BBC navigation

Жанаўзен фожеаси: нуқта қўйишга эртами?

Сўнгги янгиланиш 27 октябр 2012 - 09:33 GMT

Айбланувчилар уч йилдан етти йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилган

Қозоғистон ҳукумати Жанаўзендаги тўқнашувлар ҳақидаги иш ёпилганини эълон қилган.

Тўқнашувларда қатнашган 34 киши ва уларга қарата ўқ очган беш полициячи, шунингдек бир нечта мулозимларга нисбатан ҳукм чиқарилган.

Жанаўзендаги тартибсизликларда қатнашган айбланувчиларнинг аксарияти уч йилдан етти йилгача қамоқ жазосини олганлар.

Бироқ, Қозоғистонда кўпчилик Жанаўзен ҳақида барча ҳақиқат айтилмай қолганига ишонади.

2011 йил 16-17 декабр кунлари Жанаўзен шаҳри ва Шетпа темир йўл станциясида намойишга чиққан кишиларга қарата полиция ўт очган, натижада расмийларга кўра, 16 киши ўлдирилган, 100дан ортиқ киши яраланган эди.

Нефтчилар иш ҳақини ошириш ва яшаш шароитини яхшилашни талаб қилиб узоқ муддатли иш ташлаш эълон қилган эдилар.

Иқтисоди деярли тўлиқ нефт экспортига боғланган Қозоғистонда "нефтчилар қўзғолони"га аслида ким айбдорлиги борасида ҳануз жавоб ахтарилади.

Кузатувчилар расмий хулосалар билан келишишга шошилишмаяпти.

Мухолифат эса ҳодисага ҳукуматнинг тўлиқ масъуллигини айтиб, бунинг далиллари топилишига ваъда бериб келади.

Сийқаси чиққан баҳс

Қозоғистонни совет даврларидан буён бошқариб келаётган Президент Нурсултон Назарбоевнинг фикрича , қонли воқеаларга ишчилар ва иш берувчиларнинг оддий тортишуви сабаб бўлган.

Унинг сўзларига қараганда, маҳкама жараёни очиқ ва ҳаққаний тарзда ўтган.

"Бу бутун дунёда содир бўлиб турадиган ишчилар ва иш берувчилар ўртасидаги сийқаси чиқиб кетган тортишув эди. Уни ҳал қилиш мумкин эди, аммо ўз мақсадларини кўзлаган жиноий гуруҳлар, ушбу тўқнашувни қон тўкишгача олиб боришди", - деб айтган Нурсултон Назарбоев яқинда Австрияга қилган сафари чоғида журналистлар билан учрашувда.

" Исталган матбуот вакили учун мутлоқ очиқ, жамоатчиликка шаффоф тергов ўтказилган ва адолатли маҳкама ўтказилди. Жазога тортилганларнинг ҳаммаси содир этган жинояти учун жазоланган, бошқа нарса учун эмас. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг хизмат вазифасини суистеъмол қилган ва одамларга қарата ўқ очганлар ҳам жазоланди",- деб қўшимча қилган у .

"Муддати кўрсатилмаган жиноят"

Қозоғистон мухолифатининг кам сонли вакиллари Жанаўзенга декабр воқеаларидан олдин ва кейин бир неча марта боришган. Бунинг натижасида рўйхатга олинмаган "Алға" партиясининг раҳбари Владимир Козлов ва яна икки мухолифат аъзоси ижтимоий низоларни қўзғашда айбланиб, халқаро ҳуқуни ҳимоя қилиш ташкилотларининг норозиликларига қарамасдан, жазога тортилди.

Козлов етти йилга озодликдан маҳрум қилинди, ҳамкасбларига эса шартли жазо чоралари берилди.

Мамлакатда Жанаўзен воқеаларини ўрганиш бўйича ишлаётган мустақил жамоатчилик комиссияси аъзолари маҳкама чиқарган расмий хулосаларга қўшилишмайди.

Улар "Ўлдирилганлар ва яраланганларнинг расман аниқ сони мавжудми? Ким отишга буйруқ берган эди? Тартибсизликларни ким уюштирган? каби саволларга жавоб топишни исташади.

