BBC navigation

Назарбоев: Жанаўзен маҳкамаси очиқ ва адолатли бўлди

Сўнгги янгиланиш 23 октябр 2012 - 08:03 GMT

Президент Назарбоевни халқаро ва маҳаллий инсон ҳақлари гуруҳлари Жанаўзендаги қотилликларнинг асл сабабчиларини изламасликда айблаб келишади.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев илк маротаба Жанаўзендаги қонли ҳодисалар юзасидан ўтказилган маҳкамага муносабатини билдирар экан, ишчилар ва иш берувчилар ўртасидаги оддий тортишувдан жиноий гуруҳлар ўз мақсадларида фойдаланганини айтган.

Назарбоев жаноблари бу баёнотини Венада Австрия Президенти Хайнц Фишер билан учрашуви чоғида қилди.

"Бу бутун дунёда содир бўлиб турадиган ишчилар ва иш берувчилар ўртасида сийқаси чиқиб кетган тортишув эди. Уни ҳал қилиш мумкин эди, аммо ўз мақсадларини кўзлаган жиноий гуруҳлар қон тўкилишига олиб келишди", - деди қозоқ президенти журналистлар билан мулоқот чоғида.

Қозоғистон раҳбарининг айтишича, ҳар қандай матбуот вакили ва жамоатчилик учун мутлоқ очиқ, шаффоф тергов ўтказилган ва адолатли маҳкама бўлган ва жазога тортилганларнинг ҳаммаси содир этган жинояти учун жазоланган.

"Ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳам ваколатини суиистеъмол қилган ва одамларга ўқ узганлар жазога тортилди. Фитна қўзғаганлар ва сабабчи бўлганлар ҳам маҳкамага тортилди", - деди жаноб Назарбоев.

2011 йилнинг 16-17 декабр кунлари Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳри ва Шетпе посёлкаларида бир неча ойдан бери норозилик билдириб келаётган нефт корхоналари ишчилари намойишлари оммавий тартибсизликларга айланиб кетганди.

Полициянинг тинч аҳолига ўқ узиши ва тартибсизликлар натижасида, расмий маълумотларга кўра, 17 киши ўлган ва 100дан ортиқ одам жароҳатланган.

Жанаўзен шаҳридаги нефтчилар ишдан бўшатилишлари ортидан муддатсиз намойишга чиққан эдилар. Намойишчилар иш берувчилардан маошларни оширишни ва ишлаш шароитларни яхшилашни талаб қилганлар.

Намойиш бошланганидан етти ой ўтиб, Қозоғистон мустақиллиги куни нишонланаётган 16 декабрда шаҳар марказидаги майдонда тартибсизликлар келиб чиққан.

Шаҳардаги биноаларга ўт қўйилган, дўкон ва банклар талон-тарож қилинган.

Қуролланган полиция қочиб кетаётган одамларнинг ортидан ўқ узиши ва яраланганларни тўқмоқ билан савалаши акс этган видео интернетга чиққач, полиция устидан ҳам маҳкама очилган.

Ҳуқуқбонлар тартибсизликлар ва қотилликлар бўйича олиб борилган тергов жараёнининг қийноқлар ва босимлар остида ўтганини айтишади.

Маҳкама жараёнидаги гувоҳларнинг кўпчилиги кўрсатмаларни босим ва қийноқ остида берганини айтиб, сўзларидан қайтишган.

Октябр бошида "Алга!" мухолиф партиясининг раҳбари Владимир Козлов тартибсизликларни келтириб чиқаришда ва одамлар ўртасида адоват қўзғашда айбдор деб топилиб, етти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.