BBC navigation

Тожикистон: ҳижоб кийишнинг яхши ва салбий томонлари

Сўнгги янгиланиш 11 ноябр 2012 - 15:16 GMT

Душанбедаги Ислом институтининг талабаларини келин қилишга талабгорлар кўп.

Аёлларнинг ҳижоб рўмоллари Тожикистонда иш топишга жиддий тўсқин бўлиши мумкин, бироқ бошқа томондан намозхон қизларга тезроқ турмушга чиқишга ёрдам беради.

Аёл бошини ёпадиган ҳижобда юриши бўйсунувчанлик, ҳаё-одоб ва бокиралик белгиси саналади.

Тожик ҳукумати томонидан бир неча йил олдин мамлакат ўқув юртларида ҳижоб ўраб келиш тақиқланганига қарамасдан, Тожикистонда ҳижоблик аёл ва қизларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Мамлакатда исломийлашган қатлам айниқса пойтахт Душанбе, унга яқин жойларда, Сўғд ва Хатлон вилоятларида кучли сезилади.

Исломга қизиқишнинг кучайиб бораётганлиги боис, кўпчилик ота-оналар фарзандларини диний руҳда тарбиялашни маъқул кўришмоқда. Диний байрамлар эса давлат миқёсида нишонланмоқда.

Бироқ, ўтказилган сўров натижалари кўрсатадики, динга берилувчанлик доим ҳам кўнгилли равишда амалга ошмайди.

Диний уламолар билан баҳслашиш мумкин эмас

Тожикистоннинг бош масжиди Душанбе шаҳрининг қоқ марказида жойлашган. Намоз вақти кирганда одам жуда кўп бўлсада, улар орасида аёллар кўринмайди. Бир неча йил олдин мамлакат Олий ислом кенгаши аёлларни масжидларга боришдан қайтарган, диний уламолар аёлларнинг масжидда кўринишлари мутлақо тўғри келмаслигини айтишади.

Ислом университетининг аёллар бўлими талабаси бу қарорга қўшилмайди, бироқ уни изоҳлашни ҳам хоҳламайди. Нуфузли дин пешволарининг фикрларига қарши баҳслашиш айниқса мусулмон аёллар учун қабул қилинмаган.

Ислом институтида 200 дан ортиқ аёллар таълим олишади. Уларнинг аксарияти ўқишга ўз ҳоҳиши билан, баъзилари ҳатто яқинларининг қаршилигига қарамасдан келган.

"Менинг ота-онам Ислом институтида ўқишимни хоҳлашмаган, лекин мен ўз фикримда қаттиқ турдим, - дейди Зарина Ўринова деган талаба қиз.- Мен диний билим олишни, диний қадриятларга риоя қилиб яшашни жуда хоҳлайман".

Аёллар ва эркаклар алоҳида ўқитилади. Синф хоналар шундай жойлашганки, кун давомида улар бир-бириларини кам кўришади. Бу ўқув юртида бошқа ўқув даргоҳларидан фарқли ўлароқ, ўқувчи қизлар ҳижобда бемалол кела оладилар.

Бу ерда ўқиш шарафли

Ислом динининг муқаддас китобларини ўқиш- Ислом институтининг асосий фани ҳисобланади.

"Мусулмон анъаналарига биноан, аёлни мажбурлаб турмушга узатиш, ишлаш ва ўқишни тақиқлаш мумкин эмас. Бу миллий ёндашув бўлиши мумкин, лекин ҳеч ҳам Исломники эмас. Бундай тақиқлар - ислом тартибларини бузиш ҳисобланади",- тушунтиради имом-хатиб Салоҳиддин Мирзоев.

Институтда шартнома бўйича ўқиш учун йилига 500 доллардан ортиқ тўлаш керак. Мамлакатда ўртача ойлик ойига атиги 80 долларни ташкил этади.

Мамлакатда диний билим олишга қизиқиш ортиб, тобора кўпроқ аҳоли орасида нуфузли бўлиб бормоқда.

Ёшига қараб ажратилмаган синфларда 10-15 тадан ўқувчи бор. Бир синфда жуда ёш қизалоқлар, ўрта мактабни тугатмаган қизлар ва оиласи бор аёллар ҳам бирга ўқиши мумкин.

Ҳижоб ва турмушга чиқиш

Зарина Ўринова келажакда ислом тарихи ўқитувчиси бўлишни хоҳлайди, фақат бўлажак турмуш ўртоғи рухсат берса.

"Ислом аёлга ишлаш ва ўқиш ҳуқуқини берса ҳам, буни эрининг рухсати билан қилиши керак. Турмуш ўртоғимнинг сўзи мен учун қонун бўлади. Мен унинг иродасига бўйсунишим керак",- дейди талаба қиз.

Институни битиргач, қизлар ўқитувчи ва таржимон бўлишлари мумкин, бироқ, уларнинг кўпчилиги қабул қилинганидек, эрга тегади ва уй бекаси бўлиб қолишади.

