BBC navigation

'Оммавий қотилликка мутаассиб диндорлар айбдор'

Сўнгги янгиланиш 28 сентябр 2012 - 11:43 GMT

Қозоғистон полицияси ўтган ой Олма-ота шаҳри яқинида содир этилган оммавий қотиллик билан алоқадорликда радикал диний ташкилотнинг икки аъзосини қидираётганлигини маълум қилган.

Ҳодиса август ойи охирларида юз берган ва Или-Олатау миллий хиёбонидан ўрмончиси дохил пичоқлаб ўлдирилган ўндан ортиқ кишининг ёқиб юборилган жасадлари топилганди.

Қозоғистон полицияси дастлаб оммавий қотилликка жиноий тортишувлар сабаб бўлган, деган тахминни илгари сурганди.

Орадан бир ой ўтиб, энди юз берган ҳодисада "экстремист диний гуруҳ" аъзолари айбдор, деган фараз билан чиқмоқда.

Полиция сўз айнан қандай диний ташкилот ҳақида кетаётганини очиқламаган, аммо гумондорлар сифатида 37 ёшли Саян Хайров ва 34 ёшли Заурбек Бўтабоевларнинг номларини келтирган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг баёнотида айтилишича, шу йил июл ойида Олма-ота чеккасидаги ҳовлида содир этилган ва етти кишининг умрига зомин бўлган портлашда ҳам бу икки гумондорнинг қўли бор.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, диний экстремизм Қозоғистонда ҳалича бошқа давлатларда кузатилаётгани даражасига ўсиб етмаган.

"Бугун Қозоғистонда диний экстремизм диний мутаассиблар ва оддий безори тўдалар орасидаги бир кўринишни акс эттиради. Улар қандайдир диний ғояларни қалқон қилиб олиб, одамларни ташмалаш ишлари билан шуғулланишади", дейди шу мавзуда қалам тебратиб келаётган қозоғистонлик журналист Геннадий Бендцикий.

Унга кўра, Қозоғистонда ўзини диний ва экстремист сифатида тақдим этаётган, аммо бирор бир ном остида ҳаракат қилмайдиган гуруҳлар озмунча эмас.

"Назаримда, бундай одамлар радикал ғояларни узуқ-юлуқ тарғиб этишса-да, ҳатто, Ислом дини ҳақида тузук-қуруқ тасаввурга эга эмаслар", дейди журналист.

У Олма-ота шаҳри яқинидаги оммавий қотилликни ҳам худди ана шундай шахслар уюштиришганига ишончи комиллигини айтади.

Геннадий Бендцикийнинг назарида, бу каби гуруҳларнинг пайдо бўлишига ёшларнинг тарбиясида йўл қўйилган хатоликлар, ўтган йигирма йил ичида мамлакатга турли ниқоблар остида айримлари экстремистик қарашга эга ҳар хил диндорларнинг кириб келиб, масъулларнинг уларнинг фаолиятларига жиддийроқ эътибор қаратишмагани сабаб бўлган.

Қозоғистон ва диний экстремизм

Яқин-яқингача Марказий Осиёда "барқарорлик" ороли сифатида кўрилган Қозоғистонда ўтган йилдан бошлаб "исломий экстремистлар" билан боғланаётган террорчилик фаолиятининг бирданига кучайгани кузатилади.

Жорий йилнинг биринчи ярми нисбатан тинч кечган эса-да, ёз ойларида яна қатор портлаш ҳодисалари ва отишмалар юз берди.

Ўтган йил май ойида ғарбий Актўба шаҳрида амалга оширилган илк худкушлик ҳужуми ортидан кузатилган қатор зўравонлик амалларида аксарияти террорчи эканликда гумон этилаётган шахслар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари дохил ўнлаб кишилар қурбон бўлишгани хабар берилди.

Шу пайтгача мутаассиб диндорлик аломатлари кузатилмаган Қозоғистонда бу каби исёнчилик ҳужумлари ортида аниқ қандай сабаблар тургани маълум эмас.

Аммо айрим минтақавий таҳлилчилар бунинг сабабини Қозоғистонда бойлар ва камбағаллар орасидаги табақаланишнинг қанчалик кескин экани билан ҳам изоҳлашганди.

Зўравонлик ҳолларининг аксарияти жанубий Олма-ота шаҳридан бир неча чақирим узоқда, мамлакатнинг жанубий Россия билан чегарадош ғарбий минтақалари ҳиссасига тўғри келади.

Лекин Олма-ота ва унинг атрофларида содир этилаётган ҳужумларга алоқадорликда кўрилаётган "жангари гуруҳлар"нинг мамлакат ғарбидагилари билан ҳамкорликда фаолият олиб боришлари ёки йўқлиги маълум эмас.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Қозоғистоннинг тоғли ҳудудларида оммавий қотиллик ҳолларининг илк бор юз бериши эмас.

Шу йилнинг май ойида Қозоғистоннинг Хитой билан чегарадош тоғли нуқтасида ҳам 14 чегарачи ўлдирилган ва жасадлари ёқиб юборилган эди.

Қозоғистон Бош Прокуратураси ушбу қотиллик ички низолар натижасида келиб чиққани ва бу заставада хизмат қилувчи Владислав Челах сафдошларини ўлдирганини тан олганини расман маълум қилганди.

Кейинчалик Владислав Челах қотиллик қилмагани ва ушбу кўрсатмаларни руҳий босим остида берганини билдирганди. Унинг маҳкама иши ҳозир ҳам давом этмоқда.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.