"Ҳукумат айбдорларни бошқа жойдан қидиришни маъқул топди",- дейди мухолифатдаги сиёсатчи Болат Абилов. У ўзи иштирокчиси бўлган комиссия Жанаўзен фожеасида ҳукуматнинг айбини топиб айтишига ишонади.

" Жанаўзен ва Шетпада тинч фуқароларнинг отилиши - муддати кўрсатилмаган жиноятдир",-дейди жаноб Абилов.

Guljan.org сайтининг бошлиғи Гулжан Ергалиеванинг сўзлашича, мустақил текширув давомида " шундай тахмин пайдо бўладики, Мангистаудаги фожеа олдиндан Остонадаги юқори идора хоналари режалаштирилгандек"

Кириш ва чиқиш

Кузатувчилар Жанаўзендаги воқеаларни Қозоғистонда охирги пайтда қилинган кадр ўзгартиришлари билан боғлашади.

Мамлакатда нуфузли кишилардан бўлган президентнинг Ишлар бошқармаси раҳбари Аслон Мусиннинг хизмат вазифасидан олиниши бекорга эмас, дейишади улар.

Яқинда эса Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида Аслон Мусиннинг мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Мамлакат Ҳисоб қўмитаси расмийлари эса Аслан Мусин меҳнат таътили билан Олмонида эканлиги ва у ерда шифокорлик текширувидан ўтаётганлигини маълум қилишган

Айни пайтда хорижий кузатувчиларнинг Жанаўзен жойлашган Қозоғистоннинг ғарбига киришлари қийинлашган.

Жанаўзен нефтчиларининг маҳкама жараёнида қатнашишни истаган Европарламент депутати Пол Мэрфига кириш визаси берилмаган.

"Бу кенг тарқалган усул. Визани сабабни тушунтирмасдан берилмаслиги бошқа давлатларда ҳам учраб туради",- дейди Би-би-си билан суҳбатда Қозоғистон Ташқи ишлар вакили Илёс Умаров.

Ҳимоячиларга кўра, Александр Боженко ҳақиқатни айта бошлагани учун ўлдирилган

Муҳим гувоҳнинг ўлдирилиши

Жанаўзенда нефтчилар устидан кечган маҳкама жараёнидаги гувоҳлардан бўлган Александ Боженко ўлдириб кетилган.

20 ёшли Боженко болалар уйида тарбияланади, улғайгач, қозоқ оиласи қарамоғига олади ва исломни қабул қилади.

Тўқнашувлардан икки кун ўтиб ҳибсга олинган Боженко ўзининг қийноқларга тутилганини айтган.

Апрел ойидаги маҳкама жараёнида уни телеконференция тарзида бошқа ном остида сўроқ қилинган.

Судланувчилардан бири уни таниганидан сўнг, у ўзини таништириб йиғлаб юборади.

Икки кундан кейин гувоҳ сифатида қатнашган Боженко нефтчилардан қийноқлар остида кўрсатмалар олинганини айтади.

Мухолифатнинг К+ канали саволларига жавоб берган Боженко ўзининг кўрсатмаларини Аллоҳ олдида виждони тоза бўлиши учун ўзгартиргани, ҳақиқатни айтганини билдиради.

Ҳимоячи Галима Агелеуванинг айтишича, маҳкамадан кейин Боженкога ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари томонидан таҳдид қилинади. Маълумотларга кўра, охирги пайтларда у чўлга чиқиб кетиб яшириниб юрган.

" Унинг ўлими маҳкама жараёни билан боғлиқ бўлиши ҳақида асослар бор. Чунки у ҳақиқатни айта бошлаган эди. Бизнинг мамлакатда ҳақиқатни айтиш хавфли бўлиб қолди",- деган Агелеулова хоним Би-би-сига.

Александр Боженко қаттиқ калтакланган, у олган оғир жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этади. Икки гумон қилинган шахс қўлга олинади.

Мангистау вилоят Ички ишлар бошқармасига кўра, Боженконинг ўлими маҳкама жараёнига боғлиқ эмас, оддий безорилик натижасидир.

Александр Боженконинг хотираси учун Қозоғистонда ва хориж шаҳарларида ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.