BBC navigation

Яқинда жангларга саҳна бўлган Хоруғга яна юзлаб аскарлар юборилган

Сўнгги янгиланиш 7 сентябр 2012 - 12:20 GMT

Хоруғ яқинда ҳукумат кучларининг кенг кўламли ҳарбий амалиётларига саҳна бўлганди

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, расмийлар сўнгги кунларда Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғга яна юзлаб махсус милиция бўлинмалари, миллий хавфсизлик кучлари ва президент гвардияси аъзоларини юборишмоқда.

У ердаги мухбирларимиз имконли бўлган хабарларга кўра, шу ҳафтанинг икки куни ичида минтақага яна 300 дан ортиқ аскар ташланган.

Шу йил июл ойида Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитасининг маҳаллий раҳбари генерал Абдулло Назаровнинг ўлдирилиши ортидан вилоят бир неча минг аскар иштирокидаги кенг кўламли ҳарбий амалиётларга саҳна бўлганди.

Расмий хабарларда ушбу амалиётлар оқибатида ўндан ортиқ ҳукумат аскари, 30 жангари ва бир тинч фуқаро ҳалок бўлгани айтилганди.

Норасмий манбаларда эса, ўлдирилганлар сони икки юздан ошиқ экани ва улардан ярми тинч фуқаролар бўлишгани даъво қилинганди.

Тожикистон ҳукумати генералининг ўлимида ҳудудда яшовчи Тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондони Толиббек Айёмбековни айблаб чиққанди.

Икки ойдан бери Хоруғ шаҳрида бўлган Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоевнинг айтишича, бу гал сафарбар этилаётган ҳарбийлар минтақага сафари чоғида мамлакат президенти Имомали Раҳмоннинг хавфсизлигини таъминлашади.

Тожикистонда бўлган мухбиримиз Искандар Фирузга кўра, президент Раҳмон тез кунларда Хоруғга сафар қилишни режаламоқда.

"Президент Раҳмоннинг Хоруғ шаҳрининг 80 йиллик тантаналарида иштирок этиш учун аслида ўтган август ойининг ўрталарида Тоғли-Бадахшонга ташриф буюриши кутилганди. Аммо вилоятда юз берган воқеалар ортидан, тантаналар ортга сурилиб кетди", дейди мухбиримиз.

Унга кўра, сўнгги пайтларда мамлакат раҳбарининг бирор бир минтақага сафари олдидан ҳаддан зиёд хавфсизлик чоралари кўрилиши одат тусини олган.

Мухбиримизнинг айтишича, ҳукумат кучлари ва ноқонуний қуролли гуруҳлар орасида юз бераётган тўқнашувлар масъулларни бу каби хатти-ҳаракатларга ундамоқда.

Шаҳар аҳолиси нима дейди?

Ҳукумат минтақа аҳолиси билан эришилган сулҳу мадорага оид битимни бир неча бор бузгани учун, маҳаллий аҳоли сўнгги сафарбарликка ҳам эҳтиёткорона муносабатда бўлмоқда экан.

Чунки шундай ҳолатларнинг бирида Бадахшоннинг норасмий лидерларидан бири Имомназар Имомназаров ўлдирилганди.

Аммо, мухбиримизга кўра, масъуллар бу гал ҳеч қанақанги ҳарбий амалиётлар бўлмаслиги ва шаҳардаги вазият ўз назоратлари остида эканини айтишган.

Мухбиримиз Искандар Фируз ҳам Хоруғдаги манбаларига таяниб, шаҳарда барча хизматлар фаолият кўрсатаётгани, хавотирланишга асос бериши мумкин бўлган бирор бир ҳолат йўқ, дейди.

"Тожикистон Бош прокуратураси ходимлари ўз терговларини давом эттиришмоқда. Аммо на-да ноқонуний қуролли гуруҳлар ва на-да ҳукумат кучлари томонидан вазиятни оғирлаштириши мумкин бўлган бирор бир амалга қўл урилаётгани йўқ", дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, ҳозир ҳам минтақада уч мингдан ортиқ ҳукумат кучлари ҳозир.

Мухбиримизга кўра, Тожикистон Мудофаа вазирлиги бунинг сабабини Хитой ва Афғонистон билан ўзаро чегараларининг муҳофазаси учун зарурлиги билан изоҳламоқда.

Яқинда Афғонистон оммавий-ахборот воситаларида Афғонистоннинг айнан Тожикистон билан чегарадош Бадахшон минтақасида етмишга яқин "Ал-Қоида" жангариси тўпланганига оид хабарлар пайдо бўлганди.

Жангариларнинг Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Чеченистон фуқаролари эканликлари, айрим хабарларда уларнинг ораларида Толиббек Айёмбековнинг жангарилари ҳам борлиги айтилганди.

Аммо, мухбиримизга кўра, Тожик томони ушбу хабарларни ҳозирча шарҳламаган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.