BBC navigation

Суғдда икки кун ичида 7 киши ўз жонига қасд қилган

Сўнгги янгиланиш 5 сентябр 2012 - 10:59 GMT
Cуғд

Тожикистон шимолида ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг ортиши ҳукуматни ташвишга солган

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, масъуллар томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатнинг шимолий минтақаларида худкушлик ҳоллари кескин ортиб бормоқда.

Агар расмий маълумотларга қаралса, шимолий Суғд вилоятида ўтган икки куннинг ичида 7 киши ўз жонига қасд қилган.

Вилоятда жорий йил ҳисобидан худкушликка қўл урган инсонларнинг сони эса, 200 дан ортган.

Аён бўлишича, ўз жонига қадс қилиш ҳоллари аксаран 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган аҳоли қатлами орасида учрамоқда.

Ушбу мавзуни яқиндан ўрганган Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, қашшоқлик, иқтисодий қийинчиликлар, маиший зўравонликлар ва йилларки ҳал этилмай келаётган қатор ижтимоий-маиший муаммолар одамларни сўнгги йўлга ундамоқда.

Мухбиримиз ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳар икки жинс вакиллари орасида деярли бирдек қайд этилаётгани, аксарият осиб ўлдириш билан ўз ҳаётига нуқта қўйишга уринаётганини айтади.

Қолганлари эса, ўзларини заҳарлаб, ўзларига ўт қўйиб ёки ўзларини дарёга ташлаб, жонларига қасд этишни маъқул кўришган.

Мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, мамлакат шимолида вужудга келган бу каби вазият, ҳатто, мамлакат ҳукуматининг эътиборини тортиш даражасига етган.

Ҳукумат ҳам ташвишда, аммо...

"Одамларнинг ўзларини дарёга ташлаб, ўлдиришларининг олдини олиш учун маҳаллий масъуллар, ҳатто, милиция бўлинмаларини ҳам сафарбар этган ҳоллар бўлган", дейди мухбиримиз Искандар Фируз.

Унинг айтишича, жума намозлари чоғида аҳолини ўз жонига қасд қилишдан қайтариш учун махсус ваъзлар ҳам ўқилмоқда.

Қурбонларни ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб борган инсонлар устидан жиноий ишлар очилиб, ишлари маҳкамаларга ҳам оширилмоқда.

Аммо, мухбиримизга кўра, мамлакат шимолидаги мавжуд вазият олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларининг самарасиз бўлганини кўрсатмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар эса, ушбу муаммога барҳам бериш учун энг аввало Тожикистонда чуқур илдиз отган иқтисодий муаммоларга барҳам берилиши лозимлигини урғулашади.

Улар Шўролар даврида мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қараганда анчайин саноатлашган ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган бўлган шимолий минтақалари сўнгги йилларда қашшоқлашиб бораётганини айтишади.

Кузатувчиларга кўра, бугун Тожикистондаги камбағал оилаларнинг аксарияти мамлакат шимоли ҳиссасига тўғри келади.

Айрим маълумотларга қаралса, Тожикистонда аҳолининг ярмига яқини шундоқ ҳам ночорликда ҳаёт кечиради.

Уларнинг кундалик истеъмол харажатлари, ҳаттоки, 2 АҚШ долларига ҳам етмайди.

Мамлакатдаги минимал иш ҳақи эса, 20 АҚШ долларига етиб, етмайди.

Бу эса, дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан биридир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.