BBC navigation

Алмазбек Атамбоев:"Қамбарота ГЭСи аввало Ўзбекистон ва Қозоғистон учун керак"

Сўнгги янгиланиш 20 сентябр 2012 - 09:29 GMT

Қирғизистон президенти Россия мамлакати учун асосий ҳамкор бўлиб қолишини таъкидлаган.

Россия президенти Владимир Путин Бишкекка сафари чоғида Ўзбекистон ҳукуматини хавотирга солаётган Қамбарота ва Роғун гидростанциялари қурилишига тўхталган.

Жаноб Путин масалани ушбу давлат раҳбарлари ўртасида муҳокама қилиб, келишиб олиниши ўзаро ишонч ва ҳамкорликни туғдиришини, ўшанда қўшнилар орасида ҳеч қандай хавотирларга ўрин қолмаслигини таъкидлаган.

Путин ва Атамбоев яқинда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Марказий Осиё давлатлари орасида сув етишмовчилиги туфайли уруш хам чиқиб кетиши мумкин, деган хавотирларига жавобан бу масалада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини айтишган.

Жаноб Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларини баҳсларга сабаб бўлаётган мавзуда ўзаро мулоқотга чорлаган.

"Қамбарота" ГЭСи сув омбори сифатида ёз мавсумида аввало қўшниларимиз Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув муаммосидан қутқариши мумкин, деб айтган ўз навбатида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев. "Бу ГЭСни қуриш мақсади Совет Иттифоқи пайтидаёқ айнан Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ирригиция муаммоларини ечиш учун ҳам ўйлаб чиқилган",- деган жаноб Атамбоев.

Кузатувчиларга кўра, Владимир Путиннинг Қирғизистонга сафари расмий Бишкек учун жуда самарали кечган. Икки давлат раҳбарлари келишувига биноан расмий Бишкек Россияга тўлаши керак бўлган 489 миллион доллар қарз бекор қилинган.

Ҳужжат Қирғизистон Иқтисод вазири Ольга Лаврова ва Россия Иқтисод вазири ўринбосари Сергей Сторчак томонидан имзоланган.

Келишув ҳужжатига асосан, 2009 йил ҳисобидан қолган 300 миллион доллар ва 2005 йил олинган 189 миллион доллар маблағ Қирғизистон зиммасидан соқит қилинади.

189 миллион доллар қарз тўлиқ ҳисобда бекор қилингани, 2009 йилги қарз кичик ҳисоблар билан 2016 йилдан қисқартириб борилиши маълум қилинган.

Айни пайтда жаноб Путин Атамбоев билан учрашувда Россия учун муҳим ҳарбий базасининг Қирғизистонда қолиш муддати ва мақоми борасида келишувларга эришган.

Россиянинг Қирғизистондаги ҳарбий қисмлари умумийлаштирилиб, уларни ягона ҳарбий база сифатида келгуси 15 йил давомида жойлаштириш ҳақида шартномага қўл қўйилган.

Учрашувда жаноб Путиннинг Қирғизистондаги "Манас"ҳарбий базасидан 2014 йилда америкаликларнинг чиқиб кетишидан сўнг ундан фуқаролик аэропорти сифатида фойдаланишга кўмак бериш таклифи янграган.

Бунга жавобан Президент Алмазбек Атамбоев россиялик ҳамкасби Владимир Путинга мурожаат этиб, Қирғизистон учун Россия асосий стратегик ҳамкор бўлиб қолишини таъкидлаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.