BBC navigation

Туркманистон АҚШнинг "Тинчлик Корпуси"ни чиқариб юбормоқда

Сўнгги янгиланиш 9 сентябр 2012 - 10:59 GMT

Сўнгги қадам Туркманистонни ташқи дунёдан янада кўпроқ ихоталайди

Туркманистон Марказий Осиёда Америка Қўшма Штатларининг "Тинчлик Корпуси"ни чиқариб юбораётган навбатдаги давлат бўлган.

Ўтган 20 йил мобайнида юзлаб кўнгиллилар аксарият ҳудуди саҳродан иборат газ заҳираларига бой Туркманистон бўйлаб инглиз тилидан сабоқ берганлар.

Аммо шу ой америкалик кўнгиллиларнинг сўнгги гуруҳи мамлакатни тарк этади.

Ушбу қадам Туркманистонни ташқи дунёдан янада кўпроқ ихоталайди.

Ашхободдаги АҚШ элчихонасининг билдиришича, "Тинчлик Корпуси"нинг Туркманистондаги дастурини тўхтатишига сабаб туркман расмийларининг мамлакатга келаётган кўнгиллилар сонини сезиларли даражада чеклашлари сабаб бўлган.

Уларнинг сони шу даражада камайиб кетганки, ташкилот Туркманистондаги ўз идоралари фаолиятини юритишга қодир бўлмай қолган.

АҚШ элчихонаси воизи Брэд Магуайрнинг айтишича, "Тинчлик Корпуси" Туркманистонда 1993 йилдан буён фаолият кўрсатган.

Ўтган вақт мобайнида америкалик 700дан ортиқ кўнгиллилар Туркманистоннинг шаҳар ва олис қишлоқларида асосан соғлиқни сақлаш ходимлари ва инглиз тили ўқитувчилари сифатида фаолият олиб борганлар.

'Шубҳали'

Туркманистон совет давлатлари орасида энг ёпиғи бўлиб, ўтмишда ушбу мамлакатда ишлаган кўнгиллилар оддий туркманлар ҳаётининг аянчли манзарасини чизишади.

Одамлар эркин ҳаракатланиш сингари энг оддий ҳуқуқлардан ҳам маҳрум ва мамлакат хорижий нодавлат ташкилотлари учун ёпиқлигича қолмоқда.

Туркман махсус хизматлари хорижликлар билан мулоқотга киришган ҳар қандай шахс ёки гуруҳни яқиндан кузатади.

Интернет алоқаси қаттиқ чекланади.

Мухолифат веб саҳифаларида чоп этилган изоҳларда ёзилишича, туркман расмийлари "Тинчлик Корпуси" ходимларининг инглиз тили дарсларида ғарбнинг демократик қадриятларини тарғиб қилишаётганидан шубҳаланишган.

Шу йилнинг март ойида кўнгиллилардан бир гуруҳининг туркман визаси муддатини узайтириш ҳақидаги сўрови рад этилган ва улар чиқиб кетишга мажбур бўлганлар.

Ўтган йили "Тинчлик Корпуси" ўзининг Қозоғистондаги дастурини тўхтатган эди.

Ўзбекистон эса уларни 2005 йилда чиқариб юборган.

Ҳозирда америкалик ёш кўнгиллиларга мезбонлик қилаётган минтақадаги ягона давлат Қирғизистондир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.