчи тумани ҳокими Би-би-сига айтишича, бомба ўрнатилган мотоцикл асосий хиёбонга ташлаб кетилган.

Қурбонларнинг аксари тинч фуқаролар, жумладан болалар

Икки ҳодисада ҳам ҳужумчилар одамлар гавжум жойларни танлаганлар.

Саудия Арабистонида бўлиб турган Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳужумларни кескин қоралаган, бу ҳужумлар уларни ташкил қилганларнинг Ислом дини душмани эканини кўрсатади, деган.

"Афғонистоннинг душманлари муқаддас Рамазон ойи ҳақида ўйламайдилар", деган Президент Карзай.

Заранж туманидаги истиҳборот хизмати мулозимининг Би-би-сига айтишича, ҳудудга ўзини портлатиш мақсади билан 14 тача худкуш ҳужумчи киритилган.

Улардан айримлари душанба ва сешанба кунлари ҳибсга олинганлар.

Бошқа бир афғон мулозимининг айтишича, ҳужумлар бошланган пайтда полиция гавжум бозорда худкуш ҳужумчиларни излаётган бўлган.

Афғонистондаги НАТО қўшинлари қўмондони генерал Жон Аллен ушбу ҳужумларни қоралаган, бу ҳужумларни "қасддан оммавий қотиллик" деб атаган.

Генерал Жон Аллен номидан тарқатилган баёнотда Толибон раҳбари Мулло Умарга мурожаат қилинган, "қотилларини жиловлаб олиш"га чақирилган.

Бироқ ҳужумларнинг эртаси куни кечга қадар ҳам Толибон ушбу ҳужумларга муносабат билдирмаган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.