BBC navigation

Қовун ва тарвуз президент шарафига номланди

Сўнгги янгиланиш 18 август 2012 - 12:43 GMT

Қовуннинг янги нави "Аркадағ" деб номланса, тарвузники "Президент" деб аталадиган бўлди

Туркманистонда кашф қилинган янги қовун нави мамлакатнинг чавандоз, қўшиқчи, спортчи ва ёзувчи президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов шарафига "Аркадағ" деб аталадиган бўлди.

Маҳаллий аҳоли президентларининг ўзига хос мақоми билан аталувчи полиз маҳсулотларидан ўтган якшанба куни пойтахт Ашхободда бўлиб ўтган анъанавий Туркман қовуни кунида баҳраманд бўлишди.

Уларни ихтиро этган маҳаллий селекционернинг айтишича, меҳнати маҳсулининг "таъмига гап йўқ", "мағзи ғарж-ғурж қилади", қурғоқчилик ва ҳар қандай зараркунандаларга бас келиши билан ажралиб туради.

Хабарларда исм-шарифи келтирилмаган селекционер биргина қовуни билан кифояланмай, ўзи янги ихтиро қилган тарвузини ҳам "Президент", деб аташга қарор қилибди.

Бу каби анъана бошқаруви даврида шахсга сиғиниш қанчалик кенг илдиз отгани билан бутун дунёда тилга тушган марҳум президент Сапармурот Ниёзов даврида ҳам кузатилган.

Жаноб Ниёзовнинг президентлиги чоғида етиштирилган янги қовун нави ҳам "Туркманбоши" номи билан аталган.

Марҳум президентнинг ўзи эса, ой ва ҳафта номларини ўзи ва оила аъзоларининг исм-шарифлари билан ўзгартириб, анчагина шов-шувларга сабаб бўлганди.

Яна шахсга сиғинишми?

Гурбангули Бердимуҳаммедов 2007 йилда, Туркманбошининг кутилмаган ўлими ортидан қудратга келганди.

Жаноб Бердимуҳаммедов орада муайян ислоҳотларга қўл урган эса-да, маҳаллий кузатувчилар сўнгги пайтларда Туркманистонда унинг шахсига сиғиниш ҳоллари ҳам кучайиб бораётганини айтишади.

Дейлик, бошқарувни ўз қўлига олганига ҳеч қанча вақт бўлмай, президент Бердимуҳаммедов марҳум Ниёзовга ўхшаб, аллақачон кўплаб унвонлар ва мукофотлар олишга улгурган.

У Тиббиёт ва Иқтисодиёт фанлари доктори, Туркманистон Қуролли кучлари генерали ва Туркманистон Фанлар академияси академиги саналади.

Бундан ташқари, спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун карате бўйича қора белбоқ соҳибига ҳам айланган.

Яқинда "Туркманистон қаҳрамони" унвони берилган ва ундан аввал Руминиядаги Халқаро алоқалар ва иқтисодий ҳамкорлик институти томонидан "Йилнинг одами", деб ҳам топилган.

"Туркманистон қаҳрамони" унвони эса, фақат давлат ва халқ олдида мислсиз хизмат қилган Туркманистон фуқароларигагина берилади.

Ўтган йилнинг август ойида Туркманистон Оқсоқоллар кенгаши Гурбангули Бердимуҳаммедовга "Аркадағ" ("Орқатоғ") унвонини бериш таклифи билан чиққанди.

Ушбу унвон расман овозга қўйиб тасдиқланмаган бўлса-да, ўшандан буён мамлакатда кенг қўлланила бошлаган.

Туркманистонлик айрим шоир ва ёзувчилар аллақачон президентнинг янги мақомини мадҳ этиб, шеъру ашулалар ҳам битишган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.