BBC navigation

'Қирғизистонда миллий озчиликлар: Дардга даво излаб'

Сўнгги янгиланиш 28 сентябр 2012 - 12:27 GMT

Шу кунларда Варшавада давом қилаётган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг инсон ҳуқуқларига бағишланган йиллик анжумани доирасида “Қирғизистонда миллий озчиликлар: Дардга даво излаб” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтган.

Дастлаб айни тадбир ташаббускори бўлган Алишер Навоий Институти ижодкорлари томонидан суратга олинган, Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалардан сўнг икки йил ўтгач ҳам бу мамлакатда миллатларо муносабатларнинг ҳамон аянчли ҳолатда қолаётгани ҳамда ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги ришталарни қайта тиклаш чораларини излашдан ҳикоя қилувчи янги фильм намойиш этилган.

Давра суҳбатига минтақа бўйича иш олиб борувчи бир қатор мутахассислар таклиф этилган эди:

Қирғизистон жанубидаги 2010 йил зўравонликларини тафтиш этган Халқаро тадқиқот гуруҳи раҳбари Киммо Кильюнен, Инсон ҳуқуқлари “Мемориал” ташкилотининг минтақа бўйича эксперти Виталий Пономарев, россиялик этнолог олим Игорь Савин, Инсон ҳуқуқлари институти етакчи мутахассиси Елена Рябинина ва қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, “Қилим шоми” ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова иштирок қилган тадбир давомида хунрезликларга сабаб бўлган омиллар ва фожеалардан икки йил ўтиб, мамлакат расмий идораларининг жабр кўрганларги нисбатан адолатни қарор топдириш учун нима қила олганлари ёки йўқлиги, қочқинлар муаммолари ва умуман, мамлакатда айни дамда миллатлараро муносабатлар қай ҳолатда эканлиги ҳақида мунозаралар бўлиб ўтди.

Киммо Кильюнен орадан икки йил ўтгач ҳам, айрим қадамлар мустасно қилинганда, Қирғиз ҳукуматининг миллий сиёсатида сезиларли ўзгаришлар бўлмаётгани, воқеалардан жабр кўрганларнинг аксарияти ўзбеклар бўлгани ҳолда жиноий жавобгарликка тортилганларнинг ҳам асосий кўпчилиги шу миллат вакиллари эканлиги ва уларнинг ишларини қайта кўриб чиқишга қаратилган давомли чақириқлар жавобсиз қолаётганидан таассуф билдирди.

Унга кўра, вазиятни юмшатиш ўрнига маҳаллий даражадан тортиб, давлат миқёсида ҳам содир бўлган хунрезликларда ўзбекларни бош айбдор этиб, уларни муттасил абгор қилиш амалиёти сақланиб қолмоқда.

Бундай ҳолат эса мамлакатда вазиятни ўнглаш ишига мутлақо хизмат қилмайди. Киммо Кильюнен Қирғизистон келажаги мамлакатда қирғизлардан бошқа миллатлар ҳам истиқомат қилишини жиддий тарзда назарда тутган мутлақо янги миллий сиёсат ишлаб чиқилиши ва бундай сиёсатнинг амалда жорий этилиши билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Ўзи раҳбарлик қилган тадқиқот гуруҳи тавсияларининг нечоғли самарали эканлигига тўхталар экан, халқаро ташкилотлар, хусусан, ОХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича комиссарлиги Қирғизистондаги вазият ривожини айнан шу тавсиялар асосида кузатиб бораётганини билдирди.

Россиядаги Инсон ҳуқуқлари институти етакчи мутахассиси Елена Рябининанинг айтишича, 2010 йил июн ҳодисалари аксари ўзбек миллатига мансуб бўлган навбатдаги қочқинлар тўлқинининг Россиядан бошпана излашига олиб келди.

Ҳужжатлари жойида бўлганлар дастлабки пайтда РФ фуқаролигини олиш бўйича соддалаштирилган тартибдан фойдалана билишди.

Аммо расман қочқин мақомини олганлар умумий қочқинлар миқдорининг арзимаган улушини ташкил этган.

