BBC navigation

Олма-ота яқинида 9 жангари ўлдирилган

Сўнгги янгиланиш 17 август 2012 - 07:43 GMT

Сўнгги йиллари Қозоғистон қатор зўравонликларга саҳна бўлмоқда

Шу йилнинг 11 июл куни вилоятнинг Таусамали шаҳарчасида портлаш юз берган ва инсоний талофатларга сабаб бўлганди.

Расман билдирилишича, ушбу жиноий иш доирасида олиб борилаётган тезкор-қидирув амалиётлари чоғида “Тан” массивида жойлашган уйларнинг бирида ўша портлашни амалга оширишда гумон этилаётган шахслар аниқланади.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг расмий баёнотида маълум қилинишича, ҳибсга олиш жараёнида гумондорлар ўз ихтиёрлари билан таслим бўлишдан бош тортиб, махсус бўлинма ходимларига қарши ўт очишади. Натижада улардан бири яраланади.

Яқин-атрофдаги уйларда яшайдиган одамлар тезда хавфсиз жойга кўчирилади ва бу қуролли шахслар яширинган ҳовли қуршаб олиниб, уларни зарарсизлантириш амалиёти бошланади.

Махсус амалиёт ортидан 9 кишининг жасади топилгани ва ҳозир уларнинг шахсларини аниқлаш устида иш олиб борилаётгани айтилмоқда.

Масъулларга кўра, тинч аҳоли орасида бирон талофат йўқ. Улар тезкор-қидирув ишлари ҳануз давом этаётганини ҳам айтишган.

Яқингача “Марказий Осиёдаги барқарор мамлакат” деб кўрилган Қозоғистон сўнгги йилларда қатор худкуш ҳужумлари ва портлашларга саҳна бўлмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.