BBC navigation

Қозоқ сенатори: "Ҳужумлар ортида сиёсатчилар турибди"

Сўнгги янгиланиш 13 сентябр 2012 - 13:38 GMT

Мухтар Алтинбаев ҳужумчиларни ўлдиришни ёқлаб чиқди.

Қозоқ сенатори: Қуролли тўқнашувларнинг ортида сиёсатчилар турибди.

Қозоғистонда сўнгги вақтларда юз берган қуролли тўқнашувларга муносабат билдирган собиқ мудофаа вазири ва сенатор Мухтар Алтинбаевнинг айтишича, иқтисодий қонунбузарлик қилган сиёсатчилар ўз қилмишларини Қозоғистонда вазиятни издан чиқариш орқали бости-бости қилмоқчи.

Бироқ, у айнан қайси сиёсатчилар ҳақида гапираётганини очиқламади.

Қозоқ ҳукумати мамлакатдаги мухолифат чиқишлари, ҳамда Жанаўзендаги қонли воқеаларни хориждаги қозоқ мухолиф сиёсатчилари, хусусан Мухтор Аблязов уюштирганини даъво қилиб келишади.

Сенатор, шунингдек, террорчи деб кўрилаётган шахсларнинг тириклайин қўлга олинмаётганини ҳимоя қилган.

Кеча Қозоғистоннинг ғарбидаги Атирау вилояти Қулсари шаҳрида ўтказилган рейд сўнггида беш шахснинг жасади топилган эди.

Собиқ мудофаа вазири, қуролли шахсларга қуроллар Қозоғистон мудофаа вазирлигига тегишли қурол-аслаҳа омборидан олинаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб чиқди.

Унга кўра, омборлар мустаҳкам ҳимояланган ва сигнализация воситалари ўрнатилган.

Сенаторнинг айтишича, қўшни Қофқоз ва Афғонистонда вазият тинч эмас ва қуроллар шу ҳудудлардан келаётган бўлиши мумкин.

Жаноб Алтинбаев террорчи дея гумон қилинаётганларнинг жисмонан йўқ қилинаётганини қўллаб-қувватлаган.

Қулсаридаги амалиётда беш ҳужумчи ўлдирилгани расман хабар қилинган.

"Агар улар бирор уйга жойлашиб олиб, махсус хизмат ходимларини ўлдирса ва ўққа тутса, уларни нима қилиш керак? Агар кимдир қурол ишлатса уларни йўқ қилиш тарафдориман. Бу бизнинг қадриятиларимиз ва давлатимизга қарши-ку, демак йўқотиш керак", - деди Алтинбаев.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан хабар қилишларича, мамлакат ғарбидаги Атирау вилоятининг Қулсари шаҳрида 12 сентябр куни рейд ўтказилган. Рейд сўнггида беш шахс жасади топилган, ҳамда яраланган яна бир шахс қўлга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига кўра, хонадонлардан бирида ўрнашиб олган қуролли кишиларга қуролларини ташлаш таклиф этилган, бироқ улар таклифни рад этганлар.

Маҳаллий аҳоли эрталабки соат 9дан кейин қаттиқ отишма бошланганини хабар қилганлар.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, терррорчилик амалида гумон этилган шахслар уларга қарши махсус амалиёт бошланишидан олдин бир неча портлаш содир этганлар ва махсус бўлинма ходимларига қарата ўт очганлар.

Бир ходим жароҳат олгани хабар қилинган.

Қозоғистон Бош прокуратураси махсус амалиёт охирида хонадонда беш шахс жасади топилгани, бир шахс оғир ярадор ҳолда қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Қозоқ полициясига кўра, Қулсаридаги қуроллилар гуруҳи шу йилнинг 5 сентябрида Атирау шаҳрида рўй берган портлашга алоқадор бўлганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.