BBC navigation

Туркманистон дунёдаги иккинчи йирик газ конини ишга туширмоқда

Сўнгги янгиланиш 17 ноябр 2012 - 10:09 GMT

Туркманистон ҳудудида жойлашган конлардаги жаъми газ ҳажмининг 13.1 триллион кубометр экани тахмин этилади

Туркманистон келаси йилдан бошлабоқ "Галкиниш" конидан газ қазиб чиқаришни йўлга қўймоқчи ва уни АҚШнинг кўмагида янги таъминот йўллари орқали Оврўпою Осиёга етказмоқчи. Россия эса, бунга қарши.

Бу ҳақда ўз исм-шарифини ошкор этмаслик шарти билан туркманистонлик юқори мартабали мулозим билдирган.

Туркманистон қуришни режалаётган иккита янги газ қувуридан биттаси Покистон орқали Ҳиндистонгача боради.

Иккинчиси Каспий денгизи оша Оврўпо Иттифоқи ҳудудларигача узанади. Бу иттифоққа аъзо давлатларни Россия газига қарамликдан қутқаради.

Туркман мулозимининг сўзларидан аён бўлишича, ҳозир учта газни қайта ишлаш корхонаси қурилмоқда.

"Улардан иккитаси январ ёки феврал ойларигача битиб қолади ва биз конни тўлиқ ишга туширишимиз мумкин бўлади", дейди у.

British Petroleum ширкатининг маълумотларига қаралса, Туркманистон Россия, Эрон ва Қатардан сўнг дунёда тўртинчи йирик газ захираларига эга.

Туркманистон ҳудудида жойлашган конлардаги жаъми газ ҳажмининг 13.1 триллион кубометр экани тахмин этилади.

"Галкиниш" кони жаҳонда кўпроқ ўзининг эски номи - "Жанубий Ёлотон" билан танилган.

Жорий пайтда Хитойнинг CNPC, ДЎбайда жойлашган Gulf Oil & Gas Fze, Лондонда рўйхатдан ўтган Petrofac ва Жанубий Кореянинг LG International Corp and Hyundai Engineering Co. ширкатлари уни ўзлаштириш ишлари билан шуғулланишмоқда.

'Ҳаракатингни қил'

Ўз томонидан Оврўпо Иттифоқи ҳам Туркманистон ва Озарбайжон билан Каспий денгизи орқали ўтувчи газ қувурини қуриш масаласини муҳокама этмоқда.

Иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича вакиласи Патрисия Флор расмий Ашхободни "газ ҳажми ва нархини белгиб берувчи тужжорий шартнома юзасидан ўз ширкатлари билан келишиб олишга ундаган".

"Бу каби шартноманинг имкон қадар тезликда имзоланиши ниҳоятда муҳим. Жаҳон бозорларидаги вазият беқарор. Сўз энергия бозорлари ҳақида кетганда, бу каби битимларнинг узоқ муддатли бўлишини назарда тутиш зарур", дейди у.

Туркманистон томони эса, газнинг транзити ва ҳажми борасида ўзларига аниқ кафолатлар берилишини истайди.

"Биз бу масала хусусида манфаатдор томонлар билан аниқ бир тўхтамга келишимиз лозим", дейди туркман мулозими.

Унинг айтишича, мамлакати йилига 30 миллиард кубометр газ етказиб беришга тайёр.

Москва нима дейди?

Россия томони Оврўпо бозорида Каспий денгизидан газ қазиб чиқарувчи давлатлар ўртасидаги эҳтимолий рақобатдан яхши огоҳ.

Расмий Москва, шу боис ҳам, Каспий денгизи оша 300 километрлик янги газ қувурини қуриш режаларига ҳам қаршилик қилиб келади.

Каспий денгизини бўлишувчи беш давлатдан бири бўлган Россиянинг айтишича, унинг қонуний мавқеи ҳали белгилаб олинмаган ва лойиҳа шундоқ ҳам саёз бўлган денгизнинг нозик экосистемасини хавф остига қўяди.

Россия яқин-яқингача туркман газининг асосий харидори бўлиб келган. Аммо ўтган икки йил ичида Туркманистондан газ сотиб олишни кескин камайтирган.

Бунинг натижасида, Туркманистон қазиб чиқараётган газ ҳажми йилига 75 миллиард кубометрдан 59.5 миллиард кубометрга тушиб қолган.

Эрон ва Хитойга ҳам газ экспорт этувчи Туркманистон 2030 йилгача йиллик газ қазиб чиқариш ҳажмини 250 миллиард кубометрга етказмоқчи.

Марҳум президент Сапармурот Ниёзовдан фарқли тарзда, президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг АҚШ билан муносабатлари яхши.

Америка томонига кўра, Озарбайжон ва Туркманистон Каспий денгизининг фақат ўз ҳудудлари орқали ўтувчи газ қувури масаласида келишиб олишса, бунга ҳеч бир давлатнинг вето қўйишга ҳаққи йўқ.

Аммо, Афғонистондаги вазият сабаб, Покистон ва Ҳиндистонга қадар узанувчи TAPI газ қувурини қуриш осон бўлмайди.

Туркманистонлик мулозимга кўра, агар қуриб битказилса, янги газ қувури келаси 30 йил ичида бир триллион кубометр газни таший олади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.