BBC navigation

Тожикистонда маҳкумлар ўртасида Қуръон тиловати бўйича мусобақа ўтказилган

Сўнгги янгиланиш 23 август 2012 - 13:08 GMT

Душанбе марказида жойлашган қамоқхонада маҳкумлар ўртасида Қуръони Мажид тиловати бўйича мусобақа ўтказилган.

Тожикистондаги мухбирларимизнинг айтишича, жазо муассисаларида илк бор йўлга қўйилган мазкур тадбир Тожикистон Адлия вазирлиги ва Исломий марказ ва қамоқхона раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилган.

Тожикистон қамоқхоналарида ноқонуний диний фирқаларга аъзоликда айбланиб, юзлаб инсонлар сақланиши айтилади.

Қуръон тиловати мусобақасини ўтказишдан мақсад эълон қилинмаган, тадбир маҳбусларнинг ҳоҳиши асосида ўтқазилгани маълум қилинган.

Маҳкама томонидан турли диний айбловлар билан қамалган, Ҳизбут Таҳрир, Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Салафия, Жамоати Таблиғ каби турли исломий гуруҳларнинг тарафдорлари ва аъзолари бор.

Маълумотларга кўра, Тожикистондаги баъзи қамоқхоналарда гуруҳлар ўзларининг турли тарғибот ишларини олиб боришга муваффақ бўлиб, маҳбуслар ичидан ўзларига янги аъзолар танлаб олишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шундан келиб чиқиб, ҳукумат қамоқхоналарда маҳбусларни исломнинг расман қабул қилинган йўл-йўриқларига жалб қилишга ҳаракат қилиш мақсадида бундай мусобақаларни ташкил қиляпти, дейиш мумкин.

Аниқ бўлишича, мусобақа ҳозирча Душанбенинг фақат 3/1 рақамли қамоқхонасида ўтказилган.

Тадбир Тожикистон Ислом маркази, Ислом Уйғониш партияси томонидан моддий қўллаб-қувватланган. Шунингдек, қатнашувчиларга 80дан ортиқ диний адабиётлар, ғолибларга жойнамозлар берилган.

Тожикистон Ислом маркази 1500 сом, яъни 300 АҚШ доллари миқдорида пул ажратган. У пул ғолиб чиққан маҳбусларга тақсимлаб берилган.

Энди мусобақалар ҳозирча фақат моддий томондан тақдирланган бўлса, кейинчалик маҳбусларнинг қамоқхонадаги жамоат ишларида фаолликлари, интизомига қараб улар шартли равишда муддатидан аввал озод қилиниши мумкин, деган фикрлар ҳам айтилган.

Қамоқхоналар қаттиқ қўриқланиши сабабли мухбирларимизга нечта одам қатнашганлигини аниқлашнинг иложи бўлмаган.

Лекин олинган маълумотларга кўра, қатнашишни хоҳлаганларнинг сони жуда кўп бўлган.

Мусобақанинг якуний босқичига энг кучлилари қўйилган.

Тожикистон Ислом маркази вакиллари бу тадбирни қўллаб қувватлашларини айтишган. Келгусида режалаштирилган шундай мусобақаларга ҳар қандай кўмак беришга тайёрликларини билдиришган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.