BBC navigation

Қирғизистон: Уч собиқ коалициячи партия янги ҳукумат тузишмоқчи

Сўнгги янгиланиш 4 сентябр 2012 - 08:01 GMT
Собиқ ҳукумат

Қирғизистон ҳукумати 22-август куни тарқалиб кетганди

Амалдаги ҳукумат парчаланиб кетишидан икки ҳафта ўтиб, Қирғизистондаги уч партия янги коалицияга киришга рози бўлишган.

Бу гал собиқ маъмурият таркибида бўлган Қирғизистон Социал-демократлар партияси, "Ота-Макон" ва "Ор-Номус" партиялари янги коалиция тузиш истагини баён қилишган.

Ўтган шанба куни истеъфо берган Қирғизистон Бош вазири Омурбек Бабановнинг "Республика" партияси эса, янги иттифоқ таркибида бўлмайди.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ўтган ҳафта Социал-демократлар партиясига янги коалиция тузиш вазифасини топширганди.

Қирғизистоннинг сўнгги ҳукумати шу йилнинг 22 август куни тарқалиб кетганди.

Бунга "Ота-Макон" ва "Ор-Номус" партияларининг коалиция таркибидан чиқиб кетишлари сабаб бўлганди.

Улар мамлакат иқтисодининг танг аҳволга келиб қолгани ва Бош вазир кенг қулоч ёйган порахўрлик ҳолларининг олдини ололмаётганини айтиб, шундай қарорга келганликларини маълум қилишганди.

Коалиция аъзоларига кўра, янги Бош вазирликка бирор бир партия таъсири остида бўлмагани учун президент маъмурияти раҳбари Жонтўра Сотиболдиевнинг номзодини илгари суришмоқчи.

Унинг номзоди келаси ҳафта мамлакат парламентида овоз беришга қўйилиши кутилмоқда.

Қирғизистонда яқиндан бошлаб жорий этилган ва ҳозирча Марказий Осиёда ягонаси бўлган парламент тизимини Социал-демократлар партияси фаол дастаклаб келади.

Кеча бўлиб ўтган йиғинда коалиция аъзолари бирор бир янги сиёсатларини очиқлашмаган.

Бироқ бундан аввал асосий мақсадлари коррупцияга барҳам бериш ва Қирғизистонга сармоя жалб этиш эканини айтишганди.

Қирғизистон иқтисоди асосан Канаданинг Centerra Gold ширкатига тегишли "Қумтор" олтин конидан келаётган даромад ва четдаги меҳнат муҳожирлари юбораётган маблағларга қараб қолган.

"Ота-Макон" партияси аъзоларининг айтишларича, аввалги ҳукумат таркибидан чиқишга қарор қилишган пайтда Қирғизистон қарийб 3 миллиард долларлик ташқи қарзини тўлолмаслик даражасига келиб қолган бўлган.

Уч партиядан иборат янги коалиция ҳисобига 120 нафар парламент аъзосидан 67 таси тўғри келади.

"Ота-Макон" партияси лидери Омурбек Текебаев парламентдаги қолган икки мухолиф партиядан бўлган 15 нафар вакилни ҳам ўзларига оғдиришга умид қилмоқда.

Йилларки Қирғизистондаги сиёсий вазият беқарорлигича қолмоқда.

Қирғизистон сўнгги йилларда қатор инқилобларга саҳна бўлган ва бундан икки йил бурун мамлакат жанубида юз берган этник низоларда аксарияти ўзбеклардан иборат юзлаб инсонлар қурбон бўлишганди.

Минтақадаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлган Қирғизистонда ҳам АҚШ вa ҳам Россия ҳарбий базалари жойлашган. Ҳар икки давлат ҳам бу ерда ўз таъсирларини сақлаб қолишга уриниб келишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.