Бундай тартиб кўп ўтмай бекор қилинар экан, шу билан бир вақтда Қирғизистон тергов идоралари, уларга кўра, Ўш қирғини давомида жиноят содир этганликда айбланаётганларни топшириш бўйича сўровлар юборишни бошлаганлар. Шундай сўров юборилганларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбеклардир.

Рябининага кўра, қирғиз миллатига мансуб бирор шахсга бундай сўровлар юборилганлиги ўзи мансуб ташкилотга маълум эмас.

- Қочқинлар ишлари бўйича мутахассиснинг яна таъкидлашича, қирғиз расмийлари россиялик ҳамкасбларига юбораётган бу каби ҳужжатлар ўзининг яққол кўриниб турган сохталиги билан кишининг энсасини қотиради. Хусусан, ташкилот қўлга киритган расмий ҳужжатларда маълум бир жиноятда айбланаётган шахснинг исми кўрсатилган жой бўш қолдирилган, айблов баённомалари эса ҳар бир ҳолатда “NNN, оммавий тартибсизликлар содир этиш ва қирғиз миллатига мансуб фуқароларни ўлдириш мақсадида уюшган ўзбек миллатига мансуб шахслар гуруҳига қўшилган ҳолда...” каби жумлалар билан бошланади. Исталган кишининг исми киритилиши мумкин бўлган, бошдан-оёқ шубҳа уйғотадиган бу каби сўровлар Россия Федерациясининг масъул идораларини ҳушёр торттириши керак бўлгани ҳолда, жонини омон сақлаш чораси сифатида юртини ташлаб чиқишга мажбур бўлган қочқинларнинг бериб юборилишига сабаб бўлаётгани ўта ачинарлидир, дейди Елена Рябинина.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдирасулова ўтган вақт давомида ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот олиб борган ишларга тўхталди.

Унга кўра, “Қилим шоми” ташкилоти 2010 йил июн воқеалари давомида ҳалок бўлганлар миқдорини аниқлаш, ҳарбий қисмлардан қуроллар тортиб олиниши, маҳкама жараёнлари мониторинги ва маҳкамага тортилганларнинг миллий мансублиги нисбатига доир олтита ҳисобот эълон қилган.

Ҳокимият органларининг ҳодисалар давомидаги роли тафтишига бағишланган сўнгги ҳисоботда таҳлиллар низо иштирокчиларининг миллий мансублигига кўра эмас, балки бунда давлатнинг жавобгарлилик даражасига урғу берилган.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, апрель воқеаларидан сўнг марказий ҳокимият жойларда мутлақо тизгинни қўлдан бой берган, воқеаларга ҳушёр баҳо бериш қобилияти бўлмаган.

Оқибатда булар қандай кучлар томонидан содир этилганидан қатъи назар, вазият издан чиқарилган, ҳарбий қисмлардан оммавий тарзда қуролларни тортиб олиш ва уларни жиноий мақсадларда ишлатиш кенг тус олган.

Айрим ҳолларда эса ҳалига қадар кимлар экани тўла аниқланмаган ҳарбий кийимдаги номаълум шахслар ҳарбий техникалар воситасида қуролли тўдаларнинг ўзбек маҳаллаларига уюштирган ҳужумларида фаол иштирок этишган.

Бу каби ўта жиддий ҳолатларни мантиқий якунига қадар тафтиш қилиш, ҳақиқий жиноятчиларни муносиб жазога тортиш Қирғизистон ҳукуматининг биринчи галдаги вазифасидир, аммо расмийларнинг бу борадаги бутун ҳатти-ҳаракатлари, тўғрироғи – ҳаракатсизлиги бу каби жиддий терговдан уларнинг манфаатдор эмаслигини кўрсатади.

Аммо, дейди Азиза Абдирасулова, "қирғиз ҳукумати қачондир ўзида шундай ирода топа билиши керак, миллий тотувликни амалда тиклаш учун, мамлакат шаънини тиклаш учун бундан бошқа чора йўқ".

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.