BBC navigation

Россия гидролойиҳалар воситасида Қирғизистонда таъсир доирасини оширмоқда

Сўнгги янгиланиш 28 октябр 2012 - 11:45 GMT

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев "Юқори Норин ГЭСлари каскади" илк пойдеворини қўйиш маросимида қатнашган.

Каскад 4 та янги гидроэлектр станцияни ўз ичига олади, бу иншоотларни россияликлар қуриб беришга аҳд қилганлар.

Кузатувчилар фикрича, Марказий Осиёнинг камбағал мамлакати Қирғизистоннинг 500 миллион долларлик қарзини кечиб юбориш эвазига Россия Қирғизистоннинг гидроэлектр лойиҳаларидаги иштироки ҳамда минтақада таъсир доирасини оширмоқда.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев, Россиянинг "РусГидро" ширкати раҳбари Евгений Дод, бошқа россиялик ва қирғизистонлик расмийлар иштирокидаги ГЭСлар қурилишини бошлаш маросими Пойтахт Бишкекдан 400 километрча жануби-шарқдаги Норин вилоятида бўлиб ўтган.

"Ақ Бечел" сув бўлиш тармоғи Россия билан Қирғизистон ҳамкорликда барпо этишни режалаётган гидроиншоотлар мажмуасидан биринчиси бўлган.

Тантанали маросимда сўзлаган Президент Атамбоев Қирғизистон иқтисодига Россия сармоялари миқдори ошаётганини олқишлаган.

"Бугун биз Норин дарёсининг юқори қисмида тарихий ҳодисанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буюк Шўролар Иттифоқи қулаганидан кейин биз биринчи марта фақат биргина гидроэлектрстанция эмас, станцияларнинг бутун бошли каскади пойдеворини қўймоқдамиз. Бунда бюук Россия бизни қўллаб-қувватлайди", деб айтган Президент Алмазбек Атамбоев.

Сув тўғонларини биргаликда барпо этиш борасидаги келишув Россия Президенти Владимир Путиннинг шу йил сентябрида Қирғизистонга сафари мобайнида имзоланган эди.

"Бугун Қирғизистоннинг биродар мамлакат Россия билан алоқалари учун жуда ҳам муҳим кун. Мен, айниқса, Россия Президенти Владимир Владимирович Путинга ушбу лойиҳани дастаклагани, унинг сиёсий иродаси ва донолиги учун миннатдорлик билдирмоқчиман", деган пойдевор қўйиш маросимида жаноб Атамбоев.

Россия билан Қирғизистон ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ, Қирғизистон мамлакатдаги Россия ҳарбий базаси муддатини узайтиришга, "Манас" аэропортидаги АҚШ Транзит маркази ёпишга розилик берган.

Ҳамда Россиянинг "РусГидро" ширкати 2016 йилгача "Юқори Норин каскади" таркибига кирадиган тўртта ГЭСни қуриб беришни ўз зиммасига олган.

Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, бу ГЭСлар жами соатига 1 миллион киловаттдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариб беради.

Қирғиз расмийлари қурилишлар кейинги йил баҳоридан бошланишини айтмоқдалар.

ГЭСлар қиймати 400 миллион доллардан ортиқ баҳога баҳоланмоқда, барпо этиб бўлинганидан кейин иншоотлар келтирадиган даромаднинг 25 фоизи "РусГидро"га тегишли бўлиши айтилган.

"2016 йилда бу тўртта ГЭСни қуриб битказганимиздан кейин бу жойларда яна саккизтасини қуришни бошлаймиз", деган Норин вилоятида гапирган Президент Атамбоев.

Гидроэлектрстанциялар лойиҳалари охирги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар таранглашишига сабаб бўлаётган омиллардан бирига айланган.

"Ақ Бечел" иншооти қурилиши бошланиши маросимида иштирок этиш учун келган "РусГидро" ширкати раҳбари Евгений Доднинг журналистларга айтишича, вақти келиб минтақада сув баҳоси нефт баҳосидан қиммат бўлади.

Марказий Осиёнинг асосий сув манбалари қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон юқори оқимдаги Тожикистон ва Қирғизистонда йирик сув тўғонлари барпо этилишига қаршилигини билдириб келади.

Иқтисоди зироатчиликка боғланган Ўзбекистон бу иншоотлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни камайтириб юборишидан хавотирда.

Президент Ислом Каримов Қирғизистонда "Қамбарота-1" ва Тожикистонда "Роғун" ГЭСлари қурилишига қарши гапириб келади, жаноб Каримов сув устидан можаролар минтақада ҳатто уруш келтириб чиқариши ҳам мумкинлигидан огоҳлантириш билан чиқди.

"Менинг ишончим комил, агар қуйи оқимдаги мамлакатларга "Қамбарота-1" ГЭСи келтирадиган фойда акс этган факт ва ҳужжатлар тақдим этилса, бу муаммо ҳал бўлади", деган Қирғизистон Президенти Атамбоев бу лойиҳада Ўзбекистонни ҳам иштирок этишга таклиф этган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.