BBC navigation

Ўзбек гумондорини уй қамоғига ўтказиш қарори оммавий тартибсизликларга сабаб бўлди

Сўнгги янгиланиш 26 сентябр 2012 - 13:32 GMT

Ҳакамнинг қирғиз ҳамқишлоғини калтаклагани учун ҳибсга олинган этник ўзбекни уй қамоғига ўтказиш қарорига норозилик билдириб, оммавий тартибсизликларга қўл урган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Жанубий Жалол-Обод вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Таалайбек Сусунбоевнинг билдиришича, Ола-Буқа туманида содир этилган воқеаларга алоқадорликда кўрилган шахслар, "безорилик, ҳокимият вакилига нисбатан куч қўллаш, давлат мулкига зиён етказиш ва оммавий тартибсизликлар уюштириш"да айбланишмоқда.

Ўтган кун юзга яқин оли-буқалик туман маҳкамаси биносига келиб, ҳакам Абидилла Жаримбетовдан ташқарига чиқиб, қабул қилган қарори учун йиғилганлар олдида жавоб беришини сўрашган.

Лекин ҳакам уларнинг талабларини рад этиб, ўз хизмат хонасидан ташқарига чиқмаган.

Шунда оломон қўриқчиликда турган милиция ходимларини суриб ташлаб, маҳкама биносига кириб борган ва ҳакамни кўчага судраб олиб чиқиб, калтаклашган.

Ҳакам билан бирга туман прокуратураси раҳбарларидан бирининг ҳам дўппослангани, ҳозир икковлоннинг ҳам олган жароҳатлари туфайли касалхонада эканликлари айтилади.

Бундан икки ҳафта олдин ҳакам ўз қарори билан ўзбек маҳалласи яшовчиларидан бири Раҳмиддин Эгамбердиевни уй қамоғига ўтказган бўлган.

Раҳмиддин Эгамбердиев эса, ҳамқишлоқларидан бирини калтаклаган, деб безориликда айбланган.

Туман ҳаками ҳукмини Жалол-Обод вилояти маҳкамаси ҳам тасдиқлаши ортидан, Ола-Буқа марказида оломон йиғилиб, оммавий тартибсизликлар бошланиб кетган.

Одамлар, "Нега айбдорларни озодликка чиқарасан", дея маҳкамага норозилик билдиришган ва ноқонуний ҳолда тўпланишган", деб айтган жаноб Сусунбоев.

Бунинг ортидан, Ола-Буқа тумани маҳкамаси ўзининг аввалги қарорига зид ҳукм чиқариб, Раҳмиддин Эгамбердиевни қайта қамаган.

Масъулларга кўра, аслида бу - икки маҳаллий фуқаро орасидаги келишмовчилик бўлган.

Улар ҳозир туман марказидаги вазият тинч ва ўз хизматларини кучайтирилган тартибда ўтаётган милиция ходимлари назорати остида эканини айтишмоқда.

Юз берган тартибсизликлар манзарасида мамлакат жанубига шошилинч етиб борган Қирғизистон Ички ишлар вазири муовини Қурсон Асанов маҳаллий масъуллар билан ҳудуддаги вазиятни муҳокама этган.

2010 йилда юз берган ва аксарияти ўзбеклардан иборат юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган қонли этник низолар ортидан Қирғизистон жанубида вазиятнинг ҳануз танглигича қолаётгани кузатилади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.