BBC navigation

'Бин Лодин' ортидан Тожикистон бозорларидан 'Путин' ҳам йўқолди

Сўнгги янгиланиш 2 ноябр 2012 - 10:22 GMT

Тожикистондаги бозор ва дўкон расталаридан кутилмаганда маҳаллий аҳоли орасида урф бўлган ва хорижий сиёсатчилар номига аталган матолар йўқолиб қолган

Тожикистондаги бозор ва дўкон расталаридан кутилмаганда маҳаллий аҳоли орасида урф бўлган ва хорижий сиёсатчилар номига аталган матолар йўқолиб қолган.

Энг қизиғи, сотувчилар бунинг сабабини ҳозир "Путин" урфда эмаслиги, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг ўлдирилгани ва "Медведев"нинг эса, Тожикистон бозорларида харидоргир бўла олмагани билан изоҳлашмоқда.

Аммо, гапнинг дангалига кўчадиган бўлсангиз, тужжорларга кўра, бунга бозорларни "сиёсийлаштирмаслик" ва матоларни номдор сиёсатчиларнинг исмлари билан атамасликка оид огоҳлантириш сабаб бўлган.

Лекин фақат Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бундан мустасно экан. Яъни бугун истаган харидор тожик бозорларидан "Имомали қошлари" ва "Имомали кўзлари"ни сотиб олиши мумкин.

Яқиндаги тожик модапарастлари орасида урф бўлган кузбоп матони сўрарканман, "Ельцин" ва "Горбачевнинг кўз ёшлари"ни эслайман. "Путин" ҳозир сотувда йўқ. Урфдан чиққан", дейди менга маҳаллий сотувчилардан бири Зебо.

Душанбе бозорида нима учун ёрқин қаҳварангдаги бу матонинг халқ орасида Россия президентининг номи билан аталиб кетганини ҳеч ким билмайди. Аммо бу матонинг ўзига хослиги - ранги, нархининг кишини чақадиган эмаслиги ва мустаҳкамлигида.

Аммо ҳар янги мавсумда бозору дўкон расталарида "Путин" номи остида пайдо бўлувчи матолар ўзгариб туради. Сотувчиларга кўра, "Путин" шарафига аталган бундан аввалги матолар ҳам ўзининг сифати, ишончлилиги ва тез сотилиб кетиши билан ажралиб турган.

Агар сўнгги огоҳлантиришга қаралса, сиёсатчиларнинг номларига қараб, мато танлайдиганларнинг бу йилги куз-қиш мавсумида ҳафсалалари пир бўладиган кўринади.

"Мен ўн йилдан буён бозорда латта-путта сотаман. Шунинг учун ҳамма матоларни беш қўлдек биламан", дейди Душанбе бозорларидан бирида сотувчилик қилувчи Насиба. - "Ельцин", "Горбачев кўз ёшлари", "Бин Лодин" ва албатта, "Путин"ни ҳам яхши эслайман. Таниқли одамларнинг исмлари билан аталган матолар тез сотилиб кетарди. Харидорларга эса, ўзларига зарур матони топишлари осон эди. Энди эса, бизга матоларимизни сиёсатчиларнинг номлари билан аташни тақиқлашди".

Сотувчиларнинг таъкидлашларича, бозор раҳбарияти билан сан-манга бормаслик учун, бу каби оғзаки буйруққа итоат этишга мажбурлар.

Оммабоп "Бин Лодин"

Матоларни таниқли сиёсатчилар, артистлар ва фильмлар номи билан аташ Тожикистонда қарийб анъанага айланиб улгурган

Тожикистон бозорларида сотилаётган аксарият матолар Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитойдан олиб келинади. Тожикистонга келтирилгунча исмсиз бўлган бу матоларга Душанбеда турли номлар ўйлаб топилади.

Матоларни таниқли сиёсатчилар, артистлар ва фильмлар номи билан аташ Тожикистонда қарийб анъанага айланиб улгурган. Бу харидорга матоҳингизни ўтказишнинг энг қойилмақом йўли.

Маҳаллий тужжорлар, шунинг учун ҳам, ўзларининг товарларига жарангдор ва тез ёдда қоладиган номлар ўйлаб топишади. Айниқса, халқнинг тилида бўлган номлар уларга ниҳоятда қўл келади.

Мисол учун, Тожикистонда россиялик сиёсатчиларга муносабат ўзгача. Шу боис бўлса керак, ўз вақтида уларнинг номлари билан аталган матолар Тожикистон бозорларида тиқилиб кетганди.

Аммо, дейлик, АҚШ президентлари ҳақида бундай деб бўлмайди: масалан, "Обама" тожик бозорларида ўз ўрнини топа олмади.

"Россия бизга яқин, тожиклар рус тилини тушунишади. Россия телеканалларини томоша қилишади. Шунинг учун ҳам, матоларнинг Россия сиёсатчилари номи билан аталишининг ҳеч бир ҳайратланарли ери йўқ, - дейди маҳаллий тадбиркор Хуршид Камолов. - Россияда яна миллионлаб тожик муҳожирлари ишлашади. Америка бўлса, биздан жуда йироқ".

Фақатгина қора рангли синтетик "Бин Лодин" матоси бундан мустасно. "Бин Лодин" оз вақтга бўлса-да, Тожикистон бозорларида россиялик сиёсатчиларни ортда қолдиришга муваффақ бўлганди.

Сарпонинг қиммати

Тожикистонда матоларга талаб катта. Дейлик, урф-одатларга мувофиқ, бўлажак келиннинг сепида қиммат ва кўзга ташланиб турувчи матолардан тикилган ўнлаб либослар бўлмаса, ҳисобга кирмайди.

Куёв томон ҳам келинга ўнлаб қимматбаҳо матолар ва тайёр либослар жўнатиши лозим кўрилади.

Никоҳ тўйидан кейин келиннинг 40 кун ана шу либосларда юриши жоиз кўрилади.

Шаҳарларда сал истисно бўлиши мумкин, аммо қишлоқларда бу анъанага қаттиқ амал қилинади.

Қиммат матоларнинг бир метри 50 АҚШ долларигача бориши мумкин. Битта либос учун 3 метр мато лозим бўлади.

Ўртача маош 80 АҚШ доллари атрофида бўлган Тожикистонда бу одамларни қанчалик қийин аҳволда қолдиришини англаб етиш учун эса, ортиқча тасаввурга берилишга ҳожат қолмайди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.