BBC navigation

Қурғоқчилик Қозоғистон буғдой ҳосилини ярмига камайтирган

Сўнгги янгиланиш 7 ноябр 2012 - 15:49 GMT

Қозоғистон буғдойи ва унининг асосий харидорлари Қозоғистоннинг қўшниларидир.

Қозоғистон расмийларига кўра, бу йилги қурғоқчилик туфайли ўзлари мўлжаллаганларидан деярли икки баравар кам буғдой ҳосили етиштирганлар.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бу йил мамлакатда 14 миллион 700 минг тонна буғдой ҳосили йиғилган.

Бу эса 2011 йилда қўлга киритилган рекорд даражадаги ҳосилнинг ярмидир.

Ўтган йили Қозоқ ғаллакорлари 26 миллион 900 минг тонна буғдой етиштирган эдилар.

Қозоғистон мамлакатда етиштирилган буғдой ҳосилининг ярмини экспорт қилади.

Қозоғистон буғдойи ва унининг асосий харидорлари қўшнилар - Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистондир.

Шунингдек, Қозоғистон буғдойи Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларига экспорт қилинади.

Бу йилги қурғоқчилик Россияда етиштириладиган буғдой ҳосилини ҳам камайтирган.

Россия расмий ҳисоб-китобларига кўра, жами 71 миллион 700 минг тонна буғдой ҳосили йиғилган, ўтган йили бу кўрсаткич 94,2 миллион тонна бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, бу йил Қозоғистонда кам буғдой етиштирилгани мамлакатнинг экспорт ҳажмига салбий таъсир кўрсатмайди, Қозоғистон омборларидаги заҳираларини ишга солиб, ўзи мўлжаллаганича буғдойни экспорт қила олиши мумкин.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.