Ислом институтининг ўқитувчиси Мулкия Насриддинованинг айтишича, унинг талабаларини камтарлиги ва диний билимларни билгани учун қадрлашади.
"Бизнинг қизлар жуда тез турмушга чиқишади. Ҳижоблик қизларни олишни хоҳловчилар жуда кўп. Бу ерга оналар махсус келиб ўғиллари учун келин танлашади. Бу қизлар камтар, бокира, пардоз-андоз қилишмайди ва диний меъёрлар билан яхши таниш ҳисобланишади",- таъкидлайди ўқитувчи Мулкия Насриддинова.

Диний ўқув даргоҳининг ҳамма талаба қизлари муваффақиятли оила қуришни хоҳлашади, чунки кўр тожик аёллари оила муҳим ҳисобланади.Бироқ, совет даврларидан фарқли равишда ҳозир оила қуриш учун кўпроқ жуда ёш, ўқимаган қизларга эътибор қаратишади.Шунинг учун Тожикистонда эрта никоҳлар кенг тарқалган.
"Менинг қизим шу йил мактабни тугатди. Биз унинг Россияга ишлашга кетган қаллиғи келишини кутяпмиз ва ёшларни бошини қовуштириб қўямиз. У ўқишини давом эттиришини сўради, бироқ кейин турмушга чиқиш жуда қийин бўлади. Жуда бўлса, иккинчи хотин бўлиб эрга тегиши мумкин. Ҳозир ёш қизлар жуда кўп. Қишлоқ жойларда асосан 16-17 ёшда эрга бериб юборишади. Одат шундай, аёлларнинг ўқиши муҳим эмас", - ҳикоя қилади Тожикистон шарқидаги қишлоқ аёли Савринисо.

Ишга ҳижобда?

Ислом институтида қизчалар ҳам, катта аёллар ҳам ўқишади

Талабаларнинг айтишича, улар тез-тез ишга жойлашиш муаммоларига дуч келишади. Диний ўқув юртини битирганларни бошидаги ҳижоби учун ишга олишлари жуда қийин. Уларга ёки ҳижобни ташлаш, жуда бўлмаганда анъанавий тожик рўмоли ўрашни таклиф қилишади.

"Мен ўқишни битирганимдан сўнг араб тили таржимони бўлмоқчиман. Лекин ҳижобни тақиқлашгани учун, иш топиш муаммосига дуч келишимдан қўрқаман. Лекин жуда омадли таклиф бўлганда ҳам мен ҳижобни ташламайман",- дейди Ислом институтининг талабаси Амина Саидали.

Паранжи ва узун қора халат - Марказий Осиё аёллари учун анъанавий эмас. Тожикистонда аксарият аёллар, айниқса қишлоқ жойларида бошларига рўмол ўрашади.

"Охирги пайтларда биз ҳукуматни диндорларнинг ҳуқуқларини паймол қилаётганликда айблаймиз. Лекин давлат хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакатдаги вазиятни, жумладан диний ҳаётни ҳам назорат қилиб туриши лозимлигини унутамиз. Бошқа томондан, бошига рўмол ўрамаганларнинг ҳам ҳуқуқлари ҳақида гапиришимиз керак. Улар охирги пайтларда радикал қарашдаги диний мутаассибларнинг тазйиқларига дуч келмоқдалар",- дейди ҳуқуқ фаоли Марям Давлатова.

Тожикистон Хотин -қизлар қўмитаси ўтказган тадқиқот натижаларига биноан, 45 фоиз тожик аёллари ўз ҳоҳишига кўра, бошига рўмол ўраган. Айни пайтда 55 фоиз иштирокчи эри, ота-онаси, ака-опалари сўровига биноан рўмол ўрашганини айтишган.

Одатдаги кийиниш тарзидан кечишга уларни оилани сақлаш нияти мажбур қилади.

Сўровларга кўра, 7 фоиз аёл эса диний қарашлари учун эмас, модага эргашиб ёки Тожикистонда машҳур бўлган хориж телесериаллари қаҳрамонларига тақлидан ўрашгани маълум бўлган.

Тожик ҳукумати ваҳҳобийлик оқимини эслатиб турувчи қора рангли паранжи ва ҳижобларни аёллар кийишини ёқламайди. Бунга қарши ҳукумат "дунёвий аёл образи" кампаниясини бошлаган.

Бу борада мамлакат президенти Эмомали Раҳмон ўз фикрини айтиб, аёлларни юзини тўлиқ ёпадиган қора паранжи кийишдан қайтарган. Ўшандан буён маҳаллий ҳукумат фуқаролар нима кияётганига диққат қаратиб келади.

Шу билан бирга Душанбеда исломий кийимлар сотадиган дўконлар ошиб бормоқда. Сотувчиларга кўра, ҳижоб ва паранжиларни сотишда муаммолар йўқ.

Тожикистонда дин давлатдан расман ажратилганига қарамасдан, ҳукумат мамлакатдаги диний ўқув юртлари ва масжидларнинг ишига фаол аралашади.

Расмий Душанбе Тожикистонда анъанавий бўлмаган диний оқимлар ва радикал кайфиятдаги диний гуруҳлар кучайиб кетишидан хавотир олади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.