BBC navigation

Ўзбекистон Душанбега ўтказилиши керак бўлган маҳбуслар транзитига рухсат бермаган

Сўнгги янгиланиш 27 август 2012 - 11:26 GMT

Тожикистон жазони ўташ муассасалари мамлакатнинг асосан марказий ва жанубий ҳудудларида жойлашган

Тожикистон Адлия вазирлиги қошидаги жазоларни ижро этиш идораси маълум қилишича, идора маҳкумларни Тожикистон шимолидан мамлакат жанубидаги қамоқхоналарга ўтказишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Жазоларни ижро этиш идораси масъуллари хабарига кўра, қўшни Ўзбекистон Хўжанддан Душанбега ўтказилиши керак бўлган 117 нафар маҳбус транзитига рухсат бермаган.

Айтилишича, Ўзбекистон масъуллари одатда қуролли аскар ва зобитлардан иборат бўлувчи конвойларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали поездда ўтиб кетишларига изн беришмаган.

Жазоларни ижро этиш идорасининг масъули Гулзора Тайроншоеванинг айтишича, 117 нафар маҳкумни Сўғд вилоятидаги қамоқхоналардан тоғли довонлар орқали мамлакат жанубидаги қамоқхоналарга машиналарда олиб ўтиш ўта хатарлидир.

Зеро тоғли довонлардан ўтиш пайтида маҳкумларнинг қочиш эҳтимоли ўта юқоридир, деб айтган Гулзора Тайроншоева.

Унинг илова қилишича, Сўғд вилоятида аёл ва вояга етмаган маҳкумларни сақлашга мўлжалланган махсус тартибдаги қамоқхоналар бўлмагани учун маҳкумлар Тожикистон жанубидаги жазони ўташ колонияларига ўтказилиши зарур.

Бошқа тарафдан, Гулзора Тайроншоеванинг айтишича, тартибга мувофиқ мамлакат жанубидан бўлган маҳкумлар шимолий қамоқхоналарда, шимоллик маҳкумлар эса Тожикистон жанубидаги қамоқхоналарида жазо ўташлари шарт.

Аммо, кузатувчиларга кўра, баъзи мавридларда ушбу тартиб Жазоларни ижро этиш идораси томонидан ҳам бузилади.

Мисол учун, мамлакатнинг энг кўзга кўринган маҳкумларидан бири, Тожикистон собиқ ички ишлар вазири Ёқуб Салимов бир неча йилдан буён муваққат ҳибсхонадан қамоқхонага ўтказилмаган.

Ёқуб Салимовнинг ўзи бир неча бор уни қамоқхонага ўтказишларини сўраб расмий идораларга мурожаат қилган, аммо унинг бу мурожаатига ҳозирга қадар жавоб берилгани йўқ.

Ўтмишда Тожикистон шимолидан маҳкумларнинг аксари поезд воситасида мамлакат жанубидаги қамоқхоналарга ўтказилар эди.

Аммо шу йил ёзида Тожикистон Темир Йўллари ширкати йўловчилар кам бўлгани туфайли Хўжанд-Душанбе йўналишидаги поездлар қатновини бекор қилди.

Тожикистон жазоларни ижро этиш идораси вакилининг айтишича, маҳкумларни учоқлар воситасида «этап» қилиш ўта қиммат бўлиб, идорада бундай маблағ йўқ.

Аммо, бошқа ёндан, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган маҳкумлар ўтмишда учоқлар воситасида Тожикистон жанубидаги қамоқхоналарга кўчирилган пайтлар бўлган.

Ҳизб ут-Таҳрир каби Тожикистонда фаолияти ман этилган диний фирқаларга аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳркум этилган маҳкумлар кўп ҳолларда уларни шимолий минтақлардаги қамоқхоналарга «этап» этишларини талаб қилишади.

Уларнинг сўзларига кўра, Тожикистон жанубида тутқунликда бўлган маҳкумлар кўп ҳолларда ўз яқинлари билан учраша олишмайди.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳам бир неча йилдан буён Тожикистондаги қамоқхоналарга киришга ва бемор маҳкумларга ёрдам беришга ҳаракат қилиб келади.

Аммо ушбу халқаро ташкилот ва Тожикистон ҳукумати ўртасида кўплаб мулоқотлар бўлиб ўтган эса-да, Халқаро Қизил Хоч Тожикистондаги қамоқхоналарга киришга муваффақ бўла олмаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.