BBC navigation

Уорлд Стрит Жорнал: Афғонлар Тожикистонга нима учун борадилар?

Сўнгги янгиланиш 1 ноябр 2012 - 16:07 GMT
Тожик - афғон чегараси

Тожик - афғон чегараси

Америкада нашр этиладиган газеталардан бири - Уорлд Стрит Жорнал афғонларнинг қўшни Тожикистонга тез-тез сафар қилишлари ҳақида мақола чоп этган.

Кўплар Тожикистоннинг Афғонистонга яқинлиги, тил ва маданий ришталар уларни Душанбега етаклайди, деб ўйлашлари мумкин.

Аммо, мақола муаллифи Ярослав Трофимов Душанбега сафарлар ортида бошқа сабабларни кўрган.

Баъзи афғонлар Душанбега йўл олишаркан, яқинларига: "Ҳиндистонга кетяпман", дейишни кўришаркан.

Афғонлардан бири муаллиф билан суҳбатда Афғонистонда Тожикистон пойтахти обрўси яхши эмаслиги, афғон эркаклари у ерга қизлар учун боришади, деган фикр шаклланганини айтади.

Мақолада айтилишича, аёл ва эркак аралаш юрмайдиган, алкогол ичимликлар тақиқланган анчайин анъанадор Афғонистон учун қўшни Тожикистондаги мавжуд чекланган имкониятлар ҳам йирик кўринади.

Кобулдаги қурилиш ширкатларидан бири раҳбарининг муаллифга айтишича, одамлар Кобулда зериккан пайтлари: "Душанбега бориб келамиз", дейишар экан.

"Лекин, ҳеч ким у ерга кўк чой ичгани ё-да, тоза ҳаводан нафас олгани бормайди, ахлоқсиз нарсалар учун борадилар", дея давом этади у.

Душанбедаги ғарблик расмийлардан бирига кўра, жорий йил бошларида тайёрлов курсларига келган ҳукумат вакиллари гуруҳи ҳам илк сўраган савол қизларни қаердан топиш мумкинлиги ҳақида бўлган.

Ғарблик расмийнинг айтишича, у фоҳишабозлик Тожикистонда ноқонунуий эканини тушунтириш ва бир хонага икки кишини жойлаштириш билан муаммони ечишга мажбур бўлган.

Тожикистон сайёҳликни ривожлантириш қўмитаси раҳбари Давлат Ҳабибовга кўра, мамлакатга келувчи хорижликларнинг энг кўпини афғонлар ташкил қилади.

Улар ҳар бир виза учун 500 доллардан сарфлайдилар.

Жаноб Ҳабибовга кўра, руслар Тожикистонга чўққиларга чиқиш, ғарбликлар тоғларда яёв кезиш, афғонлар эса, кўнгилхушлик учун келадилар.

"Афғонлар севиб ташриф буюрадиган жойлардан бири - Kabul One деб аталувчи ресторан. Айтишларича, афғонлар у ерда ўзларини бадавлат ҳис қиладилар", дея давом этади мақола муаллифи.

Кобуллик ишбилармоннинг айтишича, тожиклар катта даромад манбаига эга бўлмаганлари боис пул олиб келувчи афғонларни хушқаршилайдилар.

Хориж тилида сўзлаша олмайдиган афғонлар учун ҳам Душанбе айни муддао: бир-бирларини тушунишга ҳеч бир мушкуллик йўқ.

Ҳатто, Тожикистонлик исломчилар ҳам афғон биродарларидан ўзларини имкон қадар узоқроқ тутишга ҳаракат қилишар экан.

"Душанбедаги Симин тунги клуби дарвозасида эса, у ерга келувчиларни видеога олмаслик ва зўравонликка қўл урмаслик юзасидан огоҳлантирилган ёзув бор. Ичкарида эса, калта кўйлак кийган қиз рақсга тушмоқда. Клубда ичкилик сотувчи Соҳиб Нурбаев афғонлар севиб буюрадиган коняк ва виски қўйиб беришда устаси фаранг бўлиб кетган", деб ёзади мақола муаллифи.

"Улар бизнинг тушимизга ҳам кирмаган пулларни сарфлайдилар", дейди у тажрибасини ўртоқлашаркан.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.