BBC navigation

Тожикистон: талабаларнинг халқаро анжуманларда қатнашишлари чекланади

Сўнгги янгиланиш 18 октябр 2012 - 14:14 GMT

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон Россиянинг хорижий ноҳукумат ташкилотлари ҳақидаги қонунидан нусха кўчирмоқда.

Тожикистон таълим вазирлиги олий ўқув юртлари раҳбарларига кўрсатма йўллаб, талабаларнинг хорижий ташкилотлар томонидан уюштирилаётган анжуманларда иштироклари устидан қаттиқроқ назорат ўрнатишни тавсия қилган.

Расмийларга кўра бу каби анжуманларга бориш талабларни 'ўқишдан чалғитади'.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон бу борада Россияда хорижий ноҳукумат ташкилотлари ҳақида қабул қилинган қонундан нусха кўчиришга уринмоқда.

Душанбедаги Би-би-си мухбири Анора Саркорованинг хабар беришича, Тожикистон Таълим вазирлигида бу борадаги расмий хат тавсиянома характерига эга бўлиб, уни ижро этиш мажбурий эмаслигини таъкидлашган.

Расмий хатда ўқув юртлари раҳбарларига ўз талабаларининг халқаро ташкилотлар томонидан молияланган семинар ва конференцияларда иштирок этишига алоҳида диққат билан муносабатда бўлиш тавсия этилади.

Ўз навбатида Таълим вазирлиги мулозимлари талабаларга ҳам бу каби анжуманлар ҳақида шунчаки хабардор қилибгина қолмай, уларнинг мақсади ва кўтарилиши мумкин бўлган мавзулар ҳақида ўқув юрти масъулларига батафсил маълумот беришни тавсия этганлар.

'Сиёсат йўқ'

"Талабалар назорат остида бўлишлари лозим. Барча тадбирлар аввалдан келишилиши керак. Бу қарорда ҳеч қандай сиёсат йўқ. Талабалар семинар ва конференцияларда эмас, балки ўқишда бўлишлари керак",- деб айтган Вазирликнинг Олий таълим бошқармаси бошлиғи Алидод Расулов Би-би-си билан суҳбатда.

Таълим вазирлиги расмийларининг билдиришларича, тожик талабалари учун ўқув лагери ташкил этиш сўровига биринчи рад жавобини олган ташкилот International Alert халқаро тинчликпарвар ноҳукумат ташкилоти бўлган.

Ташкилот вакили Марк Фумагалли Би-би-сига расман рад жавобини хали қўлига олмагани, аммо қарордан ҳайратга тушганини айтган.

Унинг айтишича, бу каби ўқув лагерлари ўтмишда Тожикистон бўйлаб кўп марта ташкил этилган.

Тожик ёшлари учун тадбирларнинг кўпчилиги халқаро ташкилотлар томонидан уюштирилади, аммо уларнинг ҳаммаси расмий давлат идоралари билан мувофиқлаштирилади.

Тожикистонлик таҳлилчилар сўнгги қарорни мамлакатдаги президентлик сайловлари арафасида
фуқаро жамиятига босим, дея талқин этишмоқда.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси вакилининг Би-би-сига айтишича, исломий партия раҳбари Муҳиддин Кабирий билан учрашувдан сўнг айрим талабаларда муаммолар пайдо бўлган.

"Бу учрашувдан кейин олий ўқув юртлари деканликларига ўша талабаларни топиб, ўқишдан ҳайдаш ҳақида кўрсатма берилган", -деб айтган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раисининг ўринбосари Маҳмадали Ҳайитов.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.