BBC navigation

Қозоғистон пойтахтини шиша гумбаз остига оладиларми?

Сўнгги янгиланиш 8 ноябр 2012 - 12:43 GMT

Остонанинг маъмурий қисмини шаффоф гумбаз остига олиш таклифи ўртага ташланмоқда.

Қозоғистонда пойтахт Остонани шаффоф гумбаз билан қоплаш таклифи янгради.

Пойтахтлик меъмор ушбу лойиҳа шаҳарни совуқ ҳаводан ҳимоя қилиб миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилишини таъкидламоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонани 1997 йили пойтахт дея эълон қилган ва 15 йил давомида ушбу шаҳарни тиклашга миллиардлаб доллар сарфланган.

Танқидчилар мамлакатнинг нефтдан келаётган пуллари фақат пойтахтни гуллатишга сарфланаётганидан норозилик билдириб келишади.

Остоналик меъмор Евгений Невеличков шаҳарнинг маъмурий қисми жойлашган ва сўл қирғоқ, дея аталувчи макон устини шаффоф гумбаз билан қоплаш таклифини олға сураяпти.

"Экспресс К" газетасига берган интервюсида у, ушбу лойиҳа шаҳарни совуқ ҳаводан ҳимоя қилиб, қишнинг аёзли кунлари шаҳарга миллионлаб сайёҳларни жалб қилиши мумкинлигини айтган.

Меъморга кўра, ушбу гумбазнинг диаметри 2 чақиримни ташкил қилади ва унга асосан ҳукумат бинолари ва хос уйлар қурилган қисм кириши мумкин.

Агар гумбаз қурилса, Остонанинг сўл қирғоғи қишин ёзин бир ҳил 20 даража иссиқ бўлиб туриши мумкин. Яна бир бир жиҳати ушбу гумбаз қозоқларнинг миллий уйи - ўтовнинг шаклини қайтарар экан.

Меъморнинг ҳисоб китобларига кўра, ушбу гумбаз қоплама қозоғистонликларга 1 миллиард долларга тушиши мумкин. Аммо у ушбу пуллар энергияни тежаш ва шаҳарга сайёҳлар оқимининг кириб келиши билан қопланиши мумкинлигини айтади.

Остона Қозоғистоннинг энг совуқ шаҳарларидан ҳисобланади. Қиш кунлари бу ерда 40 даражали совуқлар одатий ҳолдир.

Ушбу ғоя жамотчилик ичида қизғин мунозаларга сабаб бўлган. Эътироз билдирувчилар аксари Остонага керагидан ортиқ пул сарфланаётганини ва ушбу таклиф амалдорларга қулайлик яратишдан бошқа нарса эмас деган қарашларни билдирган.

Мустақил Guljan.org порталининг журналисти Мирас Нурмуханбетов ана шундай қарашга эга журналистлардан.

“Амалдорлар аввалига пойтахтни анча илиқ бўлган Олма отадан Остонага кўчиришади. Энди эса улар ўзларига иссиқхона қуриб олишмоқчи. Эътибор беринг улар бутун шаҳарнинг устини ёпишмоқчи эмас, балки ўзлари ишлаб яшайдиган қисмни ёпишмоқчи”, - дейди Мирас Нурмуханбетов.

Журналист ушбу таклифнинг мустақил архитектордан чиқаётганига чалғимаслик кераклигини айтади. Унга кўра 2010 йили Назарбоевнинг президентлик муддатини узайтириш ҳақидаги референдум таклифи ҳам амалдорлардан эмас оддий ўқитувчилардан чиққан.

Остона шаҳар қурилиш ва меъморчилик бошқармаси ушбу таклиф борасида ҳозирча бирор изоҳ беролмаслигини билдирди.

Журналист Мирас Нурмуханбетов ушбу лойиҳани амалга ошириш учун бюджетдан пул олиниши мумкинлигини айтади.

“Остона қурилаётганда ҳам президент Назарбоев бюджетдан бир тийин ҳам олмаслигини атган эди. Аммо амалда эса айнан бюджетдан миллиардлаб танга сарфланганини кўраяпмиз. Қурилиш ташкилотлари ҳам ихтиёрий мажбурий равишда пул ўтказди”, - дейди Мирас Нурмуханбетов.

Пойтахт Остонада бунгача ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилган. 2010 йили британиялик меъмор Норман Фостернинг ижоди ўлароқ дунёдаги энг катта чодир Хон чодири қурилди.

Баландлиги 150 метрни ташкил қилувчи ушбу чодир кўнгилочар ва савдо маркази ҳисобланади ва унга бир кунда 25 минг одам ташриф буюради.

Остонаги меъморчилик ва муҳандислик ишлари билан шуғулланувчи “ВК Астана” ташкилоти бош меъмори Ермек Бекбўлатов шимолий қутбда жойлашган шаҳарларни ёпиш каби таклифлар шўролар даврида ҳам бўлганини айтади. Аммо ўша вақти ҳам ҳозир ҳам бу нарсани амалга ошириш деярли мумкин эмас, дейди у.

“Чунки бу каби қурилманинг ҳажми жуда катта ва қор кўп йиғилади. Жуда ҳам қийин лойиҳа. Хон чодири каби миқёсда қилиш мумкин, аммо бундан каттаси мумкин эмас. Ҳаттоки Хон чодири ҳам катта қийинчиликлар билан ёпилган ва у ерда ҳозир вақти- вақти билан сув ўтиб туради. Зотан у ерда энг замонавий, ҳаттоки фазода қўлланиладиган материаллар ишлатилган”, - дейди Ермек Бекбўлатов.

Меъморнинг илова қилишича, шаҳарни қоплаши мумкин бўлган шаффоф материални тайёрлаш жуда қимматга тушади. Кўрсатилган 1 миллиард доллар қурилиш бошланса ҳеч нарса бўлмай қолиши мумкин.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.