BBC navigation

Россия ўшлик ўзбек қочқинни экстрадиция қилмайди

Сўнгги янгиланиш 15 сентябр 2012 - 11:16 GMT

Расмий Бишкек ўзбек қочқинни 2010 йил июнидаги тартибсизликларга алоқадорликда айблаган

Қозон шаҳрида ўшлик ўзбек қочқин Маъмир Неъматов ҳибсдан озод этилган.

Россия Бош Прокуратураси Неъматовнинг иши Оврўпо Инсон Ҳақлари Маҳкамасида кўриб чиқилаётгани боис уни Қирғизистонга топширмаслик ҳақида қарор чиқарган.

Расмий Бишкек ўзбек қочқинни 2010 йил июнидаги тартибсизликларга алоқадор, дея унинг топширилишини талаб қилаётган эди.

Москвадаги Инсон Ҳақлари Институтининг "Бошпана ҳуқуқи" дастури раҳбари Елена Рябинина тарқатган хабарда айтилишича, бу Россия Бош Прокуратураси тарихида биринчи шундай қарордир.

Хабарда айтилишича, шу йилнинг 4 май куни Бош Прокуратура Неъматовни экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган ва кейинроқ ушбу қарор Татаристон Олий Маҳкамаси томонидан тасдиқланган эди.

Россиялик инсон ҳақлари фаоллари бу каби қарорни чиқаришда миллий ва халқаро қонун нормалари қўпол равишда бузилганини айтишади.

Халқаро Амнистия ва Ҳюман Райтс Вотч ташкилотлари Неъматовни Қирғизистонга топширмасликка чақиришган.

Уларга кўра, Неъматов ватанида қийноққа солиниши эҳтимоли катта.

'Жиноятлар'

Маъмир Неъматов ЎшТВнинг тасвирчиси бўлиб ишлаган.

2010 йил июнидаги зўравонликлар ортидан қирғиз расмийлари ЎшТВни "тартибсизликларга чақириш"да айблашган.

Унинг АҚШдан бошпана олган раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев Ўшнинг миллатчи раҳбари Мелис Мирзақматовни ЎшТВни сотиш учун ўзига босим ўтказганликда айблаган.

Ҳозирда ЎшТВ асосан қирғиз тилидаги кўрсатувларни эфирга узатади.

Инсон ҳақлари ташкилотлари 2010 йил июнидаги зўравонликларда асосан ўзбекларнинг жабр кўргани ва ундан кейинги ҳибсга олишларда ҳам аксарият ўзбекларнинг нишонга олинганини айтишади.

"Халқаро Амнистия" ва "Ҳюман Райтс Вотч" ташкилотлари ўзбекларга қарши қийноқ қўлланган ўнлаб ҳолатларни ҳужжатлаштирганликларини айтишган.

Камида икки нафар ўзбек гумондор қирғиз милицияси қўлида қийноқлардан вафот этган.

Зўравонликларда расман 500га яқин инсон ҳалок бўлган, минглаб ўзбеклар уйларини ташлаб чиқишган.

Қонли воқеаларни ўрганган халқаро комиссия "ўзбек маҳаллаларида содир этилган жиноятлар, маҳкамада исботлангани тақдирда инсониятга қарши жиноятларга тенглаштирилиши мумкинлиги"ни айтган.

Қирғиз расмийлари ҳодисаларда ҳар икки томонннинг жабр кўрганини айтиб, халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларини "бир томонлама" дея рад этиб келишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.