BBC navigation

Қозоғистон БМТ инсон ҳақлари кенгаши аъзолигига сайланди

Сўнгги янгиланиш 13 ноябр 2012 - 16:41 GMT

Қозоғистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо этиб сайланган. Ҳукумат ушбу сайланишни мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг халқаро миқёсда эътироф этилиши дея баҳолади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистон инсон ҳуқуқлари борасида аҳвол ночор эканлигини таъкидлашади. Мухолифат сиқувга олинган, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар озодликдан маҳрум қилинганлиги айтилади.

Ташқи ишлар вазирлиги веб-саҳифасида айтилишича, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига бўлган сайловда Қозоғистон номзодини 187 давлат қўллаб-қувватлаган ва мамлакат илк маротаба ушбу кенгашнинг аъзосига айланган.

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу кенгашга аъзо этиб сайланиши Қозоғистоннинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан дарак деган.

“Мамлакатимиз БМТнинг йирик ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тизимига сайланиши Қозоғистонда умумий ҳуқуқлар ва инсон эркинликлари ҳимоя қилинаётганини тан олиш билан тенг”, - дейилади баёнотда.

Қозоғистоннинг ушбу қўмитага сайланишини мамлакат ичида турлича қарши олинди. Веб-саҳифаларда қолдирилаётган изоҳларнинг киноя билан ёзилганини кузатиш мумкин.

Изоҳ қолдирувчилар инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузувчи мамлакат қандай қилиб ушбу қўмитага сайланиши мумкинлигини сўраганлар.

Бир неча йилдан бери рўйхатдан ўта олмаётган мухолифатдаги “Азат” умуммиллий социал демократик партияси лидерларидан Бўлат Абилов Қозоғистоннинг бундай нуфузли ташкилот аъзосига айлангани қувончли хабар бўлиши кераклигини, аммо иккинчи томондан ушбу номга давлат амалга ошираётган ишлар лойиқ бўлиши кераклигини айтади.

“Давлат инсон эркинликлари ва ҳуқуқларига амал қилиши керак. Аввало Қозоғистон имзолаган халқаро ҳужжатларга амал қилиши лозим. Аммо биз ушбу қоидаларга амал қилинмаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Сизга яққол мисол - Жанаўзендаги намойиш иштирокчиларига нисбатан қуролдан ўт очилиши ва ундан кейин бўлиб ўтаётган маҳкамалар. Ушбу маҳкамалар инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганидан ва адолатсиз маҳкамалардан далолат беради”, - дейди Бўлат Абилов.

Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бюро раҳбари Евгений Жовтис мамлакатнинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши иложсизликдан дарак беришини айтади.

“Кенгаш 47 давлатдан ташкил топади ва ҳар бир давлат 3 йилга сайланади. Ҳар бир минтақадан маълум давлатлар сайланади. Осиёдан 13 давлат сайланади ва улар яна қайтиб, икки муддатга ушбу Кенгашга сайлана олмайди. 2006 йилда сайланган давлатлар фақат икки муддатдан кейин 2015 йили қайта сайланиши мумкин”, - дейди Евгений Жовтис.

Жовтис жаноблари ушбу чеклов инсон ҳуқуқлари борасида салбий обрўга эга давлатларни ҳам Кенгашга аъзо қилишга олиб келишини билдирди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси инсон ҳуқуқларига амал қилиш танқидларга сабаб бўлувчи Хитой, Саудия Арабистони, Куба ва яқинда ҳукуматдан ағдарилган Муаммар Қаддафий бошчилигидаги Ливия давлатлари ҳам ушбу кенгаш аъзоси бўлганини айтади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгаши 2006 йилнинг 19 июн куни ташкил топган. Кенгаш бунгача мавжуд бўлган БМТнинг исон ҳуқулари Комиссияси ўрнига вужудга келган.

1946 йилда ташкил топган Комиссия ўз таркибига инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузувчи давлатларни ҳам аъзо қилавергач, ўз обрўсини йўқотган ва 2006 йили тугатилган.

Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бюро раҳбари Евгений Жовтис Қозоғистонда инсон ҳуқуқларига амал қилиш қониқарли аҳволда эмаслигини айтади. Мамлакатда қайсидир маънода инсон ҳуқуқларининг ҳимояси билан шуғулланиш, мухолиф партиялар тузиш ва мухолиф қарашларни изҳор этиш мумкинлигига қарамай, Қозоғистон инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи давлат ҳисобланади.

“Бироқ ушбу элементлар чекланган бир озодликнинг чекланган бир кўринишидир. Қозоғистон эрксиз бир давлат. Қозоғистон фуқаро эркинлиги бўйича асосий сиёсий ҳуқуқларга оид мажбуриятларни бузувчи мамлакат ҳисобланади”, - дейди Евгений Жовтис.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.