BBC navigation

Бишкекка Россияда ташлаб кетилган гўдаклар келтирилган

Сўнгги янгиланиш 18 август 2012 - 14:20 GMT

Москвадан Бишкекка оналари қирғизистонлик деб кўрилган аёллар ташлаб кетган олти гўдак келтирилган.

Болаларни олиб келишга Қирғизистоннинг Ижтимоий тараққиёт вазирлиги бош-қош бўлган.

Махсус транспорт учоғида болаларни шифокорлар ва вазирлик ходимлари кузатиб келганлар.

Ижтимоий тараққиёт вазирлиги вакиллари дастлаб болаларнинг саломатлиги текширилиб кўрилиши, кейин махсус болалар уйига жойлаштирилишини айтганлар.

Мулозимларга кўра, гўдаклардан айримларининг кимнинг фарзанди экани маълум, Қирғизистонга келтирилганидан кейин уларнинг қариндошларини топиш ва болаларни қариндошларига топширишга ҳаракат қилинади.

Қирғизистон ҳукумати ташландиқ болаларни оналари ватанига қайтариш амалиётларини ўтган йили бошлаган.

Шу мақсадга бир миллион Қирғиз соми, тахминан 23 минг АҚШ долларига тенг маблағ ажратган.

Ўтган йили 2 та, шу йил бошида уч гўдак Россиядан келтирилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимларига кўра, йил охиригача 15 кичкинтойни олиб келишни режалаштирмоқдалар.

Ижтимоий Тараққиёт вазирлиги аҳолига мурожаат қилиб, бола боқиб олиш истагидаги инсонларнинг вазирлик бошқармалари билан боғланишларини сўраган.

Россия матбуоти хабарларига кўра, меҳнат мухожири бўлиб борган аёлларнинг туққан чақалоқларини туғруқхона, болалар уйлари ё кўчаларга ташлаб кетишлари ё ўлдиришлар ҳоллари кўпайган.

Сўнгги ҳодисада Самара шаҳрида ўзининг 4 ойлик чақалоғини сотишга ҳаракат қилган ўзбекистонлик 17 ёшли аёл полиция томонидан ҳибсга олинган.

Аёл чақалоғи учун 35 минг Россия рубли сўраган, ўзини харидор қилиб кўрсатган полициячилар аёлни ҳибсга олганлар.

Терговда ўзбекистонлик Россия паспортини олиш мақсадида чақалогини сотмоқчи бўлганини тан олган.

Москвада 2009 йилдан буён фаолият юритаётган "Даргил Наник"(Мени топгин, онажон) деб номланган хайрия ташкилоти раҳбари Мемоншо Мемоншоев, "бунинг асосий сабаби одамларнинг тарбияси бузилгани", дейди.

"Бугунги кунда Россияда 130 минг ташлаб кетилган бола яшаяпти. Уларнинг 80 фоизининг ота-онаси тирик", дейди Мемоншо Мемоншоев.

"Менинг ўзим болалар уйида катта бўлганман. Болалигимизда боласини кўчада ташлаб кетиш у ёқда турсин, ҳайвоннинг боласини кўчага отишга одамларнинг кўнгли бўлмас эди. Бугунги замон ёшларининг ҳаётга енгил қарашлари бунинг асосий сабаби. Ўзбекистоннинг, Тожикистоннинг қишлоғидан бу ерга келишади. Ҳомиладор бўлиб қолганидан кейин "туғиб туғруқхонага ташлаб кетаман, бу ҳақда қишлоғимда ҳеч ким билмайди", деган ўй билан мана шу ишга қўл урадилар. Мана бизнинг "Даргил Наник" хайрия ташкилотимизни тузганимиздан кейин боласидан воз кечмоқчи бўлган аёлларга ёрдам бериб, 54 чақалоқни онаси бағрида қолишига эришдик. Тўғри, шундай ҳолатлар ҳам учрайди: чақалоғи туғилгандан кейин ташлаб кетиб, орадан 1 йил-2 йил ўтиб, боласини қайтариб олмоқчи бўлиб келган аёллар ҳам бўлди. Лекин яшаш жойи йўқлигидан, иқтисодий мушкуллик туфайли чақалоғидан воз кечадиган аёллар ҳам бўлади", дейди Мемоншо Мемоншоев.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.