BBC navigation

Қозоғистон ғарбидаги портлашда бир киши қурбон бўлди

Сўнгги янгиланиш 5 сентябр 2012 - 12:33 GMT

Атирау вилоятида ўтган октябрда ҳам икки портлаш юз берганди

Қозоғистондан ҳозиргина олинган хабарларга кўра, ғарбий Атирау шаҳрида юз берган портлашда бир киши қурбон бўлган.

Ҳодиса шаҳарнинг Молдагулова кўчасида маҳаллий вақт билан тушки соатларда кузатилган.

Сўнгги хабарларда портлашда 1991 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг қурбон бўлгани айтилмоқда.

Ҳозир сатҳни полиция кучлари ўраб олган ва портлаш сабаби ўрганилмоқда.

Машиналарга хизмат кўрсатиш станцияларидан бирининг ҳовлисида юз берган портлаш сатҳидан ташқи кўриниши осиёлик бўлган ёш йигитнинг жасади топилган.

Жасаднинг ёнидан унга тегишли бўлиши тахмин этилаётган шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳам топилган.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг "Интерфакс" ахборот агентлигига айтишича, “жасаднинг икки билаги узилиб кетгани боис, портлашнинг портловчи ускуна ясалаётган ёки уни портлатишга ҳозирлик кўрилаётган пайтда юз бергани”ни фараз этишмоқда.

Бу – сўнгги пайтларда Қозоғистоннинг ғарбий Атирау вилоятида юз бераётган биринчи портлаш воқеаси эмас.

Ўтган йил октябр ойида Атирауда икки портлаш юз берган, улардан бирининг худкушлик ҳужуми экани айтилганди.

Кейин-чи?

Мамлакат масъуллари олиб борган текширувлари жараёнида ушбу ҳужумлар ортида "Жунд ал-Хилафа" ташкилоти турганини исботловчи далилларни қўлга киритганликларини маълум қилишганди.

Гуруҳ эса, портлашлар юз берган куннинг ўзидаёқ унга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққанди.

Бунинг ортидан Қозоғистон Бош прокуратураси "Жунд ал-Хилафа" ёки "Халифат аскарлари" гуруҳини террорчи ташкилот, деб эълон қилган ва унинг мамлакат ҳудудида фаолият олиб бориши тақиқланганди.

Қозоғистон Бош прокуратура идорасига кўра, мазкур ташкилот шу йилнинг ёз ойларида "Қозоғистон ҳудудида жиҳод олиб бориш учун" Афғонистондаги исломий жангарилар сафида жанг қилаётган ўз фуқаролари томонидан ташкил этилган.

Қозоғистонлик мулозимларнинг айтишларича, "гуруҳнинг лидерлари Афғонистон ва Покистон орасидаги чегара ҳудудларидан бошпана топишган".

Ўтган йилга қадар нефтга бой Қозоғистон Марказий Осиёдаги бошқа айрим қўшниларидан фарқли тарзда бу каби амалларга саҳна бўлмаганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.