BBC navigation

'Азимжон Асқаров адолатсиз маҳкама ва ноинсоний муносабат қурбонидир'

Сўнгги янгиланиш 19 сентябр 2012 - 15:10 GMT

Халқаро ташкилотга кўра, Азимжон Асқаров адолатсиз маҳкама ва ноинсоний муносабат қурбонидир.

"Ҳуқуқшунослар Халқаро Комиссияси" вакилларининг Қирғизистонга сафарлари натижасида чиқарган хулосаларига кўра, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ноинсоний муносабат ва адолатсиз маҳкама қурбони бўлган.

Комиссия вакиллари 2011 йили декабр ойида Қирғизистонга бориб, Азимжон Асқаров устидан чиқарилган ҳукмнинг Олий Маҳкама томонидан кўриб чиқилиш жараёнини кузатганлар.

Қирғизистонга сафар қилган вакиллардан бирининг айтишича, Азимжон Асқаров ҳибсга олинганидан сўнг ва бутун тергов жараёнида мутассил равишда калтаклангани ва бошқа турдаги ноинсоний муносабатга дучор бўлганлигининг қатъий далилларини қўлга киритганлар.

"Маҳкама эса доимий қўрқув шунингдек, гувоҳлар ва ҳимоячилар хавфсизлиги таъминланмаган фазода ўтказилган", деди "Ҳуқуқшунослар Халқаро Комиссияси"нинг Оврўпо бўлими раҳбари Роушин Пиллей.

Пиллей хонимнинг айтишича, Азимжон Асқаров иши инқирозлар даврида адлия тизимининг бузилиши инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол этилишига олиб келишини яққол намоён қилади.

"Ҳуқуқшунослар Халқаро Комиссияси" ана шу жараёнларга алоқадаор бўлганларни жиноий жавобгарликка тортиб, Асқаров ишининг қайта кўриб чиқилишига даъват қилган.

Ҳуқуқ фаоли ва журналист Азимжон Асқаров 2010 йил июн ойида Қирғизистон жанубида рўй берган этник тўқнашувларга алоқадор кўрилиб, ҳибсга олинганди.

Кейинчалик унга милиция ходимларидан бирининг ўлимига алоқадорлик айби қўйилди.

2010 йил 15 сентябр куни Азимжон Асқаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва ҳукм устидан берган аризларини кўриб чиққан юқори маҳкамалар ушбу ҳукмни ўз кучида қолдирганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.